Буюк Британия қироллиги миллий статистика бюросининг хабарига кўра, мусулмонларнинг сони 2019 йил якуни бўйича 3 миллион нафардан ошган.
Лондоннинг баъзи қисмларида мусулмонлар аҳолининг 50 фоизини ташкил этиши таъкидлаанган. Ҳолат шу даражада қолса, мазкур жойларда яқин ўн йилликда мусулмонлар аҳолининг аксариятини ташкил этиши айтилган.
Расмий маълумотларга асосан, Англия, Шотландия ва Уэльснинг мусулмон аҳолиси 3 363 210 нафар, яъни аҳоли умумий сонининг 5,9 фоизидир. Бу ҳақда The Sun маълумот берган (https://azon.uz/content/views/buyuk-britaniyada-musulmonlar-soni-rasma).
2018 йил маълумотларича Лондонда 1,26 миллион нафар Исломга эътиқод қилувчилар яшаган, бу пойтахт аҳолисининг 14,2 фоизидир.
Мусулмонлар сони ортар экан, христианлар сони камайиб бормоқда. Сикхлар, яҳудийлар ва буддистларнинг сони аввалги даражада қолган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўқитувчилари Мисрдаги Ал-Азҳар халқаро имом ва воизлар тайёрлаш академиясида малака оширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Делегация аъзолари икки ҳафталик ўқув дастури давомида мисрлик исломшунос олимлар билан араб тилини ўрганиш, таълим тизимида инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш, исломшунослик йўналишидаги янги ёндашувлар ва кўникмалар хусусида фикр-мулоҳазалар алмашди.
Малака ошириш курслари доирасида Ал-Азҳарда фаолият юритувчи таниқли имомлар томонидан маърузалар ташкил этилди. Хусусан, профессор Аҳмад ат-Таййиб турли мамлакатлардан келган уламолар, тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро илмий-академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида алоҳида тўхталиб ўтди.
Дастур давомида араб тилини ўқитишнинг замонавий стратегиялари, илғор педагогик ёндашувлар ва тил кўникмаларини амалиётга самарали татбиқ этиш масалаларига бағишланган маърузалар, амалий машғулотлар ҳамда семинарлар ҳам ўтказилди.
Ўқув дастури сўнггида Ал-Азҳар халқаро академияси президенти, профессор Ҳасан ас-Сағир ҳамда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси вакили тингловчиларнинг билим олишга бўлган иштиёқи ва фаоллигини юқори баҳолаб, ушбу курс халқаро миқёсда илмий ва даъват салоҳиятини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Учрашувда курс давомида тайёрланган энг яхши амалий лойиҳалар муаллифлари алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўқитувчиларига сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати