Қозоғистон мусулмонлар диний идораси раиси, олий муфтий Науризбай ҳожи Тағанули ташаббуси билан мамлакатнинг ҳар бир вилоятида "ҳалол" маҳсулотларини сотиш бўйича махсус савдо нуқталари очила бошлади.
Оқтўба шаҳрида мамлакатнинг биринчи "ҳалол дўкони" очилди. Оқтўба вилояти бош имоми Толеби Оспан, « Ҳалол Даму» директори Аибек Асқарбекули иштирокида шаҳарда "1-сон ҳалол" дўконнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Muftyat.kz хабар қилишича, бош имомнинг марҳамати билан ҳалол бозори ишга туширилиб, дастлабки истеъмолчилар ҳалол маҳсулот турлари билан таништирилди.
"Ҳалол Даму" директори Аибек Асқарбекулининг айтишича, бу яхши ташаббус илк бор Оқтўба вилоятида амалга оширилди ва келажакда бундай нуқталарни мамлакатнинг турли бурчакларида очиш режалаштирилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Намозини уйда ўқиётган намозхон ҳам фарзни ўқиб бўлгач суннат ва нафл намозларни ўқиш учун жойини ўзгартириши мустаҳабми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Намозда имом бўлган шахс фарзни ўқигач, ўша жойнинг ўзида нафл ўқиш макруҳ саналади. Шу боис ўнг ёки чапга ёки орқа сафга ўтиб олади. Чунки агар имом фарзни ўқиган жойида суннатни ўқиса, жамоатга кеч келган одам имом фарзни ўқияпти деган гумонда иқтидо қилиб қўйиши мумкин.
Уйда ёки масжидда мустақил намоз ўқиётган намозхон фарз ўқиган жойида ҳам, бошқа жойга ўтиб ҳам ўқиши мумкин, макруҳ бўлмайди. Бошқа жойда ўқиш афзал ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фарздан кейин жойни ўзгартиришга тарғиб қилиб: “Сизлардан бирингиз намозидан фориғ бўлгач, нафл ўқиш учун олди ёки орқасига силжишдан ожиз бўладими?” деганлар. Яна бир ҳадисда намоз ўқилган жой қиёмат куни намозхоннинг фойдасига гувоҳлик бериши айтилган. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.