Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
02 Феврал, 2026   |   14 Шаъбон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:13
Қуёш
07:34
Пешин
12:42
Аср
15:59
Шом
17:44
Хуфтон
18:59
Bismillah
02 Феврал, 2026, 14 Шаъбон, 1447

21.01.2021   485   1 min.
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сенга бандалигимизни муносиб суратда адо этолмадик...

02.02.2026   258   6 min.
Сенга бандалигимизни муносиб суратда адо этолмадик...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳаёнинг луғавий маъноси – хатти-ҳаракатнинг ножўялигидан қалбнинг уялиши ва хижолат чекишидир. Сўфийлар истилоҳида эса ҳаё кўнгилнинг хижолат тортиб ибо билан қийналишидир.

Тасаввуф аҳлининг имоми Жунайд Бағдодий қуддиса сирруҳу ҳаёга шундай таъриф берадилар: 

“Ҳаё – бу бир томони Аллоҳнинг чексиз неъматлари мушоҳадасидан, иккинчи томони уларнинг шукрини бажо этишдаги ўзининг ожизлигини англашдан келиб чиқадиган туйғудир. Яна “Аллоҳнинг олдидаги барча бурчимни бажараяпман” деган даъводан воз кечиш ҳам ҳаёнинг аломатидир. Ҳаё турлича бўлади:

1. Ўзининг гуноҳкорлиги сабаб вужудга келадиган ҳаё. Нақл қиладиларки, Пайғамбар Одам алайҳиссалом қайтарилган мевадан еб қўйганларидан сўнг беқарор бўлиб ҳар томон югура бошлабдилар. Шунда Аллоҳ:

– Мендан қочмоқ учун югуряпсанми? – деб сўраганида отамиз:

– Йўқ, Сендан ҳаё қилганим учун... – деб жавоб қайтарибдилар.

2. Ўзининг ожизлиги ва номуносиблиги эътирофидан зоҳир бўлган ҳаё.

Бунинг мисоли фаришталарнинг Аллоҳнинг олдида қилган изҳори ожизликларига ўхшашдир:

“Сенга бандалигимизни муносиб суратда адо этолмадик...”

3. Улуғлаш сабабли ҳаё.

Бу Аллоҳдан уялгани учун юзларини қанотлари билан беркитиб олган фаришта Исрофил (алайҳиссалом)нинг ҳаёси кабидир.

4. Олийжаноблик туфайли ҳаё.

Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Зайнаб розияллоҳу анҳога уйлангач, тўй зиёфати бердилар. Саҳобалар кеч тунгача ўтириб қолдилар. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга бирон нима дейишдан ҳаё қилдилар. Шунда “Аҳзоб” сурасининг 53-ояти нозил бўлди:

“Эй иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганида, унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз, киринг-да, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб, (қолиб) кетманг. Албатта, бундай қилишингиз Набийга озор берадир. У эса сизлардан ҳаё қиладир. Аллоҳ ҳақни (айтишдан) ҳаё қилмас. Қачонки улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг. Шундай қилмоғингиз ўз қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам покроқдир. Сиз учун Расулуллоҳга озор бериш ва ундан кейин унинг жуфтларини никоҳингизга олишингиз ҳеч қачон мумкин эмас. Албатта, бундай қилмоғингиз Аллоҳнинг наздида катта (гуноҳ)дир”.

Бу оят ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муносабат ва муомалада зийраклик ва ҳурмат кўрсатиш кераклигини ҳамда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат этишда муносиб одоб, вақт ва маҳал бўлишини уқтирмоқда. Бу оятда яна меҳмондорчиликнинг фақат таклифдан кейин бўлиши айтилмоқда. Яъни уйга таклиф этилганларингизда одоб ва хушхулқлик билан киринг ва ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан шариат меъёрлари ва талабларига риоя қилган ҳолда муомалада бўлинг.

“Ат-Тавийла ан-Нажмийя” китобида айтилган:

“Сиз учун зарур  бўлган барча  муомалани адо этгач, қўполлик ва эҳтиётсизлик қилмасдан уйдан чиқинг. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқи-ҳушлари ва ҳалимликлари сизларни У киши билан бўлган муомалада бемалол ва бепарво қилиб қўймасин. Эҳтимол, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кенгфеълликлари меҳмонга келганларнинг назокат ва одоб доирасидан чиқиб кетишларига сабаб бўлгандир. Мана шунинг учун ҳам юқоридаги оят нозил бўлди”.

Ҳурматли кишиларни зиёрат этувчи оқилларнинг вазифаси камгаплик ва ўз вақтида кетишдир, бемаврид, ўринсиз келиш, заруратсиз, керагидан зиёд ўтириб қолиш кабилар эса нодонлик белгисидир.

 Олийжаноб кишиларнинг ҳаёлари ҳақида Аллоҳ Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

“Ва унинг олдига икковидан бири ҳаё билан юриб келди” (Қасос сураси, 25-оят).

Оятда Шуайб алайҳиссаломнинг икки қизидан бирининг Мусо алайҳиссаломга мурожаат этган маҳалдаги уятчанлиги ҳақида сўз бормоқда. Қиз Мусо алайҳиссаломни меҳмонга таклиф этиш нияти борлиги сабаб, у кишининг рад жавоби бериб қўйиши мумкинлидан андиша қилиб уялган эди.

Ҳаё мезбон учун ҳам лозим бўлган муҳим хусусиятлардандир. Бу хилдаги ҳаё ҳам олийжаноб кишиларнинг фазилатларига оиддир.

5. Одоб аҳлининг ҳаёси.

Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари – ҳазрати Фотима розияллоҳу анҳонинг бўлажак турмушдошлари Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу табиатан мазийлари кўп инсон бўлиб, шу сабабли қийналар эканлар. Масаланинг шаръий томонини жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзлари бевосита сўрашдан ҳаё қилиб, уни саҳоби Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳу орқали сўраттирган эканлар.

6. Фақирлиги сабабли ҳаё.

Бир гал Мусо алайҳиссалом Аллоҳга:

– Менда бирор бир дунёвий эҳтиёж пайдо бўлган маҳалда уни Сендан сўрашга уялаяпман, – деганларида, Аллоҳ у кишига:

– Сўрайвергин, хамиринг учун тузмиди ё ҳатто қўйларинг учун озиқми, сўрайвергин! – деб марҳамат қилган экан.

7. Буюк меҳрибон Аллоҳга хос бўлган ҳаё.
Банда Сирот кўпригидан ўтиб бўлганидан сўнг унинг қўлига муҳрланган ва ичида эса қуйидаги сўзлар битилган бир мактуб берилар экан: “Не қилган бўлсанг, қилдинг, айбингни ошкор этиб, шарманда қилишдан ҳаё қиламан. Шу сабаб Мен сени кечирдим, бемалол жаннатга киришинг мумкин!”

Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёнинг ҳақиқатини тушунтириб шундай деган эканлар: “Аллоҳдан унга муносиб бир суратда ҳаё қилингизлар”. Эшитганлар: “Ё Расулуллоҳ, алҳамдулиллоҳ, биз Аллоҳдан ҳаё қиламиз”, – деганларида жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қарата: “Айтмоқчи бўлганим сиз ўйлаган нарса эмас. Аллоҳдан унга муносиб бир суратда ҳаё қилиш дегани – бу банда ўзининг боши ва унга алоқадор узвлар (қулоқ, кўз, тил ва ҳоказо)ни, қорни ва унга тегишли аъзолар (қалб, оёқ, қўл, жинсий олат ва ҳоказо)ни ҳаромдан сақламоғи ҳамда вужудининг фоний эканлигию ўлимнинг ҳақлигини эслаб юрмоғидир. Охиратни истаган киши дунё ҳаётининг зийнатларини тарк этиб, охиратни афзал билади. Ким шу айтилганларга мувофиқ яшаса, Аллоҳдан муносиб суратда ҳаё қилгани ўшадир”, – дедилар (Абдуллоҳ ибни Масъуддан ривоят қилинган, Термизий ривояти).

Бир донишманд айтган экан: “Ҳаё аҳли билан ҳамнишинлик ҳаёни жонлантиради!”.

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад

таржимаси.

 

Мақолалар