Европада бугунги кунда муқаддас Ислом дини мавқеи жиҳатидан йирик иккинчи динга айланди.
Албания, Косова, Босния ва Ҳерсоговина, Туркия сингари мамлакатлар аҳолисининг катта қисмини мусулмонлар ташкил этса, Ғарбий Европада бу миқдор бироз пастроқ.
2010 йилда берилган маълумотларга кўра, Европа аҳолисининг 44 миллиони мусулмонлардир.
Бугунги кунда Европада минглаб масжидлар ва номозхоналар фаолият юритади. Биз эса уларнинг ўнтаси ҳақида маълумот берамиз.
Шарқий Лондон масжиди (East London Mosque)

1985 йилда асос солинган бўлиб, қурилиш ишларига 22,3 миллион фунт стерлинг сарфланган. Ушбу масжид Лондон шаҳрининг йирик мусулмонлар жамоаси истиқомат қилувчи мавзесида қад ростлаган. Унинг таркибида Лондон мусулмонлари маркази ва Марям маркази фаолият юритади.
Масжидда бмр вақтнинг ўзида 7 минг киши ибодат қилиши мумкин.
Рим масжиди (Moschea di Roma)
Рим масжиди 1994 йилда қурилган бўлиб, қурилиш ишларига 40 миллион евро сарфланган ва масжидда бир вақтнинг ўзида 12 минг мусулмон ибодат қилишига имконият яратилган.
Масжид Рим шаҳрининг Париоли туманида жойлашган бўлиб, Европадаги (Россияни қўшмаганда) энг йирик масжид ҳисобланади.
Женева масжиди (Geneva Mosque)

1978 йилда асос солинган Женева масжиди Петит-саксонез масжиди номи билан ҳам машҳудир. Ушбу масжид Швейцариядаги энг йирик масжид ҳисобланади. Масжид қурилиши Саудия Арабистони томонидан молиялаштирилган.
Масжид очилишида Саудия Арабистони подшоҳи ҳамда Швейцария Конфедерацияси президенти иштирок этганлиги маълум. Бу масжидда бир вақтнинг ўзида 1,5 минг мусулмон ибодат қилиши мумкинлиги айтилган.
Мадрид марказий масжиди (Madrid Central Mosque)
_02.jpg)
1988 йилда асос солинган ва 30 йилдан буён фаолият олиб бораётган Мадрид марказий масжиди Испания пойтахтининг Тетуан туманида жойлашган. Ушбу масжид Абу Бакр Сиддиқ масжиди деб ҳам аталиб, узоқ вақт давомида қурилган. У Испанияга Ислом дини кириб келганидан қарийб 800 йил ўтиб Мадридда очилган илк масжид экани қайд этилган.
Глазго марказий масжиди (Glasgow Central Mosque)

1983 йилда фойдаланишга топширилган Шотландия пойтахтидаги марказий масжид ўз бағрига 2,5 минг кишини сиғдира олади. У Клайд дарёси бўйидаги Горбал туманида жойлашган.
Суонси масжиди (Swansea Mosque)

1990 йиллардан буён мусулмонлар учун хизмат қилиб келаётган Суонси масжидида бир вақтнинг ўзида 500 нафар киши ибодат қила олади. Ушбу масжиднинг Уэлсдаги бошқа масжидлардан фарқи шундаки, унинг биноси 1862 йилда қурилган Авлиё Андрю черкови биносида жойлашган.
1980 йилга қадар унинг ўрнида черков фаолият юритган ва шаҳар маъмурияти катта жамоага эга бўлган мусулмонлар эҳтиёжидан келиб чиқиб фойдаланилмаётган черков биносини масжид учун ажратган.
Черков биноси 1997 йилда мусулмонларга қарашли хайрия жамғармаси томонидан сотиб олингач қайта қуриш ишлари бошлаб юборилган.
Гданск масжиди (Мечеть в Гданьске)
1989 йилда барпо этилган Гданск масжиди Полшада фаолия юритаётган беш масжиддан бири ҳисобланади. Ушбу масжидга араб мамлакатларидан ўқиш учун келган талабалар маблағи ҳисобига барпо этилган. Масжидга шоир Жамолиддин ал Афғонийнинг номи берилган.
Марям ал Батул масжиди (Mariam Al-Batool Mosque)

1982 йилда Малта Республикасининг Паола шаҳрида барпо этилган Марям ал Батул масжиди Коррадино масжиди номи билан ҳам машҳур. Ушбу масжиднинг дастлабки тамал тоши 1978 йилда Муаммар Қаддафи томонидан қўйилган бўлиб, 1984 йилдан иш бошлаган. У Малтада қурилишига расман рухсат берилган ягона масжиддир.
Ушбу масжид Малтага ишлаш учун келган ливиялик муҳожирлар учун хизмат қилган.
Сеграт масжиди (Moschea di Segrate)

1988 йилда очилган ал-Раҳмон масжиди ёки Сеграт масжиди номлари билан аталувчи масжид Италиянинг Милан шаҳри яқинидаги Сеграт шаҳрида жойлашган. Маълумотларга кўра, Сеграт масжиди Италиянинг Лучерасида 688 йил олдин (1300 йилда) охирги масжид бузиб ташланганидан сўнг очилган биринчи масжид сифатида тарихга киритилган.
Масжид қошида Милан ва Ломбардия учун мусулмон маркази ҳамда “Ислом хабарчиси” журнали фаолият юритади.
Дублин масжиди (Dublin Mosque)

Дублин масжиди Ирландиянинг пойтахти Дублин шаҳридаги Жанубий айланма йўлда жойлашган бўлиб, Ирландия Ислом жамғармасининг штаб-квартираси ҳисобланади
Ушбу масжид биноси фаолият юритмаётган черов асосига ташкил этилган. Масжидда бир вақтнинг ўзида 500 нафар мусулмон ибодат қилиши учун шароит яратилган.
Маълумотларга кўра, Ирландияда мусулмон жамоалари сони 1990 йилларда муҳожирлар ҳисобига кўпайган. Республикада 2016 йилги статистикага кўра, 63 минг мусулмон яшайди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати