Чеченистон Республикаси Президенти Рамзан Қодиров Ойсхара қишлоғида масжид қурилиши билан танишди. Тўрт гектар майдондаги бу ерда беш минг кишилик энг катта ва кўркам масжидлардан бири қурилмоқда. Grozny.tv хабарига кўра, минтақа раҳбари бу ҳақда ВКдаги саҳифасида маълум қилди.
"Яқинда яна бир чиройли масжид очамиз. Чеченистон Республикасининг биринчи Президенти, Россия қаҳрамони Аҳмад-Ҳожи Қодировнинг набираси Абдуллоҳ билан Чеченистоннинг Гудермес туманидаги Ойсхара қишлоғига ташриф буюрдим. Тўрт гектар майдонда бу ерда беш минг кишилик энг катта ва кўркам масжидлардан бири қурилмоқда. Аллоҳнинг уйига 1932 йилда диний илм тарқатиш ва болаларга Қуръони Каримни ўргатгани учун судланган севимли бобом Абдулҳамиднинг укаси Сулим Қодиров номи берилади. У 14 узоқ йилни ГУЛАГ лагерларида ўтказди", - дейилади матнда.
Айни пайтда мазкур иншоотда ички ва ташқи пардозлаш ишлари, шунингдек, атрофни ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, ободонлаштириш режалаштирилган. Ўзбекистонлик мутахассислар Бухоро услубида масжид қуришмоқда.
Рамзан Қодиров Чеченистон Республикаси раҳбари маслаҳатчиси Амрудди Эдильгириевга вазифаларни олий даражада бажаргани учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Шунингдек, янги масжид нафақат Гудермес тумани, балки бутун республиканинг кўрки бўлиб қолишига ишонч билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Хушхулқлик – бандаликнинг энг улуғ даражаси бўлиб, унда мардликнинг чин сурати намоён бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга кўплаб фазилатлар ато этганига қарамасдан у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни айнан хулқи хушлари билан мадҳ этди. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта Сиз улуғ хулқ устидадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят).
Олимлар қайд этадилар: “Улуғ хулқ дегани шундай хулқ ҳисобланадики, бундай хулқ соҳиби ҳеч кимга нисбатан адоватда бўлмайди ва унда одамларнинг нафратига сабаб бўладиган заррача бўлса ҳам ёмон иллатнинг ўзи бўлмайди. Буларнинг барчаси Аллоҳни танишнинг юксак даражалари туфайлидир”.
Бошқа олимлар дейдилар: “Улуғ хулқ – бу одамларнинг унга нисбатан қилган жабру жафоларини Аллоҳдан деб билганлиги сабаб улардан ранжимаслигидир”.
Олимларнинг қуйидагича фикрлари ҳам бор: “Улуғ хулқ – бу кишининг бутун борлиғию эътиборини фақат Аллоҳга қаратмоғидир!”.
Шунингдек, илоҳиёт олимлари юқоридаги оятни батафсил мана бу тарзда изоҳлаган эканлар:
“Эй Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, сиз улуғ хулқ соҳибисиз! Бу даража фақат сизгагина насиб этган. Бошқа ҳеч бир яралмиш хулқнинг бу даражасига кўтарила олмайди. Шунинг учун ҳам Сиз бошқаларнинг қўлидан келиши маҳол бўлган даражада матонатли, сабр соҳибисиз”.
Олимлардан яна бири бу оятни қуйдагича изоҳлаган экан: "Аллоҳнинг хулқи билан хулқланганингиз учун одамларнинг туҳмати, таънаю маломати Сизга салбий таъсир этолмайди ва Сиз уларнинг ёмонликларидан етажак уқубатдан фориғсиз. Зероки, ўз кучингиз билан эмас, Аллоҳ айтганидек, Аллоҳнинг ёрдами билан тоқат қиласиз".
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.