Саудия Арабистонининг етакчи нашрларидан бири «Ал-Франчайз» газетаси веб-саҳифасида (franchising.sa) «Тошкент Ислом тараққиёт банки йиғилишини қабул қилади» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда, «Дунё» АА.
Мақолада Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари-инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажжар билан виртуал музокараларининг натижалари ўз ифодасини топган.
Нашрда қайд этилганидек, Тошкент Ислом тараққиёт банки бошқарувчилар Кенгашининг қирқ олтинчи сессиясини жорий йил июль ойида ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.
ИТБга аъзо 57 давлат ва халқаро молия ташкилотлари ва муассасаларидан таҳминан 3 минг делегат ИТБ бошқарувчилар Кенгашининг навбатдаги сессиясида иштирок этиши кутилмоқда.
«Мазкур сессия ишига тайёргарлик доирасида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари-инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Ҳажжар билан виртуал музокаралар ўтказди. Унда тадбирга тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди ва тегишли «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш учун ишчи гуруҳни шакллантириш масаласини тезлаштиришга эътибор қаратилди», деб ёзилади мақолада.
Таъкидланишича, онлайн-суҳбат давомида С.Умурзоқов ва Б.Ҳажжар Ўзбекистон ва ИТБ ўртасидаги қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга оширишнинг ҳозирги ҳолати ва яқин келажакда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Томонлар таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида янги ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни тайёрлаш орқали Ўзбекистонда Ислом тараққиёт банкининг инвестиция пакетини кенгайтириш имкониятларини батафсил кўриб чиқди.
«Мулоқот якунида Хусусий секторни ривожлантириш исломий корпорацияси, Савдони молиялаштириш халқаро исломий корпорацияси, Инвестицияларни кафолатлаш ва экспортни суғурталаш исломий корпорацияси каби Ислом тараққиёт банки органларининг имкониятлари орқали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди», деб ёзади «Ал-Франчайз».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бугун 2025 йил 13-ноябрь санасида Мир Араб олий мадрасаси анжуманлар залида «Глобаллашув даврида соф ақида ва тасаввуф масалалари» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбирни Дин ишлари бўйича қўмита раисининг I-ўринбосари Давронбек Мақсудов кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбораси Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов юртимизда диний соҳадаги ислоҳотлар, янги очилган илмий-тадқиқот марказлари, олий диний таълим муассасалари ҳақида сўз юритди.
Анжуманда сўзга чиққан ЎМИ Бухоро вилояти вакили, Мир Араб олий мадрасаси ректори устоз Жобир домла Элов конференция ишига омад тилаб, ташриф буюрган маърузачиларга ўз миннатдорлигини билдирди.
Шу билан бир қаторда анжуманда халқаро даражадаги илмий конференцияни кенг ёритиш мақсадида телевидения ходимлари ҳам таклиф этилди.
Халқаро илмий-амалий конференция 2 шўбада олиб борилди. Қўйида шўбалар мавзулар ҳамда ўз маърузаси билан қатнашган маърузачи ва иштирокчилар билан таништириб ўтамиз:
Иштирокчилар:
Даврон Мақсудов - Дин ишлари бўйича қўмита раисининг 1- ўринбосари;
Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов - Ўзбекистон мусулмонлари идорас1 раиси ўринбосари, сиёсий фанлар доктори,профессор;
Азизбек Қаландаров - Вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари;
Жобир Элов - Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили, Мир Араб олий мадрасаси ректори.
I-Шўба. Глобаллашув даврида софақида: муаммолар ва ечимлар.
Абдулатиф Аллоқулов - Имом Мотурудий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Мотурудийлик таълимоти тадқиқотлари бўлими бошлиғи(PhD), доцент - "Мотурудийлик таълимотида тафвиз ва таъвил методологияси";
Др. Аҳмед Саад Ибраҳим Абдулраҳман Осман - Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими "Тасаввуф ва калом илми ўртасидаги маърифий уйғунлик";
Аҳмад Ражаб Аҳмад Адавий - Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси - Ҳадис шариф олимлари ва уларнинг бошига келган эътиқодий синовлар: "Имом Насаий ва у кишининг "Хосаис Али" ва "Муснади Али" китоблари талқинида";
Аҳмад Муҳаммад Али Мисрий - Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси - "Экстремизм ва терроризмга қарши диний таълимнинг таъсири";
II-Шўба. Глобаллашув даврида тасаввуф: маънавий мерос ва замонавийлик.
Ойгул Шарипова - Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси раҳбари, фалсафа фанлари доктори (DsC) профессор. "Тасаввуф таълимоти - ижтимоий барқарорлик омили";
Ҳайдар Юлдашходжаев – Янги аср университети кафедра мудири, доцент, тарих фанлари номзоди. "Мусохон Даҳбидийнинг Хожагон- Нақшбандия таълимоти ривожида тутган ўрни";
Гулчеҳра Наврўзова - Бухоро давлат техника университети ижтимоий фанлар ва жисмоний маданият кафедраси профессори, фалсафа фанлари доктори "Нақшбандия таълимотининг инсонпарварлик моҳияти";
Др. Айман Усмон Абдулъалим Муҳаммад Шариий – Бухоро давлат университети Ислом тарихи ва манбашунослиги, фалсафа кафедраси ўқитувчиси "Глобаллашув даврида араб тили ва араб тилига кириб келган сўзларнинг таъсири";
Ҳусен Джураев - Бухоро давлат университети "Ислом тарихи ва манбашунослиги, фалсафа" кафедраси доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори - "Хаттотлик санъати ва қўлёзма манбаларининг инсоният маданиятига таъсири".
Модератор:
Тўхтасинов Рўзимуҳаммад – Мир Араб олий мадрасаси катта ўқитувчиси, Исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори(PhD).
Анжуман сўнгида барча маърузачиларга эсдалик совғалари ҳамда сертифатлар топширилди ҳамда Олий мадраса ректори устоз Жобир домла Элов томонидан барча ташриф буюрганларга ва ташкилотчиларга миннатдорлик билдирилди.





















Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги Матбуот хизмати