Миср Араб Республикасидаги “Ал-Азҳар” университети ректори Доктор Муҳаммад ал-Маҳрусовий терроризмнинг дини ва ватани йўқлигини айтиб, Исломнинг тинчлик, меҳр-мурувват ва бағрикенглик дини эканини таъкидлади.
Бу баёнот “Ал-Азҳар” университети ректорининг жорий йилнинг 15-17 сентябрь кунлари Испания пойтахти Мадрид шаҳридаги анжуманлар залида “Тинчлик саноқсиздир” шиори остида ўтказилаётган Умумжаҳон тинчлик форумидаги нутқида маълум қилинди. Доктор Муҳаммад ал-Маҳрусовий агар терроризм черковлар ва ибодатхоналарга зарар етказган бўлса, унинг масжидларга ҳам салбий таъсирини ўтказишини маълум қилиб, шундай деди: “Биз Миср Араб Республикасининг Шимолий Синай вилоятининг “Бир ал-Абед” қишлоғидаги “Ар-Равза” масжидида жума намозида содир бўлган теракт воқеасини эслайлик. Унда 305 киши ҳалок бўлган эди, чунки бу қишлоқнинг умумий аҳолиси 750 киши эди холос. Кўп сонли эркаклар йўқ қилинди, аёллар ва ёш болалар қолди. Барча динларда терроризм қораланади, тинчлик барча динларнинг, шу жумладан Ислом динининг ҳам асл негизидир. Исломнинг меҳр-мурувват, тинчлик ва тўғрилик дини эканлиги хусусида Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида таъкидлаб ўтилган. “Ас-Салам” яъни “Тинчлик” сўзи Қуръони каримда 140 марта зикр қилинган”.
“Ал-Азҳар” университети ректори Доктор Муҳаммад ал-Маҳрусовий ўз нутқида тинчлик турларини батафсил баён қилиб, жумладан кишининг ўзи билан, оиласи билан, жамияти билан ва бутун дунё билан тинчлиги бўлишини таъкидлади.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Илёс Аҳмедов тайёрлади.
Халқаро оила куни, яқинлашаётган қутлуғ Қурбон ҳайити ҳамда 1 июнь — Болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Тошкент ислом институтида таълим муассасаси тарихида илк бор «Оилавий очиқ эшиклар куни» ташкил этилди. Институти ҳовлисида ўзгача қувонч ва самимият муҳитини улашган ушбу файзли тадбирни таълим муассасаси ректори Уйғун Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди.
Тадбир доирасида институтда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчилар ва ходимларнинг 200 нафардан зиёд фарзандлари ҳамда набиралари учун унутилмас болалар сайли уюштирилди.
Мазкур ташаббусдан кўзланган асосий мақсад — болажонларнинг ўз ота-оналари меҳнат қилаётган табаррук илм даргоҳи ва бу ердаги маърифий муҳит билан яқиндан танишиши ҳамда қалбида илм аҳлига нисбатан юксак ҳурмат-эҳтиром туйғусини шакллантиришдан иборатдир.
Байрам дастури доирасида болажонлар учун «Ширинликлар байрами» ташкил этилиб, миллий ўйинлар, расм чизиш, хаттотлик, шахмат-шашка ва стол тенниси каби спорт мусобақалари ўтказилди.
Шунингдек, қизлар учун миллий ҳунармандчилик маҳорат дарслари, сайёр аттракционлар ва мультфильмлар намойиши болажонларга ҳақиқий қувонч улашди. Тантанали тадбир якунида институт маъмурияти томонидан барча иштирокчиларга махсус байрам совғалари ва ширин тушликлар тақдим этилди.
Ота-онасининг жамият учун манфаатли меҳнатидан фахрланган болажонларнинг чеҳрасидаги беғубор табассум ушбу хайрли ва маънавий тадбирнинг энг катта ютуғи бўлди. Зеро, оиласи аҳил, фарзандлари бахтиёр бўлган юртнинг келажаги ҳамиша нурли ва барқарордир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати