“Мубайян” асарининг “Эътиқодиййа” (Иймон-эътиқод) бобидаги исломий ақоид масалалари биринчи навбатда ҳазрати Нуъмон ибн Собит Абу Ҳанифа – Имом Аъзамнинг “Ал-фиқҳул-акбар” (“Энг улуғ фиқҳ”) китобига таянган. Иймоннинг тамалини барпо этувчи олти асос, Аллоҳ таъолонинг субутий (Ўз зоти билан собит бўлган) ҳаёт, илм, ирода, қудрат, самъ ва басар (эшитиш ва кўриш), калом (сўзлаш) сифатлари ва тавҳидга оид ҳукмлар мазкур асарга мувофиқдир. шунингдек, Имом Абу Мансур Мотурудийнинг “Тавҳид” асари ва бошқа эътиқод китобларидан фойдаланилган бўлиши ҳам илмий ҳақиқатдан узоқ эмас.
“Мубайян”даги (таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж каби) барча фиқҳий масалаларнинг ҳукмлари асосан “Мухтасари Виқоя” китобига деярли нуқтама-нуқта мувофиқдир. шунингдек, “Ҳидоя”и шариф ва Ҳанафий мазҳабиниг бошқа китобларидан ва шарҳларидан истифода этилгани кузатилади.
Китобдаги дуо матнлари эса асосан кутуби ситтада, яъни ҳазрати Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа, Имом Насоий каби олти улуғ муҳаддиснинг китобларида, баъзан Имом Табароний асарида келган ҳадислардан ҳамда ҳазрати Имом Ғаззолийнинг “Иҳйоу улумуд-дин” китобидан танлаб олинган. Ҳаж китобидаги баъзи дуолар эса йиғма дуолардир: баъзилари мўътабар ҳадис китобларидан, баъзилари салафи солиҳийн, яъни ўтган солиҳ зотларнинг қавлларидан саралаб олингани аниқланди. Ўрганиш асносида Бобур Мирзонинг “Иҳйоу улумид-дин” китобига улуғ эътимод билан қарагани маълум бўлди.
“МУБАЙЯН”ДАГИ АРАБИЙ МАТНЛАР
“Мубайян”даги арабий матнлар наът бобида баъзи иборалар (оят ва ҳадиси қудсийнинг қисмлари), намоз бобларида сура номлари, баъзи ояти карималар, салавот ва қунут дуоси, таҳорат бобларида хос дуолар, ҳаж бобларида талбия, ҳадиси шариф ва йиғма дуолардан иборат. Улар Қуръони карим, ҳадис, зикр ва дуо китобларидан саралаб олинган.
«МУБАЙЯН» ХУСУСИЯТЛАРИ
«Мубайян» асари “Ҳамд” – Аллоҳ таъолога ҳамду сано, “Наът” – саййидул мурсалийн соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъриф ва хислатлари, “Китоб назмининг сабаби” каби кириш қисмларидан ва 1) “Эътиқодиййа” («Иймон-эътиқод китоби»), 2) “Китобус-салот” (“Намоз китоби”), 3) “Китобуз-закот”, 5) “Китобус-савм” (“Рўза китоби”), 5) “Китобул-ҳаж” каби беш рукнга оид мустақил боблардан ҳамда “Китоб хотимаси” бўлимидан иборат.
Барча мумтоз адиблар сингари Бобур ҳам асарни «Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм» билан бошлаб, аввал Аллоҳ таъолога ҳамду саноларини, сўнг ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга наът – таъриф ва салоту дурудларини баён этади.
Ҳаққа ҳамду сано адо қилдим,
Ҳақ оти бирла ибтидо қилдим.
Ибтидо қилғулик неким бордур,
Қилмасанг оти бирла, абтардур.
“Аввал Ҳақ таъолога ҳамду сано баён этдим ва асарни Ҳақ таъолонинг исми билан бошладим. Чунки, бошлаш мумкин бўлган нимаики яхши нарса бўлса, агар уни Аллоҳнинг исми билан бошламасанг, абтардир – охири кесик, давоми йўқ, орти бенатижадир”.
Шундан сўнг Аллоҳ таъолонинг комил сифатлари, қудрат ва азаматини зикр қилиб:
Қодиру баркамол Тенгридурур,
Қоҳир Зулжалол Тенгридурур.
Ҳар наким қилса, Ул қилур, бешак,
Ҳар на ким қилса, Ул билур, бешак.
дейди; Яъни: “Ҳар ишга қодир, комил сифатларга соҳиб ягона зот Аллоҳдир, Қаҳҳор сифатига эга, жалол – беҳад улуғлик ва бениҳоят буюклик эгаси Аллоҳдир. Барча нарсанинг ягона фоъили – бажарувчиси, ҳар бир ишнинг қилгувчиси Удир; қиладиган ишини биладиган ҳам, билган ишини қиладиган ҳам, ҳар ким не иш қилса, уни билувчи ҳам Удир! Бу таърифлар Сирожиддин Усмони Ўшийнинг «Омолий» манзумаси мазмунига ҳам мос келади. Бобур ёзади:
Мунтазир раҳматиға гумроҳлар,
Муфтахир қуллуғи билан шоҳлар.
“Гумроҳлар – йўлдан адашганлар, хатою гуноҳга тушганлар ҳам унинг раҳматига интизор, умидвор, шоҳлар ҳам Унга бандалик, қуллик ва ибодат қилиш билан фахрланади”.
Ямону яхшиға умид Андин,
Қўрқмоқ андину навид андин.
Яхши-ёмон инсонларнинг умиди фақат Ундандир, хавфу ражо – қўрқув ҳам, умид ҳам фақат Ундандир. Чунки мўъмин кишига хавфу ражо – умид билан қўрқув орасида яшаш вожибдир.
Бобур ҳамд айтишда давом этиб: «Инсоннинг жисмида неча тук бўлса, улар сенинг ва бошқа барча инсонларнинг танида тил бўлиб, ҳаммаси Аллоҳнинг ҳамдини айтиб, Уни зикр қилса, ойлару йиллар Унга ҳамду сано айтса, барчаларининг сўзи бир бўлади: ҳаммалари ўз ожизлигига иқрор бўлади, холос”, дейди. Яъни, ягона ва қудратли Зотнинг наздида ҳамма ўз ажзига иқрордир. Бу таърифлар Бобур маърифатининг мумтоз намуналаридир.
«Саййидул-мурсалийннинг наътларида, соллаллоҳу алайҳи ва саллам» деган бўлимда Бобур ёзади:
Вожиб ўлди бориға шукри Худой,
Мустафо бўлди бизга раҳнамой.
Бандаларнинг ҳаммасига Аллоҳга шукр келтириш вожиб бўлди, чунки бизга ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам – Аллоҳнинг мумтоз танланган бандаси тўғри йўлни кўрсатувчи, ҳақ йўлдан бошловчи бўлдилар.
Бобур назм тили билан: “Йўлчисиз, йўлбошчисиз ким йўлда бора олар эди? Борса ҳам, биринчи қадамдаёқ қолиб кетади. Лекин кимнинг ҳазрати Аҳмад соллаллоҳу алайҳи ва саллам каби йўлбошчиси – кузатувчи ногоҳбони бўлса, йўлда юз хавф бўлса, не парвойи бор у зотнинг йўлидан юриб, суннатига амал қилдими, бас, у, албатта, яхшиликка эришади”, дейди.
Улдурур анбиё сарафрози,
«Қоба қавсайн» маҳрами рози.
“Барча пайғамбарларнинг сарафрози – улуғи, юксаги, имоми, Қуръони каримда келган «Қоба қавсайн» ибораси сиррининг сирдоши, яъни меърож воқеаси билан шарафланган ҳам у зотдирлар”, деб тавсифлагач, наът сўнгида:
Менга қилғил шафоъатинг ҳамроҳ,
Не дей ўзга: Алайка саллаллоҳ;
Яъни: «Эй Аллоҳнинг Расули! Қиёмат кунида менга шафоъатингизни йўлдош айланг! Бошқа не дейин: Сизга салоту саломлар – дуруду дуолар бўлсин», деб дуо қилиб қолади. Ҳақиқатан, асарнинг ҳамд ва наът қисми Бобур маърифати, иймон ва ихлосининг ёрқин намунасидир.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ғафлатда қолманг! Бароат кечаси: ризқлар тақсимланади, қисматлар белгиланади, гуноҳлар мағфират этилади
Бароат сўзи қандай маънони англатади?
“Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бундай номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазли ила беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар.
Бароат кечаси қандай кеча?
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: “Эй Оиша бу кеча қандай кеча эканини биласизми?” деб сўрадилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират этади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бароат кечасида нималар содир бўлади?
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу кечада (шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми?” дедилар.
Оиша розияллоҳу анҳо: “Ё Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?” дедилар.
У зот алайҳиссалом: “У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг амаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бароат кечасида гуноҳлар мағфират қилинади
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади” (Имом Байҳақий ривояти).
Бароат кечасида дуолар қабул бўлади
Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: “Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман”, дейди. Шу вақтда ким сўраса, унга берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа”.
Бароат кечасида одамлар дўзахдан озод қилинади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб: “Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Бароат кечасида қандай амалларни бажариш лозим?
1. Хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо этинг.
2. Истиғфор айтишни кўпайтиринг.
“Астағфируллоҳуллазий лаа илааҳа иллаа ҳувал ҳайюл қаййум ва атуубу илайҳи”.
3. Ўзингиз ва барча уммат учун хайрли дуолар қилинг.
Айниқса,
أَعُوذُ بِعَفْوِكَ مِنْ عِقَابِكَ وَأَعُوذُ بِرِضَاكَ مِنْ سَخَطِكَ وَأَعُوذُ بِكَ مِنْكَ جَلَّ وَجْهُكَ لَا أُحْصِي ثَنَاءً عَلَيْكَ أَنْتَ كَمَا أَثْنَيْتَ عَلَى نَفْسِكَ
“Аъузу би афвика мин ъиқобик ва аъузу биризока мин сахотик ва аъузу бика минка жалла важҳука лаа уҳсий санаан алайка анта камаа аснайта ъалаа нафсика” дуосини ўқиш лозим.
4. Тоқатингиз етганича зикрлар, нафл ибодатлар, Қуръон тиловати қилинг.
Хусусан,
سبحان الله والحمد لله ولا إله إلا الله والله أكبر ولا حولَ ولا قوةَ إلا بالله العلي العظيم
“Субҳааналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм” зикрини кўп айтиш тавсия этилади.
5. Шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутинг.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва тонг отгунича: “Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон” (дейди), дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Бароат кечасини бедор ўтказганга жаннат вожиб бўлади
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бешта кечани бедор ўтказса, жаннат унга вожиб бўлади – тарвия, арафа, қурбонлик, фитр ва шаъбоннинг ўн бешинчи кечаларидир”, дедилар.
Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни бу муборак ойнинг фазилатларидан тўлиқ баҳраманд этсин. Рамазон ойига соғ-саломат етказсин.
Даврон НУРМУҲАММАД