Кимдир: «Уйланган куним», дейди.
Кимдир: «Институтни битирган куним», дейди.
Кимдир: «Фалон шайхни кўрган куним», дейди ва ҳоказо...
Аммо гоҳида бошқача бўлиши ҳам мумкин. Кўчадан ўтиб кетаётиб йўлда ётган тиканни йўлдан олиб ташлаган ва шу иши учун Аллоҳ уни мағфират қилган киши ўша кунни энг бахтли куни эканини хаёлига ҳам келтирмаган эди.
Зинокор аёл чанқаб тиллари осилиб ётган итга сув берганида, бунинг натижаси ўлароқ Аллоҳ уни мағфират қилганида ўша кунни ҳаётидаги энг саодатли кун эканлигини хаёлига ҳам келтирмаган эди.
Улар куни келиб қиссалари оламлар саййиди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан янграшини, сўнгра мусулмонлар у қиссани келажак авлодларига ибрат ўлароқ нақл қилишларини хаёлларига келтиришмаган эди.
Улар тиканни йўлдан олиб ташлаш ёки итни суғориш қиссасини Аллоҳнинг китобидан сўнг энг ишончли китобда зикр қилинишини билишармиди?!
Бадрда иштирок қилган саҳобалар «Истаган ишингизни қилинг, сизни мағфират қилдим» хитобини эшитган кунлари энг бахтли кунлари эмасмиди?!
Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Уҳудда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўз танаси билан зинапоя вазифасини ўтаганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Талҳа жаннатни вожиб қилди!», деган кун Талҳа розияллоҳу анҳу учун энг саодатли кун эмасмиди?!
Гоҳида бандага биргина ўринда Аллоҳ таоло абадий саодатни ёзиши мумкин. Ўша кунингиз қани? Уни топдингизми ёки у олдиндами?
У гоҳида Аллоҳдан қўрқиб хилватда тўккан бир томчи ёшингиз бўлиши ҳам мумкин.
Гоҳида эса ҳавойи нафсингизга хилоф чиққан кунингиз бўлиши ҳам мумкин.
Ёки бир мусулмоннинг қалбига киритган шодлигингиз ҳам бўлиши мумкин.
У гоҳида бир етимнинг бошини силашингиз ҳам бўлиши мумкин.
У гоҳида онангизнинг қўлидан ўпишингиз ҳам бўлиши мумкин.
У гоҳида мусулмон биродарингизнинг юзига табассумла боқишингиз ҳам бўлиши мумкин.
У гоҳида ҳақ гапни гапиришингиз ҳам бўлиши мумкин.
У гоҳида мазлумга ёрдам беришингиз ҳам бўлиши мумкин.
У баъзан ғазабингизни ютишингиз ҳам бўлиши мумкин.
У гоҳида бировнинг хатосини кечиришингиз ҳам бўлиши мумкин.
У баъзан бировнинг айбини беркитишингиз ҳам бўлиши мумкин.
Биз бахт соати қаердан келишини билмаймиз. Ҳар куни солиҳ амалимиз бўлсин. Махфий бўлса янада яхши бўлади. Балки нажотимизга сабаб бўлиб қолар. Балки бахтли кунимиз ўша кун бўлар!
Абдулқодир Полвонов
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Югуриш жисмоний машқларнинг қироли бўлиб, энг қадимий спорт турларидан бири ҳисобланади.
Манбаларда келтирилишича, саҳобалар ўзаро югуриш мусобақасини ўтказишар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламбуни кузатиб турардилар. Ҳадиси шарифларда Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу чопағон бўлганлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбиядан Мадинага қайтаётганларида саҳобалар югуришда ўзаро мусобақалашишганда барчадан ўзиб кетганлари ривоят қилинган.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлолари Заквон тез югириши билан машҳур бўлган. У киши Макка билан Мадина ўртасидаги – тақрибан 500 километр – йўлни бир кеча кундузда босиб ўтган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ўзлари ҳам аҳллари билан югуришда мусобақалашганлар. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан (югуришиб) мусобақалашган эдилар. Мен у зотдан ўзиб кетдим. Бироз вақтдан кейин гўштим ортганди, яъни, семириб қолгандим яна мусобақалашдик. У зот мендан ўзиб кетдилар. Шунда у зот: “Буниси униси билан тенг”, дедилар (Имом Насоий ривояти).
Мазкур ҳадис мусулмон киши ўз аҳллари билан ўзаро мусобақалашиши, маҳрам эркак ва аёллар номаҳрамлар кўзи тушмайдиган жойда жисмоний машқларни бажариши жоизлигига далилдир. Шунингдек, бу каби мусобақалар кишининг виқори, обрўси, фазилатига ҳеч қандай таъсир этмайди. Ҳамда мусобақалашувчиларнинг ўрталаридаги ёшнинг тафовути ўзаро беллашувга монелик қилмайди. Зеро, ҳадиси шарифда келтирилганидек, ўша пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшлари элликдан ўтган, Оиша розияллоҳу анҳо эса ёш қиз бўлганлар.
Ҳар бир оилада айниқса, ёшлар ўртасида бу каби мусобақаларни ташкил этиш оилавий муҳитнинг мустаҳкамланиши ва жамиятда соғлом авлод тарбиясида муҳим аҳамиятга эга.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан олинди