Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аввалгию охирги гуноҳлари кечирилган бўлишига қарамай, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳ Аллоҳ таолодан қўрқиб, гоҳида эса умматлари учун раҳмат ва шавқатдан йиғлардилар. Баъзи ҳоллар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак кўз ёшлари оқишига сабаб бўларди.
Ё Аллоҳ! Умматим, умматим
Абдуллоҳ ибн Масҳуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Қуръондан қироат қил!”, дедилар. “Сизга нозил бўла туриб, мен ўқийми?”, дедим. У зот “Ҳа”, дедилар. “Нисо сурасидан тиловат қила бошладим ва “Ҳар бир умматдан (ўз пайғамбарини) гувоҳ сифатида келтирганимизда ва Сизни (эй, Муҳаммад!) уларга гувоҳ қилиб келтирганимизда, (уларнинг ҳоли) не кечур?!” оятига етганимда у зотга қарасам, йиғлаётган эканлар!” (Имом Аҳмад ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эй Роббим, албатта у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир» ва «Агар уларни азоблайдиган бўлсанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қиладиган бўлсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг ғолиб ва Ҳикматли Зотдирсан» оятларини тиловат қилдилар ва икки қўлларини кўтариб: “Ё Аллоҳ! Умматим, умматим!”, деб йиғладилар!”
Шунда Аллоҳ азза ва жалла айтди: “Эй Жаброил! Муҳаммадга бор, ҳолбуки Роббинг билувчироқдир, ундан, сени нима йиғлатди, деб сўра”, деб амр қилди. Бас, Жаброил алайҳиссалом у зотнинг олдига келиб, Аллоҳ таолога у зотнинг айтган гаплари хабарини берди. Ҳолбуки, У биливчироқдир. Аллоҳ таоло эса: “Эй Жаброил! Муҳаммадга бор ва унга, албатта сени умматинг борасида рози қиламиз”, деб айт, деди”.
Биродарларимни соғиндим
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ! Сизни нима йиғлатди?”, деб сўрашди. У зот эса: “Биродарларимни соғиндим!”, деб жавоб бердилар. Саҳобалар: “Бизлар биродарларингиз эмасмизми, ё Расулуллоҳ?”, дейишди. Шунда у зот алайҳиссалом: “Йўқ. Сизлар асҳобларимсиз. Биродарларим мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан туриб менга имон келтирадилар!”, дедилар.
Албатта кўзлар ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади
Анас ибн Молик розияллоҳу айтадилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Абу Сайфнинг олдига бордик у Иброҳим алайҳиссаломнинг энагаси эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни қўлларига олдилар ва уни ўпиб, ҳидладилар. Сўнг биз унинг олдига кирдик. Иброҳим жон бераётган эди. Расулуллоҳ йиғлай бошладилар. Шунда Абдурраҳмон ибн Авф: “Ё Расулуллоҳ, йиғлаяпсизми?!”, деб сўради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу раҳматдир эй ибн Авф”, дедилар ва яна: “Албатта кўзлар ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади лекин биз фақатгина Роббимиз рози бўладиган гапларни айтамиз! Биз сенинг фироқингдан маҳзунмиз, эй Иброҳим!”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Бадавий билан сухбат
Ё Аллоҳнинг расули, мен ҳам ҳисобкитоб қилинаманми?! деб сўради саҳройи киши.
– Ҳа, агар хоҳласа, ҳисобкитоб қилади.
– Ўзининг иззати ва улуғлигига қасам, агар мендан ҳисоб сўраса, мен ҳам сўрайман, – деди у.
– Раббингдан нимани сўрайсан? – дедилар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом).
– Агар Раббим менинг гуноҳимдан сўраса, мен Унинг мағфиратини сўрайман. Агар осийлигимдан сўраса, мен Унинг афвини сўрайман. Агар менинг бахиллигимдан сўраса, мен Унинг саховатини сўрайман! – деди саҳройи киши.
Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлай бошладилар, ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетди.
Шунда Жаброил (алайҳиссалом) хабар келтирди:
– Эй Муҳаммад (алайҳиссалом)! Аллоҳ Сизга салом айтди. Йиғини тўхтатинг! Аршга муаккил фаришталар тасбеҳ айтиб чалғиб кетишмоқда. Саҳройи кишига айтинг: У сизнинг жаннатдаги рафиқингиз бўлгай!
Жаҳолат гуноҳлари кечирилгандир
Вазийн розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Бир одам Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келди ва сўзлай бошлади: "Ё Расулуллоҳ! Биз жаҳолат аҳли эдик. Бутларга сиғинар эдик. Қизларимизни тириклай кўмар эдик. Менинг бир қизим бор эди. Гапга тушуниб, чақирса, жавоб берадиган бўлиб қолган эди.
Бир куни ёнимга чақириб, орқамдан эргаштирдим. Оилам ва аҳлимдан узоқ бўлмаган бир қудуқ ёнига бошлаб бордим. Кейин севимли қизимнинг қўлидан тортиб, қудуқ ичига отиб юбордим. Унинг сўнгги сўзлари "Отажон, отажоним!" деб қолиши бўлди".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғлай бошладилар. Узоқ йиғладилар. Атрофларида ўтирганлардан бири ҳалиги одамга: "Сен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ғамгин қилдинг!" деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Унга тегманглар! У ўзи учун муҳим бир нарса ҳақида сўрамоқчи", - дедилар. Кейин бояги одамга қараб: - "Воқеани қайтадан айтиб бер!" дедилар. У одам яна бир бор сўзлаб берди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна йиғлай бошладилар. ҳатто кўз ёшлари соқолларини ҳўл қилиб юборди. Кейин бундай дедилар: "Аллоҳ таоло жоҳилият замонида қилинган барча гуноҳларни кечирди. Сен амалингни бошқатдан бошла!" (Имом Доримий).
Сизни қутқара олмайман
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Яқин қариндошларингизни (Аллоҳ азобидан) огоҳлантиринг!” (Шуаро сураси, 214- оят) нозил бўлганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Сўнгра қизлари Фотима розияллоҳу анҳога қараб: "Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима! Нафсингни жаҳаннам оловидан қутқар! Аллоҳ ҳузуридаги ҳеч бир азобдан сизларни қутқара олмайман. Фақат сизларга яқинлигим бор, тез орада бу яқинликдан сўраламан!" дедилар.
Ҳозирлик кўринг
Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазилаётган қабр ёнидан ўтдилар. У зот алайҳиссалом йиғладилар. Ҳатто кўз ёшлари томчилаб тупроқни ҳўл қилмоқда эди. Сўнгра бизга қараб: "Эй биродарларим! Шундай бир кун учун ҳозирлик кўринг!" дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
2026 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бошчилигидаги делегация таркибида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров Ўмон Султонлигида амалий ташриф билан бўлди.
Ташрифда Ўзбекистон Республикасининг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Абдусалом Хатамов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов каби расмий ва илмий доиралар вакиллари иштирок этди.
Ташриф доирасида делегация Ўмон Султонлиги Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармаси раиси доктор Ҳамад бин Муҳаммад ал-Зувайёний билан учрашди.
Мулоқот давомида архив ҳужжатларини реставрация қилиш, сақлаш, тизимлаштириш ва рақамлаштириш соҳасидаги замонавий технологиялар, илғор тажрибалар ҳамда илмий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги тарихий, маданий ва ижтимоий алоқаларни чуқур ўрганишга қаратилган қўшма халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурилди. Унда икки халқнинг муштарак тарихий илдизлари, диний-маънавий мероси, меъморчилик анъаналари ва тарихий нумизматика соҳасидаги алоқаларини илмий тадқиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувдан сўнг делегация аъзолари Миллий ҳужжатлар ва архивлар бошқармасининг ихтисослаштирилган бўлинмалари фаолияти билан танишдилар. Хусусан, тарихий ҳужжатларни зарарсизлантириш, реставрация қилиш ва узоқ муддат сақлашга мўлжалланган замонавий лабораториялар, махсус ускуналар ҳамда технологик жараёнлар намойиш этилди.
Айниқса, тарихий ҳужжатларга зарар етказувчи замбуруғлар, бактериялар ва ҳашаротларга қарши курашиш, архив материалларини биологик омиллардан ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.
Мазкур ташриф Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги илмий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлаш, бой тарихий меросни ўрганиш ва асраб-авайлаш, шунингдек, халқаро илмий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Эътиборлиси, мазкур ташриф ва учрашувлар тафсилоти Қатарнинг Доҳа шаҳрида инглиз тилида чоп этиладиган етакчи «The Peninsula» газетасида ҳам кенг ёритилди. Нашрда Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорлик, қўлёзмаларни муҳофаза қилиш ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари билан бир қаторда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда маърифий ташаббусларни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлари алоҳида эътироф этилди.
Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуровнинг ушбу ташрифдаги иштироки институтнинг халқаро илмий-маданий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, илмий тажриба алмашиш ва қўшма тадқиқотлар ривожига ҳисса қўшиш нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.
Тошкент ислом институти матбуот хизмати