Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Сентябр, 2024   |   17 Рабиъул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:50
Қуёш
06:09
Пешин
12:21
Аср
16:35
Шом
18:26
Хуфтон
19:40
Bismillah
20 Сентябр, 2024, 17 Рабиъул аввал, 1446

Расулимиз кўзлари ёшланган ёхуд изтиробга айланган кун

12.07.2018   5724   8 min.
Расулимиз кўзлари ёшланган ёхуд изтиробга айланган кун

Хадича (розияллоҳу анҳо) онамиз Расулуллоҳдан қаттиқ хавотир ола бошлади. То у киши ҳамнафас экан, тиним билмади. Нима қилиб бўлса ҳам, Пайғамбаримизга кўмак берсам дерди. Бу пайтда у киши 65 ёшга тўлган эди. Юраги иймон ва садоқат билан урарди. Ёшлардек ғайрати танига сиғмасдан ҳаракат қиларди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам доимо унинг узун ҳаёт кечиришини, Аллоҳ дини йўлида кўпроқ хизмат қилишини тилардилар. Табиийки, Хадича онамиз ҳам Аллоҳнинг нусратини кўришни орзу қиларди. Улкан Қуёшнинг дунёга нур таратиб, инсониятни зулматдан ёруғликка олиб чиқишига гувоҳ бўлишни хоҳларди. Мушриклар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалламга озор берган пайтларда ул зотга нисбатан меҳрибончиликлари янада ошар, таскин-тасалли берар эди. Ҳали Аллоҳ хузурига қайтишга вақт бор деб биларди. Мушрикларнинг азиятидан қочиб, қураш майдонини тарк этишни ҳаёлига келтирмаган эди. “Хадичани ўлдирамиз”, деган мушриклар ниятига ета олишмайди, деган ишончда эди. Негаки, Абу Толибдан кейин” Расулуллоҳга Хадича онамиздан бошқа ёрдам берувчи киши қолмаган эди. Бир кеча Қуръон тиловат қилиб ўтираркан, Хадича онамизнинг баданида қаттиқ оғриқ турди. Аста-секин ҳолсизланди. Расулуллоҳга қараб: “Эй Аллоҳнинг расули! Аллоҳ сизга яқинда ёрдам беражак. Аллоҳнинг нури ҳеч қачон ўчмайди! Парвардигор ўз нурини сира тарк этмайди. Аксинча, тез орада уни комил этгай”, деди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам бу ҳолсизликнинг оқибатини ҳис қилдилар. Қўлларини кафтларининг устига қўйиб, вужудларида қаттиқ безовталик борлигини сездилар. “Хадича, (розияллоҳу анҳо)  бемор бўлибсан. Енгилгина иситманг бор. Аллоҳ хоҳласа, тезда ўтиб кетади”, деб кўнглини кўтардилар. Сўнг қўлларини узатиб, онамизнинг туришига ёрдам бердилар. Ётоққа етгунларича суяб бордилар. Ёнида утириб, муборак қўллари билан кўксиларини силадилар, пешоналарига сочиқ босдилар. Аллоҳдан шифо сўрадилар. Онамиз ёрдам берганлари учун Расулуллоҳга миннатдорлик билдирди ва бориб дам олишини айтди. “Эй Хадича, — дедилар Пайғамбаримиз, — сенинг ҳаққингни қандай адо қиламан? Камбағал эдим, Аллоҳ мени сен туфайли бой қилди. Химоясиз эдим, уйингда ёрдам ва химоя топдим. Сен биз учун меҳрибон она, опа, хотин эдинг… Энг яқин суянчиғимиз эдинг…” Хадича онамизнинг оғриқлари кучайиб, кўзлари ёшга тўлди. “Сенга нима бўлди? Аллоҳнинг фазл-раҳмати кенгдир”, дедилар Расули акрам. У кишидаги ғамгинликни кўриб, онамиз: “Эй Расулуллоҳ Аллоҳ сизга нусрат беради, — деди жилмайиб, —улкан Қуёш Макка ва унинг атрофидаги зулматни ёритганини кўришни нақадар орзу қилардим!” Пайғамбаримиз унга таскин бериб дедилар: “Яқинда, албатта, кўрасан. Бу зулмат енгилади. Ҳали соғайиб кетасан”. Онамизга маъюс тикиларкан: “Сенга Аллоҳ шифо беради. Хадича, (розияллоҳу анҳо)  мени ҳаргиз ёлғиз қолдириб кетма”, дедилар. Дард ғолиб кела бошлади. “Расулуллоҳ — деди онамиз, — Аллоҳ сиз билан биргадир. Уларнинг озор-азиятларини, ёмонликларини Аллоҳ тезда ўзларига қайтаражак. Ҳаргиз сизни енга олмаслар. Сиз Аллоҳ томонидасиз. Фақат, айтингчи… Раббим менга нима ваъда қилмоқда? Амалларимни даргоҳида қабул қилиб, мендан рози бўлганмикан?”

Кўз ёшларини кўрсатмаслик учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам юзларини четга бурдилар. Сўнгра: “Аллоҳ сендан рози бўлди ва сенга рахмат айтди. Ҳақ йўлида ёрдам қилдинг, мол-дунёингни аямадинг, Расулуллоҳ билан бирга бўлдинг… Кимки Аллоҳ ва расулига ёрдам қилса, Аллоҳ ҳам унга муносиб тарзда ажр беради. Эй Хадича, (розияллоҳу анҳо)  сенга Адн жаннати ичида маржондан қурилган, остидан зилол сувлар оқиб турувчи қаср берилажак”, дедилар. Сўнг совуқ сувни пешонасига босдилар, ҳарорат бир оз тушиб, онамиз тетиклашди.

“Душманларимиз бизни мағлуб эта олишмайди, — деди Хадича онамиз — Қурайш аҳли бугун нима билан машғул?” Атрофида турган қизларидан бири: “Онажон, улар кутиб турибдилар”, деб йиғлай бошлади. Расулуллоҳнинг кўзлари ҳам ёшга тўлди. Қизларини тинчлантиришга ҳаракат қилдилар. Лекин касаллик соат сайин зўрайиб борарди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам билан қизлари қаттиқ ҳавотирга тушишди. Ховлини тўлдириб турган мусулмонларни оғир ғам босган эди. Аллоҳдан шифо тилаб, дуо қилдилар. Уларнинг деярли барчаси Хадичанинг(розияллоҳу анҳо)  яхшилигидан, ҳайру саҳоватидан баҳраманд бўлган эдилар.

Абу Лаҳаб билан унинг хотини дарвоза олдида туриб, ховлига ким кириб-чиқса, гапга тутишарди. Бироқ қисқагина жавобдан бошқа ҳеч нарса эшитолмасдилар. Ўта яхши кўрганлар ҳам, ниҳоятда ёмон кўрувчилар ҳам Хадича (розияллоҳу анҳо)нинг  ҳол-аҳволини суриштирарди. Расулуллоҳ ва қизлари онамизнинг олдидан жилмай, қараб туришарди. Афсуски, у кишининг ҳаёти сўнгига етиб бораётган эди. Онамиз сўнгги лаҳзаларда ҳам ўзидан кейин Расулуллоҳга қурайшликларнинг озор-азият беришини ўйлаб, ташвиш чекардилар. Тун узун эди. Саҳар бўзариб кела бошлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам у кишининг ёнида эдилар. Хадича онамиз кўзларини бир очиб, қизларига ва Расулуллоҳга қаради. Сўнг рози-ризолик тилаб кўзларини юмди. Омонатини Парвардигорга топширди.

Расулуллоҳнинг кўзлари ёшга тўлди, юраги изтироб алангасида ёнди. Исломни пайғамбардан сўнг биринчи бўлиб қабул қилган мўтабар ва мард-жасур аёл дунёдан кўз юмган эди. У Аллоҳ ва Унинг дини йўлида кўп иш қилди. Расулуллоҳнинг кўзларидан ёш тўхтамасди, қизлари ҳам йиғларди. Бутун ҳовли мотамга тўлди. Хадича онамизнинг тобутлари мусулмонлар елкасида Қурайш қабристонига олиб келинди. Қабрнинг устида матоҳ тортдилар. Расулуллоҳ қабрга тушиб, муборак қўллари билан лаҳадни текисладилар. Покиза жасадларини қабрга қўйдилар. Гўзал юзларига сўнгги марта қараб видолашдилар. Кўзлари ёшга тўлиб, бошларини эгган ҳолда қабристондан чиқдилар. Кейин уйларига қайтдилар.

Расулуллоҳ Хадичадан (розияллоҳу анҳо) жудо бўлгач, ўзларини ўта ёлғиз ҳис эта бошладилар. Қилган яхшиликларини, саҳийликларини, шижоатини эслаб, кўнгиллари тўлар эди. Ғам-қайғуси кучайиб, юз-кўзида бунинг таъсири сезила бошлади. Мушриклар эса, табиийки, Хадича онамизнинг вафот этганидан хурсанд эдилар. Бир-бирларини қутлаб, “Абу Толиб ҳам, Хадича ҳам йўлимиздан бартараф бўлди. Энди мусулмонлар заифлашади”, дердилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам азадан кейин яна кўчага чиқдилар. У кишига жинни, эси пастларни рўбарў этишиб, масхара қилишди. Улар Пайғамбаримизнинг муборак бошларига тупроқлар сочиб, азият беришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам ғамгин ҳолда уйга қайтиб келдилар. Бундай пайтларда Хадича (розияллоҳу анҳо)  табассум билан кутиб олар, у зотнинг ғам-қайғусини ёзишга уринар эди. Ҳозир ҳам шуни қумсадилар. Қизлари Фотима у кишини ғамгин ҳолда кўриб, шошиб олдларига келди. Бошларидаги тупроқни тозалаб ювди. Онасининг меҳрибончиликларини эслаб йиғлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳам таъсирланиб кўзларига ёш олдилар. Сўнг Хадичани дуо қилдилар. Етказган озорлари учун мушрикларни баддуо қилиб, Аллоҳдан паноҳ сўрадилар.

 Пайғамбаримиз Хадича онамизни ҳеч қачон унутмадилар. Доимо яхшилик ва меҳрибончиликларини эслаб гапирардилар. Мусулмонлар ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ғам-қайғуларини аритишга ҳаракат қилдилар. Охири у зотни уйлантириб қўйишга аҳд қилдилар. Муносиб аёл топилса, Пайгамбаримизнинг кўнглидаги кемтиклик тўлиб, ғам-аламлари арирмиди, деган ҳаёлга боришди. Ва бу ҳақда сўз очиш учун у кишининг хузурига бир аёлни юборишди. Аёл: “Эй Расулуллоҳ Хадича онамизга нисбатан садоқатингиз зиёда бўлди. Ҳатто бу жисмингиз ва юзингизга ҳам таъсир қила бошлади. Бу ғамгинликни сиздан аритадиган бирор киши борми?” деб сўради. Расулуллоҳнинг кўзлари ёшланиб: “Хадича (розияллоҳу анҳо)га бўлган соғинчимни ким ҳам кетказа оларди?! У Аллоҳнинг расулига ёрдам қилди. Аллоҳ учун яшади ва Аллоҳ йўлида вафот этди. Хонадонимизнинг тарбиячиси ва болаларимнинг онаси эди”, дедилар.

 

Робия САИДХОНБАЛОВА

«Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус

ислом билим юрти талабаси

Сийрат ва ислом тарихи
Бошқа мақолалар

Аввал бурчингизни адо қилинг

19.09.2024   3012   2 min.
Аввал бурчингизни адо қилинг

Биз йўқлик даштида, жонимиз руҳият оламида эди. Отамиз ва онамиз сабабидан бизлар ёруғ оламни кўрдик. Бу дунёда неки мартабага эришсак, барчасида уларнинг ҳақлари бор. Ҳатто улар ўзларининг фарзанд олдидаги бурчларини адо қилмасалар ҳам, бизлар уларни фарзанд сифатида қадрлашга мажбурмиз.

Ҳаётда оталик бурчини адо қилмайдиган эркаклар, оналик меҳрини фидо қилмайдиган аёллар топилиб туради. Ҳатто сериаллар таъсирими, охирзамон аломатими, ҳар ҳолда “ўзим учун яшашим керак!” деган шиорлар аёлларда тобора кўпайиб бормоқда, буни тан оламиз. Бироқ улар нодон бўлса, фарзанд ҳам оқпадар бўлиш йўлини ихтиёр қилурми? Эртага нима бўлади, бу аҳволда?

Бугунги кунда барча соҳадаги асосий камчилик ҳар ким бировдан ўз ҳуқуқини талаб қилиб, унинг ҳақ ва ҳуқуқлари ҳақида деярли ўйлаб кўрмаслиги ва бошқалар ўз вазифаларини адо қилмаслиги ҳақида дунё айвонида (ижтимоий тармоқларда) бонг уриб, ўз вазифасини унутиб қўйишлиги бўлиб турибди.

Бу иллат оилада ҳам ўз ҳукмронлигини ўтказмоқда. Аёллар-ку, ожиза, уларни тушунса бўлади. Аммо эрлар ҳам уялмай-нетмай, заррача ор қилмай, бир хотинни йўлга сола олмай ҳокимиятгача боришмоқда.

Ўзим шахсан шундай тадбирларда қатнашганман. Юқори ташкилотларга бориб, “хотиним билан яраштириб қўйинглар” деганларни муҳокама қилганмиз. Уларнинг ишларини маҳалла фаоллари ҳам, масжид ходимлари ҳам ижобий ҳал қилишга ожиз. У тараф ҳам ўз ҳақини талаб қилади, бу тараф ҳам.

Шунингдек, ҳукуматдан ҳақ талаб қилиш ҳам бор. Ўзларини жабрдийда қилиб кўрсатади. Яхшилаб суриштирсангиз, ўзларининг фуқаролик бурчларини адо қилмайди.

Инсон аввало ўз нафси олдида адолатли бўлиши керак. Ана ундан кейин қайсидир сабаблар туфайли муаммоларга дуч келса, майли ҳаққини сўрасин. Аслида ҳамма ўз бурчи ва вазифасига содиқ бўлса, бунчалар муаммолар кўп бўлмас эди. Илло бўлса ҳам онда-сонда учрар эди.

Муқаддас Ислом дини таълимотларида ҳам жаннатдаги олий мартабаларга етишиш учун Аллоҳ таолога ибодат қилиш, бандаларнинг ҳаққига тажовуз қилмаслик шарти бор.

Агар сиз бурчингизни сидқидилдан адо қилсангиз, шунда барака топасиз, иншаАЛЛОҲ.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ