Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Сентябр, 2024   |   16 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:49
Қуёш
06:08
Пешин
12:22
Аср
16:37
Шом
18:28
Хуфтон
19:42
Bismillah
19 Сентябр, 2024, 16 Рабиъул аввал, 1446

Қарзни инкор қилишнинг ёмонлиги

15.11.2020   3715   4 min.
Қарзни инкор қилишнинг ёмонлиги

Ҳожати тушганда ўзини хору зор тутиб, синиқлик кўрсатиб, ялиниб-ёлвориб юрган одамлардан баъзилари иши битиб, ҳожати раво бўлганидан кейин қарзни инкор қилиш даражасигача етиб бормоқдалар. Танишлардан бирининг айтишича, бир одам бошқасидан ялиниб юриб қарз олган. Иши битгач, қарзни қайтармай чўзиб юрган. Қарз берган одамнинг ўзига пул керак бўлиб, қарзни қайтаришини сўраб борган. Аввалига «Кейинроқ келинг», деган жавобни олган. Кейин алдаш давом этган. Охири бориб, «Мен сендан қарз олганим йўқ, яна келсанг, миршабларни чақириб, менга туҳмат қиляпти, деб қаматвораман», дейишга ўтган.

Интернет орқали менга бу борада келадиган саволлардан бирини эътиборингизга тақдим этишга рухсатингизни сўрайман:

«Ассалому алайкум, ҳурматли шайх Ҳазратлари!

Менинг саволим қуйидагича: бундан 4 йил олдин мен бир яқин танишимга катта миқдорда пул берганман. Албатта, қарз сифатида. У менга «10 кунда қайтараман», деб айтган эди. «Тилхат ёз», десам, у менга: «Худо бор-ку, 10 кунда бераман», деганди. Мен ҳам Худони тилга олгани учун ишондим. Мана, 4 йил бўлдики, ҳануз қайтармади. Лекин маълум қисмини, озгинасини қайтарган. Бир неча бор уйига бордим. «Қайтараман», деб алдаб келди. Мен ундан қарзни суд орқали қайтариб олмоқчи бўлдим ва ИИБ ходимларига мурожаат қилдим. Уларнинг олдида: «Мен пул олганим йўқ, олган бўлсам, Худо урсин», деб қасам ичди. Менинг эса Худодан бошқа гувоҳим йўқ. Шунинг учун сизга мурожаат қилмоқдаман. Илтимос, менга маслаҳат беринг. Олдиндан катта раҳмат».

Бунга ўхшаш мактублар жуда кўп. Баъзи одамлар бировнинг ҳақини еб кетишдан мутлақо қўрқишмайди. Бир одам ўзининг молидан ўзига ишлатмасдан, муҳтож бўлиб турган кишига бериб, унинг мушкулини осон қилса-ю, муҳтож одамнинг иши битиб, муҳтожлиги кетгач, «Мен сендан қарз олганим йўқ», деб тониб кетса! Бундан ёмон, бундан пасткаш одам борми дунёда?!

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (29-оят).

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик, қарзни инкор қилиш каби ишлар киради.

Бир-бирининг молини ботил йўл билан ейиш одати бор жамиятлар ўзини ўзи ҳалокатга олиб борганини ва бораётганини ҳамма кўриб-билиб турибди. Умуман, Аллоҳнинг айтганидан чиқиш, Унга маъсият қилиш ҳалокатга элтиши аниқ эканига шубҳа йўқ. Жумладан, ботил йўл билан мол ейиш ҳам катта маъсият сифатида ҳалокатга сабаб бўлади. Шунинг учун бундай жамиятларнинг аъзолари ҳам қарз эгаси тарафида бўлишлари, қарзни инкор қилаётган нобакорга қарши туришлари, қарз эгасига ўзининг ҳалол мулкини қайтариб олишида ёрдамчи бўлишлари лозим.

Шу билан бирга, қарздан тонаётган тараф билиб қўйсинки, охиратдаги ашаддий азобларнинг устига бошқа нарслар ҳам мавжуд.

Муовиянинг мавлоси Қосимдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ким адо қилиш нияти билан қарз олса, уни адо қилишга қатъиятли бўлиб туриб, қарзни адо қилмасидан олдин ўлса, албатта, Аллоҳ таоло унинг талабгорини Ўз ҳузуридаги истаган нарса билан рози қилишга қодирдир. Вафот этганни ҳам мағфират қилади. Ким адо қилмаслик нияти билан қарз олса ва ўша ҳолида, қарзини адо қилмай ўлиб қолса, унга «Сен фалончининг ҳақини сендан тўлиқ олиб бермаслигимизни гумон қилганмидинг?» дейилади. Унинг яхшиликларидан олиниб, қарз эгасининг яхшиликларига зиёда ўлароқ қўшилади. Агар унинг яхшиликлари бўлмаса, қарз эгасининг ёмонликларидан олинади ва қарздорнинг ёмонликларига қўшилади». Байҳақий ривоят қилган.

Нияти бузуқнинг ҳоли шу бўлса, қарздан тониб ўтиб кетганнинг ҳоли қандай бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.

Аввало қарз олишгача бориб қолмаслик чорасини кўриш керак. Мабодо қарз олишга эҳтиёж тушганда ҳам, яхши ният билан «Аллоҳ таолонинг ёрдамида албатта қарзимни узаман», деган ниятни қилиб, уни амалга ошириш учун ғайрат қилиш лозим. Ана ўшанда Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлади, ишлар яхшиликка бурилади. Яхши ният ёр бўлади. Аммо киши ишни ёмон ният билан бошласа, ёмон нияти ўзининг бошига етади. Қарзини узмай ўтиб кетганидан кейин ҳам қутула олмайди. У дунёда Аллоҳ таолонинг Ўзи унинг жазосини беради.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Қарз ва унга боғлиқ масалалар китобидан)

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Инсонлар дардига малҳам бўлиш – улкан саодат!

18.09.2024   1205   1 min.
Инсонлар дардига малҳам бўлиш – улкан саодат!

Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фуқароларни қабул қилиш куни этиб белгиланган. Ушбу хайрли анъана Рабиул аввал (мавлид) ойида ҳам қизғин давом этмоқда. 


Бугун, 18 сентябрь, фазилатли чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов Диний идорага мурожаат ва таклифлар билан келган фуқароларни қабул қилди.


Қабулда юртимизнинг турли ҳудудларидан, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент, Андижон,  Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридан келган ҳар бир фуқаронинг шаръий масала, умра сафари, диний таълим, Қуръон курслари ва моддий ёрдам каби масалалардаги арз, муаммо ва таклифлари тингланди ва уларнинг ечими бўйича амалий чоралар кўрилди.


Хусусан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди. Масжид ва имомлар фаолияти, диний таълим ва умрага оид мурожаатлар кўриб чиқиш учун Идора бўлимларига тегишли вазифалар юкланди.


Самимий қабулдан мамнун бўлган фуқаролар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятига ўз ташаккурларини изҳор этдилар.


Бу каби қабул жараёнлари ҳафтанинг ҳар чоршанба куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликларида ҳам амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати

Инсонлар дардига малҳам бўлиш – улкан саодат! Инсонлар дардига малҳам бўлиш – улкан саодат! Инсонлар дардига малҳам бўлиш – улкан саодат! Инсонлар дардига малҳам бўлиш – улкан саодат! Инсонлар дардига малҳам бўлиш – улкан саодат! Инсонлар дардига малҳам бўлиш – улкан саодат! Инсонлар дардига малҳам бўлиш – улкан саодат!
Ўзбекистон янгиликлари