Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Июл, 2025   |   18 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:20
Қуёш
05:01
Пешин
12:34
Аср
17:40
Шом
20:00
Хуфтон
21:33
Bismillah
13 Июл, 2025, 18 Муҳаррам, 1447

Мутаассиблик – фитналарни пайдо қилади

24.02.2021   4491   4 min.
Мутаассиблик – фитналарни пайдо қилади

Машҳур тилшунос Ибн Манзур: «“Та­ас­суб” сўзи “асабият”дан олинган. “Аса­бият” бошқаларни ўзининг ота то­мо­нидан қариндошларига ёрдам беришга чақириш маъносини анг­латади. Бир гуруҳга нисбатан таассуб қилиш дегани ўша гуруҳ ёрдами учун жамланиш маъносини англатади», деб ёзади.

Луғат китобларида эса “мутаассиб­лик” қаттиқ­қўл­лик, бир фикрда қаттиқ туриб олиш маъноларига ҳам далолат қилиши айтиб ўтилган. Истилоҳда эса, доим ўзини сўзсиз ҳақ деб билиб, фик­рида қаттиқ туриб олиш, бошқа­ларни эса ноҳақ деб қараш таассубдир. Бу туйғу мутаассиб кишида ўзгани таҳқирлайдиган, унинг инсоний ҳақ-ҳуқуқларини эътироф этмайдиган муайян хатти-ҳаракатлар кўринишида акс этади. Бориб-бориб бу унинг та­биатига сингади.

Қисқача айтганда, мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир. Мутаассиблик ва фанатизм тушунчалари бир-бирига маънодош бўлиб, уларнинг акси бағрикенгликдир.

Мутаассибликнинг бир қанча турлари бор:

– диний мутаассиблик;

– ирқий мутаассиблик;

– қабилавий мутаассиблик;

– табақавий ёки ижтимоий мутаас­сиблик;

– фикрий мутаассиблик ва ҳоказо.

Яна спорт мутаассиблиги деган тушунча ҳам мавжуд. Футбол фанатизми бунга мисол бўлади.

Тарихда содир бўлган кўплаб уруш-жанжал ва хунрезликларнинг моҳияти ҳақида гап кетса, уларнинг асл сабаби мутаассибликка бориб та­қалишига гу­воҳ бўламиз.

Ҳозир кўплаб давлатлар бошидан кечираётган маънавий бўҳрон билан бирга мутаассиблик кўлами ҳам кенгайиб бормоқда. Бу жараёнда мута­ассибликнинг турли кўринишда жа­мият ҳаётига хавф солаётганини инкор этиб бўлмайди. Файласуфлар, ҳуқуқ­шунослар, сиёсатчилар, жамиятшунос ва дин­шунос олимлар мутаассибликнинг келиб чи­қиши ва унинг салбий оқибатла­рини ўрганишмоқда.

Бугунги кунда кўпгина минтақалар­да иж­тимоий-сиёсий вазиятни кескинлаштиришга уринаётган, бегуноҳ кишиларнинг ҳаётига зомин бўлаётган мутаассибларнинг экстремистик хат­ти-ҳаракати тобора хатарли тус олаётгани барча давлатларнинг бу иллатга қарши бирга­ликда кураш олиш бориши, кишиларнинг маданий даражаси-
ни юксалтириш, шахсга нис­батан ҳур­мат туйғусини шакллантириш бора­сида саъй-ҳаракатларни бирлашти­ришни та­қозо этмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёе­в Бир­лашган Миллатлар Ташки­лоти Хавф­сиз­лик Кенгашининг 72-сессияси­да: “Биз муқаддас динимизни азалий қад­рият­ларимиз мужассами ифодаси сифатида беҳад қадр­лаймиз. Биз му­қаддас динимизни зў­равонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган­ларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муро­са қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фа­зилатлар­ни асраб-авайлашга даъват этади”, дея таъкидлаган эдилар.

Мутаассибликнинг шахс ва жамиятга етказадиган зарарлари жуда каттадир. Мутаассиб кимса бу – дарғазаб, жазавали, асабий, ҳиссиётга берилган ва қаттиқ салбий ҳис-ҳаяжонга тушувчи шахс. У бузғунчи ғояларни фаол ташувчилардан ҳисобланади. Айнан шу сифатлар унга омма орасидаги тарафдорлар қалбини эгаллашга имкон беради.

Мутаассиб воқеликни ўзининг асл ҳолатида кўра олмайди. Чунки у фа-
қат ўзи мойил бўлган нарсанигина кўради. Инкор этиб бўлмас даражада ошкор бўлса ҳам, ўзгалар кўраётган ҳақиқатни кўрмайди. Мутаассиб фақат ўзини ҳақ, ўзгаларни ноҳақ деб билгани учун доим сезмаган ҳолда ижтимоий ришталарни узади, ихтилоф жарлигини кенгайтиради. Унинг тор онгига кўра ҳамма фақат унинг қолипи бўйича яшаши керак. Акс ҳолда “адашган” одам ҳисобланади.

Мутаассиб учун илмий омонатдорлик тушунчаси умуман йўқ нарса. У ҳақи­қатдан бўйин товлаб, воқеликни фақат ўзининг фойдасига буришга, ҳақиқатни сох­талаштиришга ҳаракат қилади. Шу боис барча масалада одамларни тўғ­ри ечимни топишдан маҳрум қилади, шахс­лар ва жамоаларга тўғри баҳо бериш масаласида ҳаммани адаштиради. Мутаассиб мўътадил илмий баҳс орқали ҳақи­қатга эри­шиш йўлларини ўзининг низо қўзғайдиган, ихтилофни кучайтирадиган баҳслари билан барбод қила­ди. Натижада жами­ятлар, халқлар ва маданиятлар ўрта­сида кескинлик яна­дакучаяди.

Мутаассиб кенг фикрлашга қодир эмас. Уни фақат ички эмоционал туйғу бошқаради. Ўзгаларнинг янглиш фик­ри билан ҳаракат қилади. Айнан шунинг учун муқобил томон фикрини тарозуга солиш ва ҳурмат қилиш имконидан маҳрумдир. Тоқатсизлик анча вақтлардан бу­ён фанатизмнинг синоними сифатида тадқиқотчилар томонидан тан олинган. Бирон-бир қарашни фақат ўзининг севимли қоидаларига мос келмагани, қарши экани учунгина қатъ­иян рад этадиган ҳар қандай одам тоқатсиз бўлиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, мутаассиб учун бағрикенглик ҳеч қандай маъно касб этмайди. У бағрикенгликни киши руҳиятининг пастлиги, иродасининг бўшлиги деб билади. Фанатик кимса кимни ўзидан йироқ деб билса, унга рақиб деб қараса, уларга асло тоқат қила олмайди.

Пўлатхон КАТТАЕВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

“Қуръони каримни ўқишдан сени нима чалғитди?!”

11.07.2025   3702   3 min.
“Қуръони каримни ўқишдан сени нима чалғитди?!”

Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу ёшлари ўтиб, кексайиб қолган чоғларида Мусҳафи шарифни олиб, йиғлаб туриб шундай дер эдилар: “Жиҳодлар билан овора бўлиб сени ўқий олмай қолдик”.

Бу қандайин гўзал узр! Хўш, биз ўзимизни нима деб оқлаймиз?! Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу шундайин гап айтдилар, аммо биз нима деймиз?! Қиёмат кунида “Қуръони карим ўқишдан сени нима чалғитди?!” – деб сўралсак, нима деб жавоб берамиз?! Токи у бизни зараримизга эмас, фойдамизга ҳужжат бўлиши учун кўксимизга босиб, кечаю кундуз тиловат қилиб бормаймизми?! Ахир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолонинг зикрини лозим тут, Қуръони карим тиловатида маҳкам бўл. Чунки бу сенинг осмондаги руҳинг, ердаги зикрингдир” [1], деганлар.

Қурони карим оятларини тадаббур қилмасдан, маънолари ҳақида фикр юритмаган ҳолда, ҳеч қандай тушунчасиз кўп тиловат қилиш асосий мақсад эмас. Агар инсон бир неча оятни тадаббур қилса, тафсир китобларига мурожаат этса ёки тафсир дарсларига қатнашса, маъноларни ўзлаштирса ва уларга амал қилса, бу иши ўша инсон учун улкан яхшилик, хайр-барака бўлади.

Имом  Ғаззолий ҳазратлари бундай дейдилар: “Қуръон сиз сўрашингиз мумкин бўлган ва у сизнинг сўровларингизга жавоб бера оладиган тирик Расулдир. Сиз унга қулоқ солсангиз, у сизни қондиради”.

Қалблари иймон нури ила қоришиб кетган зотлар учун, албатта, Қуръонда шифо бордир. Яна Қуръони каримда саросима, шайтоний васвасалар, нафсу ҳавога эргашишдан сақловчи шифо бор. Қуръон ўқиган пайтимизда бизни фаришталар қуршаб олади ва улар ҳам бизга қўшилиб Раҳмон бўлган Зотнинг оятларига қулоқ тутади. Само фаришталари туни билан Қуръонга қоим бўладиган ер фаришталарига яқинлашадилар. Энди айтинг-чи, одамлар ухлаётган пайтда, тун қоронғусида биз Қуръон тиловат қиляпмизми?! Еру осмонлар Робби бизга қулоқ соладиган даражада  оятларини тиловат қиляпмизми?!

 Аллоҳ таолонинг шифо оятлари қуйидагилардир:

«...Ва мўмин қавмларнинг кўнгилларига шифо берадир» (Тавба сураси, 14-оят).

«Эй одамлар! Сизга ўз Раббингиздан мавъиза, кўксингиздаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди» (Юнус сураси, 57-оят).

«Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз...» (Исро сураси, 82-оят).

«...У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир...» (Фуссилат сураси, 44-оят).

«...Унда (асалда) одамлар учун шифо бордир...»  (Наҳл сураси, 69-оят).

«Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи» (Шуаро сураси, 80-оят).

 Қуръони каримни тиловат қилиш, эшитиш, амал қилиш ва ҳар бир ишда ундаги ҳукмларга таяниб иш кўришдан четлашманг!

Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.


[1]  Имом Аҳмад ривояти.

 

 

Мақолалар