Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Неъматлар учун Аллоҳга ҳамд айтган ва қилган гуноҳи учун истиғфор сўраган банда ҳалок бўлмайди”.
Машҳур тобеин муфассир ва муҳаддис ҳамда гўзал қироат соҳибларидан бири Абул Олия Руфай ибн Миҳрон Риёҳий Басрий Басра (ҳозирги Ироқдаги йирик шаҳарлардан бири)да дунёга келди. Шу ерда ўсиб-улғайди ва вояга етди. Ёшлигидан илму ирфонга чексиз муҳаббат қўйди.
Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида ёш бўлган. Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу даврларида Исломга кирган. Бироқ тобеин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўриша олмагани учун бир умр афсусда ўтди. Шу боис, у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари билан кўпроқ бирга бўлишга интиларди. Уларни жуда ҳурмат қилар, саҳобалар ҳам уни яхши кўрар эдилар. Бир куни Анас розияллоҳу анҳу қўлидаги олмани Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳига берганида: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини ушлаган қўл теккан олма”, деб олмани ўпа кетди.
Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи Ҳазрат Али, Ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Ибн Умар, Убай ибн Каъб, Абу Айюб Ансорий, Абу Ҳурайра, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум каби саҳобалардан дарс олди, улардан ҳадис тинглади. Чунончи, у қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликка кафолат берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”, дедилар.
Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи Қуръони карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг билимдони эди. Абу Бакр ибн Довуд: “Қуръонни энг яхши биладиганлар орасида саҳобалардан кейин Абул Олиядан ўтадигани йўқ”, деб таърифлайди.
Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини бирор биладиган киши борлигини билса, масофа қанча узоқ ёки бориш қийин бўлмасин, албатта туясини миниб йўлга тушарди. Ҳадис ўрганишдан аввал ровийнинг намоз ўқишини кузатарди. Агар намозини тўла-тўкис адо этса, у кишини устоз тутиб, ривоятларини ёзиб оларди, аммо намоз арконларини жойига келтириб адо этмаса: “Намозга бепарво бўлган одам бошқа ибодатларга бунданда бепарво бўлади”, деб қайтиб кетарди.
Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи талабаларга дарс берарди. Уларга: “Билмаган нарсангизни сўраб ўрганинг. Чунки уятчанг ва мутакаббир илм эгалла олмайди. Уятчанг сўрашдан уялиб сўрай олмаса, мутакаббир кибру ҳавоси сабаб сўрамайди”, дер эди.
Шунингдек, тобеин шогирдларига Қуръон ёдлашнинг қулай йўлини тушунтириб: “Қуръонни беш оятдан ёдланглар. Шунда осонроқ ёдлаб, яхшироқ тушунасизлар”, деган.
Ривоятларга кўра, Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳ Мовароуннаҳр ўлкасида биринчилардан бўлиб азон айтган шахс ҳисобланади. Руфай ибн Миҳрон раҳматуллоҳи алайҳи ҳузурига келган меҳмонларини самимий кутиб олар ва: «Ҳузурингизга оятларимизга имон келтираётганлар келганларида, айтинг: Сизларга салом (саломатлик)!» (Анъом сураси, 54-оят) оятини тиловат қиларди.
Буюк тобеин милодий сананинг 712 йили вафот этди. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Динимиз мусулмон инсоннинг ҳар бир сўзини аҳамиятли деб билади. Кундалик ҳаёт ва ўзаро муомалалардан тортиб, ҳатто Робби билан бўлган аҳдлашувларни ҳам тартибга солиб берган Ислом инсонларга осон қилинган диндир. Қасам ва назр аҳд ҳисобланади. Аллоҳ таоло қасам ва аҳдга вафо қилиш муҳим иш экани боис Қуръони каримда бир неча оятларни нозил қилган. Шулардан:
إِنَّ الَّذِينَ يَشْتَرُونَ بِعَهْدِ اللَّهِ وَأَيْمَانِهِمْ ثَمَنًا قَلِيلًا أُولَٰئِكَ لَا خَلَاقَ لَهُمْ فِي الْآخِرَةِ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ اللَّهُ وَلَا يَنْظر إِلَيْهِمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
“Албатта, Аллоҳнинг аҳдини ва ўз қасамларини арзон баҳога сотадиганлар учун охиратда насиба йўқдир. Қиёмат куни Аллоҳ уларга гапирмас, назар солмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бордир” (Оли Имрон сураси, 77-оят).
وبِعَهْدِ اللَّهِ أَوْفُوا ۚ
“Аллоҳга берган аҳдингизга вафо қилинг” (Анъом сураси, 152-оят).
وَأَوْفُوا بِعَهْدِ اللَّهِ إِذَا عَاهَدْتُمْ وَلَا تَنْقُضُوا الْأَيْمَانَ بَعْدَ تَوْكِيدِهَا وَقَدْ جَعَلْتُمُ اللَّهَ عَلَيْكُمْ كَفِيلًا ۚ إِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا تَفْعَلُونَ
“Агар аҳдлашсангиз, Аллоҳнинг аҳдига вафо қилинг. Қасамларни таъкидлаганингиздан сўнг бузманг. Зеро, Аллоҳни ўзингизга кафил қилгансиз! Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингизни билур” (Наҳл сураси, 91-оят).
وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ ۖ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا
“Аҳдга вафо қилинг. Албатта, аҳд (қиёматда) сўраладиган нарсадир” (Исро сураси, 34-оят).
Шариатда қасам Аллоҳнинг исми ёки сифатларидан бири билан сўзни қувватлашдир. Қасам ичувчи киши ўзининг ростгўйлигини билдириш ёки бирор ишни қилишга ўзини ундаш ёхуд ундан тийилиш мақсадида қасам ичади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَٰكِنْ يُؤَاخِذُكُم بِمَا عَقَّدتُّمُ الْأَيْمَانَ ۖ
“Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмас (жазоламас). Лекин қасд билан туккан (ичган) қасамларингиз учун жавобгар қилур” (Моида сураси, 89-оят).
Назр эса инсоннинг ўзига бирор мақсад билан асли вожиб бўлмаган амални вожиб қилиб олишидир. Назр мутлоқ (ҳеч қандай шартга боғланмаган) ва муқайяд (бирор шартга боғланган) турларга бўлинади. Аллоҳ таоло бундай дейди:
وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ نَفَقَةٍ أَوْ نَذَرْتُمْ مِنْ نَذْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُهُ
“Қандай садақа қилсангиз ёки қандай назр қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билур” (Бақара сураси, 270-оят).
Қасамда ҳам, назрда ҳам асосан ишни таъкидлаш қасд қилинади, лекин улар ўртасида бир неча фарқлар бор. Биринчиси назр деб Аллоҳ учун қатъий бир ишни зиммасига юклашга айтилади.
Назр қилувчи Роббисига яқинлашиш ва савоб олиш мақсадида Аллоҳ учун тоатни яъни ибодатни зиммасига лозим қилиб олади. Масалан: “Аллоҳ учун садақа қилиш зиммамда бўлсин” ёки “Бир ой рўза тутишни назр қилдим”, деб ният қилади. Қасам эса Аллоҳнинг исмлари билан боғланади ва фақат бир ишни қилиш ёки қилмасликни таъкидлашни ирода қилади. Қасам “Валлоҳи”, “Таллоҳи”, “Биллаҳи” каби лафзлар ҳамда “Қасам ичаман”, “Гувоҳлик бераман” деган сўзлар билан айтилади. Демак, назр Аллоҳ учун, қасам эса Аллоҳ номи билан боғланади.
Иккинчиси инсон ҳеч бир ишга боғламасдан мутлоқ назр қилса ёки бир ҳожати раво бўлиши учун назр қилса-ю, нияти амалга ошса, энди назрига вафо қилиши шарт бўлади, бу каффорат билан ечилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга итоат қилишни назр қилган бўлса, итоат қилсин. Ким Аллоҳга осий бўлишни назр қилган бўлса, унга осийлик қилмасин”, деганлар. Аммо назр қилувчи бирор шартга боғлиқ қилиб назр қилса-ю, уни бажаришни ирода қилмаса (масалан, “фалон гуноҳни қилсам, масжид қураман” деса), шарт топилганда ихтиёр ўзида: хоҳласа назрини бажаради, хоҳласа каффорат беради. Қасамда эса, қасам бузилса каффорат ўташ билан аҳд ечилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда:
قَدْ فَرَضَ اللَّهُ لَكُمْ تَحِلَّةَ أَيْمَانِكُمْ ۚ وَاللَّهُ مَوْلَاكُمْ ۖ وَهُوَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ
“Албатта, Аллоҳ сизларга қасамларингизни ечиш (каффоратини адо этиш) йўлини белгилаб қўйган. Аллоҳ сизларнинг Мавлойингиздир. У Билувчи ва Ҳикмат эгасидир”, деб марҳамат қилган (Таҳрим сураси, 2-оят).
Демак, назрда кўпинча амални адо этиш талаб қилинса, қасамни каффорат билан ечиш имкони бор.
Учинчиси қасам одатда вожиб ва суннат ишларда ҳам ичилаверади. Лекин бундай ишларда назр қилиш макруҳдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтариб: “Бу яхшилик олиб келмайди, у билан фақат бахил кишидан мол чиқариб олинади, холос”, деганлар. Яъни назр бахилни хайр-эҳсон қилишга мажбурлайдиган восита бўлиб қолиши мумкин. Шунингдек, вожиб ишларга назр қилиш жоиз эмас экан.
Тўртинчиси назрга вафо қилиш вожиб бўлган амалдир. Қасамга вафо қилиш эса бундай эмас, яъни киши қасамини бузиб, каффоратини ўтаса ҳам бўлаверади. Назрнинг каффороти қасамнинг каффороти билан бир хилдир.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Назрнинг каффороти худди қасамнинг каффоротидекдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Демак, назрини бажара олмаган киши ўн нафар мискинни таомлантиради ёки кийинтиради. Агар бунга қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутади.
Назр қилинган иш вожиб бўлиши учун учта шарт жамланиши лозим:
Назр қилинган амал намоз ёки рўза каби вожиб жинсидан бўлиши керак. Шунинг учун бемор зиёратини назр қилиш тўғри бўлмайди.
Назр қилинган иш “мақсудан лизатиҳи” (яъни ўзи мустақил ибодат сифатида қасд қилинган амал) бўлиши керак. У намозга эришиш учун таҳорат олиш каби “васила” (яъни восита) бўлмаслиги лозим.
Назр қилинган иш назрдан олдин вожиб (фарз) бўлмаслиги керак. Шундоқ ҳам фарз бўлган беш вақт намозни назр қилиш дуруст эмас.
Аллоҳ таоло барчамизни аҳдига вафо қиладиган ихлосли бандаларидан қилсин.
Мадина ТОШБОЕВА,
Тошкент ислом институти 3-курс талабаси