Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Январ, 2026   |   23 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:34
Шом
17:19
Хуфтон
18:37
Bismillah
12 Январ, 2026, 23 Ражаб, 1447

“Митти дорихона”нинг хосиятлари

27.12.2017   19213   2 min.
“Митти дорихона”нинг хосиятлари

Табобатда ошқовоқ “митти дорихона” дейилса, уруғи шу дорихонанинг юраги ҳисобланади. Унда инсон организми учун зарур деярли барча моддалар мавжуд.  Айниқса, бошқа мева ва сабзавотларда кам учрайдиган рух моддаси ошқовоқ уруғи таркибида кўп. Бу модда танада етишмаса, янги ҳужайралар, жумладан, қувват ҳужайралари шаклланмайди, шикастланганлари қайта тикланмайди, одам тез қарийди. Айниқса, болалар ва ўсмирларда ақлий ва жисмоний ривожланиш сустлашади, бепуштлик юз бериши мумкин. Мутахассислар фикрича, танасида рух миқдори етарли кишилар ичкиликка берилишдан анча ҳимояланган бўларкан.

Қовоқ уруғи ёш болалар ичагида урчийдиган тасмасимон ва думалоқ гижжалар, аскарида ва остритсаларга қарши энг фойдали восита ҳисобланади. Олдинлари уруғ чақилиб, шундоқ ейилган. Кейинчалик уруғ кукун, қайнатма ва ёғ ҳолида ҳам истеъмол қилинадиган бўлди.

Тозаланган ва қуритилган, лекин қовурилмаган 150–300 грамм қовоқ уруғининг мағзи ҳовончада туйилади. Бунда мағизни қоплаб турган кулранг-кўкимтир парда сақланиши керак. Чунки гижжаларни йўқотувчи кукурбитин ва танага қувват бўлувчи руҳ асосан шу парда таркибида бўлади. Сув қўшиб, бўтқа қилинади. Унга озроқ асал ёки қиём ҳам қўшиш мумкин. Эрталаб оч қоринга бир чойқошиқдан ичилади. Уч соат ўтгач, ич сурувчи дори берилади. Кейин ҳуқна қилинади.

Уруғдан қайнатма тайёрлашда 120-150 грамм мағзи янчилиб, устига икки баробар миқдорда сув қуйилади. Қайнар ҳолатга етказмасдан, икки соат тутиб турилади. Тўппаси сиқиб олинган сувли малҳам бир чойқошиқдан ичилади. Қовоқ ёғи юқумли касалликларга чидамлиликни оширади, ўпка ва нафас йўли яллиғланишининг олдини олади, ички аъзоларни тозалайди, буйрак, қувуқ ва жигар ишини яхшилайди. Сариқ, жигар қуруши, ошқозон-ичак, тери касалликлари ва чиллаярани (экзема) даволашда ишлатилади. Тери қуришининг олдини олади, кўз касалликлари, масалан, узоқни кўра олмаслик нуқсонида тавсия этилади. Эркакларда учрайдиган простатитни ва простата бези аденомасини даволашда муҳим восита ҳисобланади.

Касалликларни даволашда қовоқ ёғини овқатланишдан ярим соат олдин ёки икки соат кейин бир чойқошиқдан уч маҳал ичиш керак. Ўттиз-қирқ беш кун ичилгач, икки ой танаффус қилинади. Сўнг шу йўсинда яна қайта ичиш тавсия этилади. Қовоқнинг қуритилган ва янчиб майдаланган банди қайнатмаси икки чойқошиқдан кунига уч мартадан ичилса, сийдик ҳайдаб, бадан шишини кеткизади.

Қовоқ гули қайнатмаси эса қанд касалида бўғимларда ҳосил бўладиган ҳамда асаб билан боғлиқ (трофик) яраларни битирувчи хусусиятга эга. Бунда қайнатма латта ёки пахтага шимдирилиб, яра устига қўйилади. Сояда қуритилган гул кукуни жароҳатга сепилса, фойда қилади. Малҳамни тез тайёрлаш мақсадида қовоқ гулини сўлитиб, духовкада қуритиб олиш ҳам мумкин.

ЎМИ Матбуот хизмати

Табобат
Бошқа мақолалар

Садақангиз ҳужжат бўлади

11.01.2026   7815   3 min.
Садақангиз ҳужжат бўлади

Аллоҳ таолонинг инсонларга берган барча неъматлари омонат бўлганидек молу давлат ҳам омонат. Шу боис уни буюрилган жойларга сарфлаш керак.

Қуръони каримнинг кўп оятларида эҳсон ҳақида оят бор. Жумладан, Оли Имрон сурасида бундай дейилади: “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагу нингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон сураси, 92-оят).

Бошқа бир ояти каримада: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди­ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳла рингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”, дея марҳамат қилинади (Бақара сураси, 271-оят).

Оятнинг зоҳиридан садақаларнинг барча турларини ошкора ёки пинҳона беришнинг жоиз лиги, аммо пинҳона афзал экани маълум бўлади. Лекин баъзи уламолар фарз ёки вожиб садақаларни, яъни закот, ушр, фитр садақаси ва каффоратларни ошкора берган афзал, ихтиёрий нафл садақалар эса пинҳона берилгани яхшидир, дейдилар. Зеро, вожиб садақалар пинҳона берилса, одамлар орасида закот берилмаяпти, деган шубҳалар туғилиши мумкин. Аммо нафл садақалар ҳам баъзан бошқалар кўриб ўрнак олсин, деган мақсадда ошкора берилгани яхши. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта садақа ўз эгасини қабр иссиқли гидан сақлайди. Садақа қилувчи мўмин қиёмат куни ўз садақаси соясида туради”, деганлар (Имом Табароний ривояти). Шу билан бирга, садақа гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “…Сув оловни ўчирганидек садақа гуноҳларни ўчиради”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Уламоларимиз эҳсон қилиш инсоннинг иймонини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки киши эҳсон бериб, иймонини синовдан ўтказади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни иймони борлигига)”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Демак, саховат қилиш билан киши яна бир бор иймони мустаҳкамлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлади.

Ҳадисда: “Уч нарсага қасам ичаман: банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти).

Афсуски, бугун мол­дунёси бўлатуриб, яқинларига, қавм­қариндошу муҳтожларга ёрдам бермаётган инсонларни кўплаб учратамиз. Бундай инсонлар ҳақида Аллоҳ таоло: «Сизларнинг (ҳар) бирингизга ўлим келганда: “Эй Раббим! Мени озгина (тирик) қолдирсанг­чи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!” деб қолишидан илгари Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилингиз!» (Мунофиқун сураси, 10-оят) дея огоҳлантиради. Куч­қувватнинг борида, бойликнинг кўплигида садақа қилишни эсга ҳам олмай, ўлим элчиси эшик қоқиб келганда Аллоҳга ёлвориб: “Мени озгина (тирик) қолдирсанг­чи, мен садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлсам!” дегандан фойда йўқ. Балки ёшликда, кучқувват борида ибодатларни ўрнида адо этиб, хайру эҳсон қилиб, ўзгаларнинг ҳожатини чиқариб, савоб амалларни кўпайтириш керак.

Қолаверса, саховатли киши бу амаллари билан улкан ажрларни қўлга киритади. Ҳадиси шарифларда боқувчиси йўқ ва мискинларга ёрдам берган кимса ҳақида бундай дейилган: “Бева ва мискинларни боқиш йўлида саъй-ҳаракат қилувчи киши худди Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилувчи кишидек ва кундузи рўзадор, кечаси эса ибодатда қоим бўлган кишидек (ажр-савобга эга бўлади)” (Имом Бухорий ривояти). Аллоҳ таоло барчамизни саховатли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин!

Шодлик БОЙНАЗАРОВ, Хива тумани

“Хон Исмоил Журжоний” жоме масжиди имом-хатиби