Индонезия матбуоти Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган муҳим воқеалар ҳақида мамлакат жамоатчилигини хабардор қилишда давом этмоқда, деб хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги.
"Mi’raj News Agency" ахборот сайтида яна бир мақола чоп этилди. Унда таъкидланишича, Хива шаҳрида ЮНЕСКО кўмагида "Марказий Осиё цивилизациялар чорраҳасида" халқаро форуми бўлиб ўтади.
ЮНЕСКОга таяниб Индонезия ахборот ресурсининг хабар беришича, форум минтақанинг умумий маданияти ва умумий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш учун яхши имконият яратади.
Ўзбекистоннинг Хива шаҳри минг йиллар давомида таълим, фан ва маданият маркази, цивилизациялар бешиги вазифасини ўтаган Ипак йўлидаги энг қадимий шаҳарлардан бири, Ичан-қалъа ички шаҳар эса 1990 йилдан буён ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилгани алоҳида таъкидланади.
"Шаҳарнинг Жума масжиди, мақбаралар, мадрасалар, шунингдек, XIX аср бошларида қурилган саройлар каби ноёб меъморий диққатга сазовор жойлари ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан сайёҳларни ўзига жалб этади", деб ёзади ахборот ресурси.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бошчилигида Диний идоранинг бир гуруҳ вакиллари Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Қатар мустақиллиги куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда қатнашди.
Ўзбекистон ва Қатар халқларини ўзаро боғлаб турувчи тарихий-маданий ришталар бугунги кунда кенг кўламли ва узоқ муддатли алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал Соний саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда Қатар Давлати кенг қамровли тараққиёт борасида сифат жиҳатдан улкан ўзгаришларга эришди ҳамда стратегик режалаштириш ва замонавий иқтисодий бошқарув соҳаларида ўрнак бўладиган мамлакатга айланди.
Бу йилги байрамни Қатар давлати ва унинг фуқаролари "Қатар сизлар билан юксалади ва сизлардан кутади" шиори остида нишонламоқда. Бу шиор ҳам Қатар давлати амирининг сўзларидан олинган. Қатар Миллий 2030 Ривожланиш Стратегияси эса инсонни тараққиёт марказига қўйиб, уни олий мақсад сифатида белгилаган.
Эслатиб ўтамиз, сал олдинроқ Қатар элчихонаси томонидан Ислом цивилизацияси марказига бир қатор китоблар совға қилинган, ўз навбатида меҳмонларга Марказ томонидан Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхаси туҳфа этилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати