Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳрида ўтказилаётган 38-халқаро китоб кўргазмасида 300 метр узунликдаги Мусҳаф қўлёзмаси намойиш этилди.
The National нашрининг ёзишича, қўлёзма муаллифи, ҳиндистонлик рассом M Dileef экани айтилган. Муаллифнинг сўзларига кўра, Қуръони каримнинг тўлиқ кўчирилганидан кейинги қўлёзма шакли 1 километр узунликда бўлади.
Рассом Аллоҳнинг Каломини бутун дунёга ёйишни мақсад қилганини айтиб, ушбу қўлёзма Ҳиндистон, Туркия сингари мамлакатларда намойиш этилганини қайд этган. Эндиликда Европа бўйлаб кўргазмалар ташкил этиш режалаштирилган.
Шаржада ўтаётган китоб кўргазмаси жорий йилнинг 9 ноябрига қадар давом этади. Унда 2000 дан ортиқ дунё нашриётлари ўз китоблари билан иштирок этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.