Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Падари бузрукворим қоддасаллоҳу сирроҳнинг ҳузурларига бир тижоратчи келиб турарди. Унинг жуда катта тижорати бор эди. Бир куни келиб: «Ҳазрат! Нима ҳам дей, бирор дуо қилинг. Жуда катта зиён кўрдим», деди.
Падари бузрукворим буни эшитиб, қаттиқ ғамгин бўлдилар, у кишини, бу бечора қандай мусибатга гирифтор бўлди экан, деган ўй босди. Кейин «Қандай зиён бўлди?» деб сўрадилар.
У: «Ҳазрат! Миллионлаб зиён бўлди», деди.
Падари бузрукворим: «Батафсилроқ айтинг, қанақа зиён у? Қай тарзда бўлди?» деб сўрадилар.
Шунда у одам зиёнини батафсил сўзлаб берди. Маълум бўлишича, бир савдодан миллионлаб фойда бўлиши керак экан, ўша бўлмай қолибди. Лекин, шунга қарамасдан, олдиндан бўлиб келаётган юз минглаб фойдалар давом этяпти экан. Фақат кутилган фойда келмай қолган. Савдогар шу фойданинг келмай қолганини жуда катта зиён бўлди, деб айтяпти.
Падари бузрукворим айтадилар: «Бу одам фойда бўлмай қолганини зиён деб биляпти. Яъни, бўлиши керак бўлган фойда бўлмай қолиб, жуда катта зиён бўлди, демоқчи. Аммо бу тужжор кошки шу нарсани дин ҳақида ҳам ўйласа эди. Агар шундай қилганида, дини ва охиратига жуда катта фойда бўларди ва у ҳаммамиздан ўтиб кетган бўларди. Аслида, ана шу нарсани ўйламагани унга катта зиён бўлди. Ҳақиқатда буни жуда катта зиён деса бўлади».
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан