Ватан меҳри аввало инсоннинг ўз оиласи, уйи, маҳалласи ҳамда туғилиб ўсган юртига меҳр муҳаббатдир. Ватанга муҳаббат юксак инсоний фазилатлардан экани кўп зикр этилади. Бу ҳақда “Ватанни севмоқ имондандир”, дейилган ҳикматни эсга олиш кифоядир. Ватанни севиш инсонга хос табиий туйғудир.
Ватан (араб. – “она юрт”) кишиларнинг ўзи яшаб турган, авлод
ва аждодлари туғилиб ўсган, миллати шаклланган жой, ижтимоий муҳит, мамлакат. Ватан бир-бирини тақозо этувчи (уй, маҳалла, шаҳар, қишлоқ, мамлакат каби) бир қатор ҳудудларни ўзида ифодалайдиган, ижтимоий муҳит ва инсон, унинг ҳаёти каби кўплаб маънавий тушунчаларни ўз ичига олади, авлодлар туғилиб ўсган ва камол топган жой, замин, ўлкани англатади. Шу боисдан Ватан бу – бир замин, ўлкада яшаётган кишиларни миллати ёки динидан қатъи назар, бирлаштирувчи ижтимоий тушунчадир.
Мусулмон мутаффакири, тарихчи олим, ўз даврида Қоҳира шаҳрида шариат олий қозиси лавозимида ишлаган Ибн Халдун “Ватан – бу инсоннинг туғилиб ўсган ери, унинг гўдаклик чоғиданоқ меҳр қўйган ўчоғидир” деб таъриф берган.
Қуръони каримда бир инсонни ўз Ватанидан жудо қилиш оғир гуноҳ сифатида қайд этилиши Ислом динида унга юксак мақом берилишидан далолат қилади: “Эсланг, (эй, Исроил авлоди,) сизлардан “Бир-бирларингизнинг қонингизни тўкмайсиз, ўзларингизни (бир-бирларингизни) юртингиздан бадарға қилмайсиз”, деган аҳдингизни олган эдик. Сўнгра ўзларингиз гувоҳлик бериб, уни эътироф ҳам этган эдингиз” (“Бақара” сураси, 84-оят)”.
Мўмин-мусулмонларга Ватанни севиш Муҳаммад алайҳиссаломдан мерос ҳисобланади. Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Макка шаҳридан Мадина шаҳрига чиқиб кетаётганларида тўхтаб, орқаларига қараб: “Қандай ҳам яхши шаҳарсан! Қандай ҳам менга севимлисан! Агар қавминг мени сендан қувмаганида сендан бошқа жойда яшамас эдим”, - деб ноиложликдан Ватанни тарк этишга мажбур бўлганларини изҳор этганлар (Имом Термизий, 3926-ҳадис).
Имом Бухорий “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” тўпламида Абу Бакир Сиддиқ ва Билол ибн Рабоҳ Мадина шаҳрида иситмалаб қолиб, юртларини соғинчларини армон билан баён қилганликлари, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан Мадинани Макка каби маҳбуб этишни сўраб дуо қилганлари ҳақида ҳадис ривоят қилинган.
Ушбу ҳадис икки буюк саҳоба Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларида юриш, ваҳийлардан баҳраманд бўлишга мушарраф бўлишлари баробарида Ватанини соғиниб яшаганларидан далолат беради.
Атоқли олим ва адиб, улкан давлат арбоби ва саркардаси, ислом мутафаккири Алихонтўра Соғуний “Ватан ва илм ёки етти юлдуз” номли шеърида қуйидагиларни ёзган:
Ватан асли сенингдур Ўзбекистон,
Ўғиздан қолмиш эрди бу гулистон.
....
Ватанни дўст тутиш иймонидин эрмиш,
Онингчун Ҳақ расулидин нақл бўлмиш.
Ватанни севмаганлар биздан эрмас,
Буни ким билмаса иймонга кирмас.
Ватан инсон учун муқаддас туйғу бўлиб, ўз-ўзидан уни севиш ва ардоқлашга, жонни фидо қилиб ҳимоя қилишга лойиқ ҳисобланади.
Ватанпарварлик – Ватанга нисбатан садоқат, унга хизмат қилиш, юрт тинчлигини асраш, равнақи учун фаол бўлишга ундайдиган ижтимоий, маънавий-ахлоқий фазилатдир. Унинг мазмуни – Ватанга меҳр-муҳаббатли ва содиқ бўлишдан, юртнинг ўтмиши ва ҳозири учун фахрланишдан, мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишга интилишдан иборат. Ватанпарварлик ота-боболардан мерос колган заминни севиш, халқ урф-одатларини, қадриятларини асраш ва ривожлантириш, ўз она-Ватанини душманлардан, ёт ва бегона ғоялардан ҳимоя килиш, унинг озодлиги ва мустақиллиги учун жонини ҳам аямасликни назарда тутади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасига кўра: “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир”. Шунингдек, Бош Қомуснинг 49-моддасига “Фуқаролар Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий ва маданий меросини авайлаб-асрашга мажбурдирлар”, деб қайд этилган.
Ватанни ардоқлаш азалдан ўзбек халқига хос хусусият бўлиб келган. Қадимда юрт учун донғи кетган Форс қўшинини маҳв этиш мақсадида жонини фидо қилган оддий массагет чўпон йигити Широқ, Малика Тўмарис ва бошқа юзлаб фидоийлар ватанпарварикнинг юксак намунаси ҳисобланадилар.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 29 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табрикларида таъкидлаганларидек: “Бугун дунёнинг олис ва яқин минтақаларида мураккаб можаро ва тўқнашувлар давом этаётган бир пайтда жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларимизни янада самарали ташкил этишимиз шарт”.
Ватанни сергак қўриқлайдиган ва ҳимоя қиладиган юрт ҳимоячилари ҳақида гап кетганда Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас. Бири бу, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб (ухламаган) кишини”, - деб марҳамат қилганларини (Сунани Термизий, 1639-ҳадис) қайд этиш жоиз.
Буюк аждодлардан бири, тасаввуфнинг кубровия таълимотига асос солган Нажмиддин Кубро мўғуллар истилоси даврида душман томондан яшаб турган шаҳрини ташлаб чиқишга рухсат берилганига қарамай, лашкарни ёвга қарши жангга бошлаб кириш оқибатида қаҳрамонларча ҳалок бўлган.
Жумҳур уламолар ватанпарварлик оддий шиор ёки ҳис-туйғу эмас, балки қуйидаги хайрли амал ва ибратли ишларда ўз ифодасини топиши лозим эканини таъкидлайдилар:
- Ватан ҳаққига бор яхшиликларни тилаб дуо қилиш;
- жамиятда аҳилликни кучайтириш йўлида ҳаракат қилиш (силаи раҳм, қўшниларга яхшилик, ўзаро ёрдам, бир-бирларга яхшиликни соғиниш, салбий ахлоқ ва ижтимоий иллатлардан сақланиш ва ҳ.к.);
- Ватан салоҳиятини ошириш ва уни муҳофазаси учун жонкуярлик қилиш (Ватан мулкини авайлаб-асраш, унинг юксалиши учун ҳалол меҳнат қилиш, ўзини бағишлаш, бу йўлда тамаъ яқинлаштирмаслик ва ҳ.к.);
- Ватан эрки, ҳудуди ёки обрўсига қарши фикрий ёки ҳарбий ҳужумга қарши мудофаада туриш.
Иккинчи жаҳон уруши даврида 538 мингдан зиёд ўзбекистонликлар Ватан ҳимоясида мардларча ҳалок бўлган. 158 мингдан кўпроқ ҳамюртимиз урушда бедарак кетган. 200 мингдан зиёд ўзбекистонликлар жанговар давлат мукофотлари билан тақдирланган. Улардан 301 нафари Қаҳрамон унвонига, 70 нафари учта даражадаги “Слава (Шуҳрат)” орденига сазовор бўлган.
Юқорида қайд этилганлар ватанпарварлик, юрт ҳимояси муҳим ва муқаддас бурч, улкан савоб экани, шунингдек, бундай фазилатга эга бўлиш мусулмонларнинг асосий хусусиятларидан бири эканидан далолат қилади.
Аксинча, қадимдан ўзбек халқи ватанфурушликни қаттиқ қоралайди. Бундай ҳаракатлар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин: мамлакат манфаатларига хиёнат килиш, ўз шахсий манфаатларини кўзлаб иқтисодий, сиёсий ва бошқа жосуслик фаолияти билан шуғулланиш, душман томонига ўтиб ўз халқи, мамлакатига қарши кураш олиб бориш, қўпорувчилик ишлари билан шуғулланиш, турли диний мутаассиб ва экстремистик ғоялар таъсири остида оиласи, Ватанидан воз кечиш, киндик қони тўкилган заминга нисбатан бўҳтон ва иғво тарқатиш ва ҳоказолар.
Ватанфурушлик заминида моддий, сиёсий ёки бошқа кўринишдаги шахсий манфаатлар ётади. Тарих далолат берадики, ватанфурушлар ҳамма вақт ўз юрти ва халқининг нафратига дучор бўлган.
Ислом таълимотида Ватанга хиёнат қаттиқ қораланади. Ҳадиси шарифда айтилади: “Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткор учун бу дунёда қилган хоинлиги учун шармисор қилувчи байроқ ўрнатиб қўйилади”, деб айтганларини эшитдим” (Имом Бухорий, 3188-ҳадис).
Ислом тарихида “Ҳандақ жанги” номи билан машҳур бўлган жанг вақтида Мадина шаҳрига бостириб келган маккаликлар етакчилигидаги иттифоқчи қўшинга Мадина шаҳрида яшаб, яширинча хайрихоҳлик кўрсатган ва зимдан ёрдам берган қабилаларга нисбатан Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ жазо берганлар. Уларнинг раҳбарлари қатл этилган, эргашганлари Мадина шаҳридан бадарға этилган. Демак, Ватанга хоинликни ҳеч қандай диний ва дунёвий қонун ёки таълимот оқламайди. Она Ватан ҳеч қачон сотилмайди ва унга хиёнат қилинмайди.
Ҳеч шубҳасиз, барчамиз биргаликда Она Ватанимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш каби фуқаролик бурчимизни астойдил, чин юракдан бажариш, меҳр-муҳаббат, садоқат ва фидойилик, мустаҳкам иродамиз, дину диёнатимиз билан оилаларимиз, маҳаллаларимизда, бутун жамиятимизда барқарорлик ва соғлом муҳитни мустаҳкамлаб, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз поклигини таъминлаймиз.
Шундай экан, она-Ватанимиз бўлмиш Ўзбекистонни гуллаб яшнашига, юртимиз тинч-осуда бўлишига барча шу юртда, шу заминда яшаётган ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиши керак.
Ўткир ҲАСАНБАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Манбалар:
«Мусулмон Умматининг Буюк Ғалабага ва Ватан ҳимоясига қўшган ҳиссаси: тарих сабоқлари ва замонавий муаммолар» номли Астрахандаги II Халқаро илмий-диний конференцияда
Диний идорамиз вакили иштирок этди
Халқаро анжуманда Жанубий федерал округ, Кавказ орти ва Яқин хориж диний арбоблари ҳамда давлат ҳокимияти органлари вакиллари, илмий ва эксперт жамоатчилиги, таълим муассасалари, олийгоҳлар ўқитувчилари ва талабалари, Россия ҳарбий қисмининг раҳбарлари, Россия Федерацияси субъектларидан диний ва жамоат арбоблари, анъанавий конфессиялар диний пешволари ва кўплаб оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Форум Ғалабанинг 80 йиллиги ва “Ватан ҳимоячилари” йили доирасида ўтказилишини инобатга олган ҳолда, унинг иши давомида мусулмон уламоларининг фуқаролик жамиятини жипслашишдаги роли, шунингдек давлатларимиз тараққиётининг муҳим тарихий босқичларида диний арбобларнинг давлат сиёсатига қўшган ҳиссаси муҳокама қилинди.
Халқаро форумда маъруза учун сўз берилган Диний идорамиз вакили Иброҳимжон домла Иномов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг саломлари ва дуои-хайрларини ҳурмат билан етказди.
Астрахан давлат университетида талаба ёшлар билан учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили “Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурчи”, “Ақидада адашмайлик!”, “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби” мавзуларида тўхталиб ўтди.
Турли хил диний оқимлардан эҳтиёт бўлиш зарурлиги – ҳам шариат буйруғи, ҳам замон талаби, ҳам давр эҳтиёжи эканлигига эътибор қаратилиб, кенг тушунчалар берилди.
Халқаро конференция доирасида Россия мусулмонлари Марказий Диний идораси раиси, Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили билан учрашув ўтказди.
Суҳбат давомида ташриф учун миннатдорлик изҳор этиб, ўзининг энг катта ва илиқ самимий саломларини, энг яхши тилак ва хайрли дуоларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига албатта етказишни бир неча бор таъкидлаб ўтди.
Россия мусулмонлари Марказий Диний идораси раиси, Муфтий Талгат Сафа Таджуддин ҳазратларининг Ўзбекистонга, Бухорога, Ўзбекистон халқига меҳри ўзгача баланд эканлиги кўзларида ёш билан меҳр ила ифода этди.
Учрашув давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ҳам саломлари делегациямиз аъзоси томонидан ҳурмат билан етказилди.
Хизмат сафари давомида конференция иштирокчилари, хорижий меҳмонлар, ватандошларимиз ҳамда маҳаллий фуқаролар ва расмий ташкилотлар масъуллари билан бўлган суҳбатларда делегациямиз вакили томонидан бугунги кундаги мамлакатимиздаги қилинаётган ишлар тўғрисида тўхталиб, давлатимиз ва ҳукуматимиз томонларидан юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва саломатлиги, динимиз камолоти, масжиду-мадрасаларимиз ободлиги учун беҳисоб даражада ишлар олиб борилаётганлигини ёритиб, бугунги кундаги мамлакатимиздаги ҳамма соҳаларда, айниқса диний соҳада жуда ҳам катта ислоҳотлар, мисли кўрилмаган янгиликлар тўғрисида хабар бериб ўтилди.
Астраханда ўтказилган «Мусулмон Умматининг Буюк Ғалабага ва Ватан ҳимоясига қўшган ҳиссаси: тарих сабоқлари ва замонавий муаммолар» номли II Халқаро илмий-диний конференция Россия Федерациясининг кўплаб марказий, ҳудудий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида ёритиб борилди.