ЖИЙДА (Elaeagnus L.) — жийдадошлар оиласига мансуб дарахт ёки бута. Жанубий Европа, Марказий ва Шарқий Осиё, Шимолий Америкада ўсадиган 40 га яқин тури бор.Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистонда жийданинг қарғажийда. (Е. angysti-fola; ёввойи ҳолда ўсади), шарқ жийдаси (Е. orientalis), тиканакли жийда (Е. pungens), кумушсимон жийда (Е. argentea), нон жийда(Е. cdulls) турлари ўсади. Ш а р қ жийдасининг барги оддий, энсиз, кумуш-ранг. Дарахти 8—10 м, шохлари сийрак, тиканли ёки тикансиз. Гули икки жинсли, сариқ, серасал, хушбўй, эфир мойли. Меваси сарғиш, мағизсиз данакли, эти 31,2—88,7%, унсимон, хушхўр. Таркибида 46—65% қанд, 10% оқсил, 1,3% кислота, 200 мг% С витамини мавжуд. Жийданинг меваси янгилигида ёки қуритиб истеъмол этилади. Табобатда ошқозон-ичак касалликларини даволашда ишлатилади. Ёғочидан турли хил буюмлар ясалади, парфюмерия саноатида, гулидан эфир мой олинади.
Жийда қурғоқчиликка чидамли, ер ости сувлари юза ва шўр тупроқларда ҳам ўсаверади. Данагидан, илдиз бачкисидан ва қаламчасидан кўпаяди. Кўчати ўтказилгач, 3—5- йили ҳосилга киради. Май—июнь ойида гуллайди, меваси сентябрь—октябрда пишади. Бир тупи 50 кг гача ҳосил беради. Жийда60—80 йил яшайди. Нон жийда мевали дарахт сифатида экилади, ўрта бўйли дарахт. Сернам ерларда яхши ўсади. Серҳосил. Меваси йирик, мазали, қизғиш-қўнғир рангли. Ўзбекистон ўрмончилик илмий-тадқиқот институтида унинг 20 га яқин нави таърифланган (Қизил Ж., Раъно, Урганч, Хурмой, Тошкент десерти, Чўли қандак, Кизил қандак ва бошқалар). Ҳозирги даврга келиб саноат аҳамиятини йўқотди. Ўзбекистон, Тожикистон ва к ў п г и н а мамлакатларда айримтоморқа боғларида экилади. Кўпроқ йўл ёқалари, канал бўйлари, дала-иҳота ўрмон минтақалари, ташландиқ ерларга экилади. Тупроқни азот билан бойитади. Озиқавий қуввати: 34 кКал ни ташкил этади.
Жийда мевасини узоқ муддат сақлаш мумкин. Пишиб етилганида териб олингач, бир неча ойдан сўнг ҳам ўзининг фойдали хусусиятларини йўқотмайди.
Фойдали хусусиятлари
Жийда таркибида жуда кўп фойдали моддалар мавжуд. Масалан, унинг мевасида калий моддаси мавжуд, бу инсон организмида юрак-қон томирлари тизими фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, ўз навбатида инсульт, инфаркт ва бошқа муаммоли хасталиклари келиб чиқишининг олдини олади. Хушбўй моддалар мавжудлиги унинг бириктирувчи таъсирчанлигига асос бўлади.
Жийда меваси инсонни тинчлантирувчи таъсирга эга ва уйқу дорилар билан қўшиб истеъмол қилинса, уларнинг фаоллигини оширади. Бундан ташқари асаб тизими фаолиятини меъёрга келтиради, ва ғазабланиш, асабийлашувнинг олдини олади. Жийда тинчлантириш фаоллиги билан биргаликда саломатликни мустаҳкамлайди.
Унинг янги узилган мевасини турли пишириқ-десертларга қўшиш мумкин. Бундан ташқари ундан мураббо ва жемлар тайёрлаш мумкин.
Жийда меваси халқ табобатида кенг ишлатилади. Дармон дорилар таркибида унинг меваси билан бир қаторда гули, барглари ва новда пўстлоқлари ҳам ишлатилади. Масалан, мевасининг дамламасидан овқат ҳазм қилиш муаммоларини ҳал этишда, шунингдек, оғиз бўшлиғи касалликларидан фориғ бўлиш мақсадида ғарғара қилиб оғизни чайиш йўли билан фойдаланиш мумкин. Барглари ревматизм, подагра ва радикулитни даволаш жараёнида яхши ёрдам беради. Баргларини яна жароҳат ва яраларга боғлаб, шамоллашни олиш ва жароҳат битишини тезлаштиришда фойдаланилади.
Бундан ташқари жийда мевасидан бавосирни даволашда фойдаланилади. Новдаси пўстлоғидан тайёрланган дамлама қон кетишини тўхтатишда яхши шифобахш воситадир. Мевасининг шарбати безгак ва қон босимини даволаш жараёнида истеъмол қилинади.
Мевасининг қайнатмаси нафас йўллари, безгак ва шамоллаш касалликларини даволашдаёрдам беради. Бундан ташқари, бу қайнатмадан йўғон ичак, ошқозон ва ичак йўлларини даволашда яхши ёрдам беради, шунингдек у ичкетарда ҳам ёрдам беради.
Унинг гуллари ва баргларидан ҳам шифобахш дамлама тайёрлаш мумкин. Бу дамлама қон босимида ва юқори ҳароратни туширувчи табиий воситадир. Шунингдек, у юрак фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади, колитдан фориғ бўлишда ижобий натижа беради.
Жийданинг зарари ва ножўя таъсири
Ҳомиладор ва эмизикли аёллар уни истеъмол қилишдан ўзларини тийишлари тавсия этилади.
Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади
25 январь 2017 йил
#xabar #taqdimot #kitob
Тошкент шаҳридаги «Ислом ота» жоме масжиди залида икки янги маърифий асар – Яшнобод тумани «Пул емас ота» жоме масжиди имом ноиби Хайруллоҳ домла Тоғаевнинг «Ризқ эшиги...» («Имомнинг ён дафтари») ҳамда Абдувоҳид домла Ўрозовнинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур мўъжизалари» китоблари тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилояти имом-хатиблари, шифокор ва тилшунос зиёлилар ҳамда китобсевар меҳмонлар қатнашди.
Бошловчи Абдувоҳид домла йиғилганларни ташриф билан қутлади. Сўнг Қуръони карим тиловат этилиб, ўтган уламолар ва устозлар руҳониятига бағишлаб хайрли дуолар қилинди.
Абдувоҳид домла Ўрозов «Ризқ эшиги...» муаллифнинг кўп йиллик имомлик тажрибаси ва ҳаётий кузатувлари маҳсули эканини айтиб, илк сўзни Бектемир тумани бош имом-хатиби Пўлатхон домлага берди. Маърузачи юртимизда барпо этилаётган Имом Бухорий ва Бурҳониддин Марғиноний мажмуалари, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ҳаж ва Умра шароитларига шукр қилиш лозимлигини билдириб, Хайруллоҳ домланинг «Пул емас ота» масжидини обод этишдаги меҳнатларини эътироф этди:
— «Аҳолимиз салкам 40 миллионга етиб, 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил қилмоқда. Динимизда касб-ҳунар эгаллаш фарз, текинхўрлик эса қораланган. Ҳазрати Нақшбанднинг "Дил ба ёру, даст ба кор" шиори барчамизга ўрнак. Бу китоб ёшларни енгил-елпи йўллардан асраб, ҳалол меҳнатга чорлайди».
Сўнг бошловчи илмни ёзиб мустаҳкамлаш ҳақидаги ҳадисни эслаш баробарида сўз навбатини Қашқадарё вилояти Қарши тумани бош имом-хатиби Холмурод домла Боймуродовга берди. Ҳар икки китобни тун давомида ўқиб чиққанини айтган Холмурод домла асарлар содда ва равон тилда битилганини, «Ризқ эшиги...» муқовасидаги хурмо ва ўзидан 30–50 баробар оғир юк кўтара оладиган чумоли тасвири чуқур рамзий маънога эгалигини таъкидлаб, китоб ёзишни игна билан қудуқ қазишдек машаққатли меҳнатга қиёслади.
Навбат сўзни Абдувоҳид домла шифокор Шокирхон ҳожи ака (Шокир Қосимов)га берди. Китобхон сифатида фикр билдирган Шокир Қосимов «Ризқ эшиги...»га Шайх Абдулазиз Мансур тақриз ёзгани унинг салмоғини оширганини айтди:
— «Китобни бир нафасда ўқиб, яқинларимга ҳам улашдим. Ишсизлик ва миграция масалалари долзарб бугунги кунда бу рисола айни муддао. Ундан оилавий давралар ва маҳаллаларда фойдаланиш, қорақалпоқ, қозоқ, тожик тилларига таржима қилиш ҳамда тақдимот хабарини "Ислом нури" газетасида ёритиш жуда фойдали бўлади».
Шундан кейин сўз олган Қарши тумани «Ҳожи Хизр» жоме масжиди имом-хатиби Анвархон домла Зебаров пайғамбарларга ўз даврининг энг ривожланган соҳасига мос мўъжизалар берилганини, Насафий, Марғиноний ва Имом Бухорий каби алломалар ёзиб қолдирган асарлар бугун бутун дунёга хизмат қилаётганини сўзлаб, қалам аҳли ва уларга ҳомийлик қилувчиларни доимо қўллаб-қувватлашга чақирди.
Бошловчи устоз Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларининг салом ва дуоларини етказгач, фахрий меҳмон, тилшунос Абдурашид ҳожи акага сўз берди. У киши «оппоқ сутдек пок яшаш» тамойили динимиз билан чамбарчас эканини, пайғамбарларнинг касб-кори ва Сарвари коинот сифатларини содда тилда ёритган бу китоблар келажак авлод тарбияси учун хизмат қилишини билдирди.
Кейинги навбатда сўзга чиққан Тошкент шаҳри «Аҳмад Яссавий» жоме масжиди имом-хатиби Алимардон домла ҳамда имом-хатиб Абдурауф домла ризққа Аллоҳ кафил экани, уни ноҳалол йўллар билан эмас, ҳалол меҳнат билан талаб қилиш шартлиги хусусида фикр юритди. Уларнинг сўзларини давом эттирган Абдувоҳид домла отаси бир пайтлар битта Қуръонни уч яшар ҳўкиз эвазига сотиб олганини эслаб, бугунги китоб сероблигига шукрона айтди. Қўшимча сўз олган Пўлатхон домла эса оилада шахсий ўрнакка урғу берди:
— «Бу китобларни шкафда чанг бостириб қўймай, дастурхон атрофида фарзанд ва набираларимиз олдида ўзимиз ўқийлик. Биз ўқисак, улар ҳам ўқийди; ўзимиз ўқимасак, қуруқ насиҳат кор қилмайди».
Тақдимот сўнгида «Ризқ эшиги...» муаллифи Хайруллоҳ домла Тоғаев барча меҳмонларга ва китобни нашрга тайёрлашда кўмаклашган нашриёт вакилларига миннатдорлик билдирди:
— «"Янгиобод" масжидида ишлаганимда 78 ёшли бир отахон ҳарф танимаган ҳолда дарсга келиб, бир ярим йилга бормай Қуръонни равон ўқийдиган бўлдилар. Ҳар бир оилада ҳафтада ҳеч бўлмаганда бир-икки бор давра қуриб, фарзандларга ҳалол луқма ва шубҳадан сақланиш ҳақида суҳбат қилиш жуда муҳим».
Якунда Абдувоҳид Ўрозов домла иштирокчиларга миннатдорлик билдириб, ҳар икки китобдан ҳадя этилишини маълум қилди. Тадбир Қуръони карим тиловати ҳамда юртимиз тинчлиги ва уламоларимиз хизматига барака тилаб қилинган дуо билан ўз ниҳоясига етди.
Ўз мухбиримиз