Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Апрел, 2025   |   14 Шаввол, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:26
Қуёш
05:48
Пешин
12:29
Аср
17:04
Шом
19:03
Хуфтон
20:20
Bismillah
12 Апрел, 2025, 14 Шаввол, 1446

Бетакрор ижодкор эдилар...

11.11.2016   6343   6 min.
Бетакрор ижодкор эдилар...

Яшил баҳор олиб келганди уни,
Ёз дарё бўйида сувга зор этди,

Қаҳратон ёнида юрди ҳар куни,
Ниҳоят суйгани – куз билан кетди.

Хуршид Даврон

(05.11.2016)

Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир (Анбиё, 35). Ҳа, бандалик ҳақиқати бу фонийликдир. Боқий қолгувчи ёлғиз Тангри таолодир. 

Инсонга ато этилган фурсат – умр ҳаётини эл-юрт учун, жамият учун манфаатли ўтказишнинг ўзи ҳам бир саодат. Куни кеча ўзбек халқи, ўзбек шеърияти ўзининг забардаст ўғлони – Ўзбекистон Қаҳрамони, Ҳамза номидаги, Абдулла Қодирий номидаги ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари соҳиби, шоир ва ижодкор Абдулла Ориповни боқий дунёга кузатди.

Абдулла Орипов ҳозирги ўзбек шеъриятида инсон қалбидаги мураккаблик ва зиддиятларни  теран, ҳаққоний, ўзига хос бетакрор куйлаган ижодкор эди. Ўз ижоди ила ўзбек шеъриятига янгича бадиий тафаккур йўсинларини олиб кирди. Шоир Яссавий, Навоий, Бобур, Чўлпон сингари ижодкорлар бадиий анъаналарининг давомчиси бўлди. Айниқса, истиқлол йилларида халқимиз хотирасидан унутилаёзган миллий қаҳрамонларимиз, буюк сиймоларимиз образини ҳаққоний гавдалантира олган, қолаверса, исломий тафаккурга йўғрилган миллий ўзлигимизни тараннум этган моҳир ижодкор эди. Бу борада унинг машҳур “Ҳаж дафтари ” (1992), “Соҳибқирон” (1996) номли тўпламлари, “Бобур”, “Савоб”, “Бандага сиғинма”, “Ҳидоят йўли”, “Мен кимга суянгум”, “Зиёли”, “Илтижо”, “Орият”, “Инсон”, “Сўнгги макон” ва бошқа кўпгина асарини келтириш мумкин.

 Абдулла ака билан суҳбатларимизнинг бирида: “Тақсир, шеърларингизда имон ҳақида тафаккур ҳақида жуда кўп ёзгансиз”, дея марожаат этганимизда  – Бахил қанчалар диндор бўлмасин жаннатга кирмайди, олов ўтинни ёқиб битиргани каби ҳасад ҳасадчининг савобларини еб тугатади дейдилар. Мен гапни нарироқдан бошлаётганимнинг сабаби бор. Баъзиларда юзаки фикрлаш қусури кучайиб кетяпти. Айниқса, озроққина адабиётга даъвогарлиги бўлганларга бу дарднинг юқиши жуда ёмон. Ижодкор деганимиз, биринчи навбатда, тафаккур қилувчи жонзотдир. Бу қавм фикрлашсиз яшамаслиги, яшолмаслиги лозим. Ваҳоланки, аллақачонлар ўзини номдорлар қаторига қўшиб бўлган қаламкаш биродарларимизнинг кўплари ҳалигача Қуръони карим ёхуд ҳадиси муборакдан ҳам бехабарлар, дея айтган эдилар. 

Истиқлолимизнинг илк йилларида (1992 йил) Абдулла Орипов билан муборак ҳаж сафарида бирга бўлиш насиб этганди. Ўшанда моҳир ижодкор ўзларининг “Ҳаж дафтари” номли тўпламларини битган эдилар.

Абдулла Ориповнинг бадиий юксак ижоди халқимизнинг қалбидан чуқур ўрин олган. Буюк истеъдод соҳибининг ижод намуналари асрлар давомида мухлислари томонидан севиб ўқилишига шубҳа йўқ. Аллоҳ таолодан севимли шоиримизнинг охиратлари обод бўлишини, асарларидаги миллий руҳ, маънавий покликдан сабоқ олган ҳар бир ўқувчи учун у кишига савоб ва мукофотлар етиб боришини сўраб қоламиз.

 

Анвар қори ТУРСУНОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

МЕН КИМГА СУЯНГУМ

Бир кун савол берди ёшгина ўғлон:
– Нечун Аллоҳим деб йиғлайсиз нолон?
Дедим, жавобимдан бўлмагин ҳайрон,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Тинимсиз алдаса муҳит, маконинг,
Тортса оёғингдан дўсту ёронинг.
Шундай ўтар бўлса ҳар зум, ҳар онинг,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Ношукур эмасман дунёда гарчанд,
Қайдадир менга ҳам бор балки дилбанд.
Ва лекин тириклай куйдирса фарзанд,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Инсофу ишонч ҳам ширин сўз бари,
Тириклик тошқиндир ёки кўпкари.
То ҳаёт экансан қочгайдир нари,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Шунчалар каж эрур дунёи гардун,
Ундан диёнатни ахтармоқ нечун?
Падар шод ўз ўғлин бағрин этса хун,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Мингта кўз пойлайди битта жонингни,
Жонингмас, мартабанг, балки шонингни,
Ўт қўймай ёқарлар хонумонингни,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Бу кўҳна дунёда яшадим нега,
Яйдоқ от мисоли бўлдим беэга.
Маломат қилурман, оломон, сенга:
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Мендан ранжимасин бўлса дўст агар,
Балки уларнинг ҳам дилида кадар,
Ҳойнаҳой, мендайлар дегай муқаррар:
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

Умр ҳам охирлаб бормоқда секин,
Энди сарғаймоқда мен эккан экин.
Майли, сен ўзингга суянгил, лекин,
Мен кимга суянгум Аллоҳдан бошқа.

 

СЎНГГИ МАКОН

Қайга бориб қўнар учаётган сор,
Қайси жойда тўхтар югурук оҳу?
Жавоб бериб бўлмас бу гапга зинҳор,
Бу жиҳат ёпиқ, деб айтилган, ёҳу.

Узоқ йиллар яшаш ҳар кимга армон,
Гарчи дунё ўзи фоний, муваққат.
Филда ҳам бор эмиш энг сўнгги макон,
Инсонга буюрсин Ватани фақат.

 

ОРИЯТ

Ер юзин тасмадек олгандир ўраб,
Турфа қавмларнинг сафи, қатори.
Бир ёнда боёнлар туришар қараб,
Ишларин ҳамиша келган барори.

Бир ёнда йўқсиллар тизилган борҳо,
Бошқалар сингари яхлит жамоат.
Лекин тиланишдан чарчамас асло,
Балки шараф эрур бундайин одат.

Учинчи қатор бор, учинчи қатор,
Хайру эҳсон кутиб, тиз чўка қолмас.
Улар ноёб зотлар, орияти бор,
Олтин танга узат, барибир, олмас!

Янгиликлар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муфтий ҳазратлари мақоласи нуфузли журналда нашр этилди

11.04.2025   4898   8 min.
Муфтий ҳазратлари мақоласи нуфузли журналда нашр этилди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари томонидан Қуръони карим қўлёзмаларини асраб-авайлаш бўйича юртимизда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ёзилган мақола Ислом ҳамкорлик ташкилоти илмий журналида эълон қилинди.

 

Мазкур журналдаги мақолада илмий-маънавий меросимизни сақлаш, илмий таҳлил қилиш, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида кенг жамоатчиликка маълумот бериш, алломаларимиз асарларини дунё ҳамжамияти ўртасида кенг тарғиб этиш, илм-фан, маънавият ва амалиётда улардан фойдаланиш ва авлодларга етказиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида сўз боради.

 

Хусусан, унда ҳукуматимиз ташаббуси билан Катта Лангар Қуръони “Лувр” музейи мутахассислари иштирокида реставрация қилингани, унинг икки саҳифаси Париж ва Жидда кўргазмаларида намойиш этилгани алоҳида таъкидланган.

 

Катта Лангар Қуръонининг тарихий аҳамияти, мусулмон дунёсидаги қадр-қиммати жуда юқори бўлиб, мусҳаф кўп асрлар нафақат юртимиз, балки дунё аҳли, бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб хизмат қилади, инша Аллоҳ.

 

Маълумот ўрнида, Ислом ҳамкорлик ташкилоти БМТдан кейинги ўринда турувчи 57 давлат аъзо бўлган ҳукуматлараро йирик тузилма ҳисобланади. У мусулмон дунёси манфаатларини ҳимоя қилиш ва тинчлик-тотувликни қарор топшириш билан шуғулланади. У 1969 йилда ташкил этилган бўлиб, қароргоҳи Жидда шаҳрида жойлашган. Ўзбекистон бу тузилмага 1996 йилда аъзо бўлган. Дунё мўмин-мусулмонлари ҳаёти, илмий янгиликлари ва муҳим воқеа-ҳодисаларга бағишланган “OIC” номли ташкилот журнали араб, инглиз ва француз тилларида чоп этилади.

 

✅ Қуйида мақолани мутолаа қилиш мумкин.

------------------------------------------------------

“КАТТА ЛАНГАР ҚУРЪОНИ” ТАРИХИ ВА БУГУНГИ ҲОЛАТИ
 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасида сақланаётган “Катта Лангар Қуръони” номи билан аталадиган Қуръони каримнинг нусхаси дунёдаги энг қадимий ва нодир қўлёзма асарларидан ҳисобланади. Бу нусханинг Катта Лангар Қуръони деб номланиши унинг Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида сақланганига бориб тақалади. Саҳифалар узоқ вақт давомида “Катта Лангар шайхлари” деб ном олган Ишқия тариқати вакиллари томонидан асраб келинган.
 

Ушбу қўлёзма устида илмий-тадқиқот ишларини олиб борган олимларнинг таъкидлашларича, қўлёзманинг битилиши VIII асрнинг охирги чораги – араб грамматикаси қоидалари шаклланган даврга тўғри келади.
 

Ҳозирги кунда ушбу қўлёзманинг 81 саҳифаси Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербургдаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади. Машҳур шарқшунос, академик И.Ю. Крачковский ўзининг “Араб қўлёзмалари устида” китобида ёзишича, бу қўлёзма 1936 йилда институт томонидан нотаниш кекса аёлдан сотиб олинган.
 

1998 йилда профессор Е.А. Резван Шарқ қўлёзмалари институтида Е 20 инвентар рақами остида сақланаётган мазкур қўлёзма ҳақида хориж матбуотида инглиз тилида “The Qur’an and its World” мақоласини эълон қилди. Орадан бир неча ой ўтиб, француз шарқшуноси Франсуа Дерош Санкт-Петербургга хат йўллаб, Ўзбекистондаги Катта Лангар қишлоғидан топилган Қуръон саҳифалари фотонусхаларини ҳам юборади. Бу нусхалардаги ёзув тури ва услуби институтда Е 20 рақами остида сақланаётган қўлёзманики билан айнан бир хил эди.

 

Кейинчалик Е. Резван ушбу қўлёзманинг айрим саҳифалари Катта Лангар қишлоғида, шунингдек, Тошкент ва Бухорода ҳам сақланиши ҳақида хабар топади. 1999 йилда Катта Лангар Қуръони билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистонга илмий экспедицияни амалга ошириб, бир гуруҳ шарқшунос олимлар билан Тошкентда Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланаётган Усмон мусҳафи ва Лангар Қуръонининг бир саҳифаси, Шарқшунослик Қўлёзмалар институтида сақланаётган 1та саҳифасини, Лангар ота масжидида сақланаётган 12 саҳифани бориб кўради. Кейинчалик бу ҳақда “Усмон Қуръони изидан” деган ҳужжатли фильм ҳам тайёрлайди.

 

2000 йилнинг май ойида россиялик ва голландиялик олимларнинг изланишлари натижасида, Гронинген (Голландия) университети Изотоп тадқиқотлари марказида мазкур қўлёзма пергаментининг намуналари замонавий техникалар ёрдамида радиокарбон таҳлилидан ўтказилади. Текширув натижаларига кўра, ушбу қўлёзма милодий 775–995 йиллар оралиғида кўчирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хулоса берилди. Олимлар ушбу хулосага таяниб, қўлёзма VIII асрнинг сўнгги чорагига тегишли, деган тўхтамга келишган. Бу хулосани француз шарқшуноси Ф. Дерош ҳам тасдиқлайди.
 

Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг жами 16 саҳифаси мавжуд бўлиб, биттаси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланади.

 

Шарқ қўлёзмалари институтида 11604 рақами остида сақланаётган саҳифада “Бақара” сурасининг 26-61-оятлари кўчирилган. Мазкур институтда 2460 рақами остида сақланаётган Садир Зиё кутубхонасининг каталогида мазкур саҳифа ҳақида маълумот берилган бўлиб, унда саҳифанинг Учинчи Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу замонасида кўчирилган китобга тегишли экани айтилади.

 

Иккита саҳифаси Бухорода: биттаси Ибн Сино номидаги Бухоро вилоят кутубхонасида, иккинчиси Бухоро давлат музей-қўриқхонаси Арк қўлёзмалар музейида сақланмоқда. Унда Мужодала сурасининг 11-оятидан Ҳашр сурасининг 3-оятигача ёзилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида Катта Лангар Қуръонининг аввалдан бир саҳифаси сақланган. 2003 йилда 12 саҳифаси Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги “Лангар ота” масжидидан келтирилган. Ҳозирда 13 та саҳифаси сақланмоқда.



Мазкур қўлёзма матни сайқалланган ҳайвон териси – пергаментга битилган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми 53х35 см.ни ташкил этади. Матнлар арабий ёзув усулларининг энг қадимий турларидан бўлган кўфий-ҳижозий  хатида битилган. Қўлёзманинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли. XVII аср ўрталарида у қайта таъмирланган. Муқова ҳамда саҳифаларни бир-бирига мустаҳкам бириктириш мақсадида араб тилидаги матнлар битилган қоғозлар ёпиштирилган.

 

Катта Лангар Қуръони йиллар давомида таъмирланиб, уни безак ва нуқталар билан тўлдириб келинганини кўришимиз мумкин. Масалан, баъзи саҳифаларнинг йиртилган бурчакларига ямоқ солинган ва ямалган жойидаги оятлар насх хати турида ёзилган. Суралар орасига нақш чизилиб, унга суранинг номи ва оятларининг сони насх хатида битилган. Баъзи саҳифалардаги баъзи калималарга ҳаракатлар қўйилганини ҳам кўришимиз мумкин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган Катта Лангар Қуръонининг аввалги битта саҳифасида “Бақара” сурасининг 126–150-оятлари, 12 саҳифасида Нисо сурасининг 136-оятининг ярмидан бошланиб, Моида сураси тўлиқ ва Анъом сурасининг 82-оятининг бошланишигача бўлган қисми бор.

 

Мавжуд саҳифалар Қуръони каримнинг икки жузини ўз ичига олган. Демак, таҳмин қилиш мумкинки, Катта Лангар Қуръони 190–200 саҳифа атрофида бўлган. Бугунги кунгача уларнинг 97 саҳифаси ёхуд 47 фоизигина етиб келган.

 

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасида сақланаётган Катта Лангар Қуръони реставрация қилинди, яъни кўп асрлик чанг, ғубор, замбруғу зарарли бактериялардан тозаланди.

 

Мусҳаф саҳифалари таъмири Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шафелигида Франциянинг Лувр музейи реставраторлари ва маҳаллий мутахассислар иштирокида уч босқичда, яъни 2019, 2020 ва 2021 йилларда амалга оширилди.

 

2022 йил Ислом оламининг ноёб қўлёзмаларидан бири бўлган Катта Лангар Қуръонининг 2 саҳифаси Ўзбекистоннинг бой меросига бағишланган Париж кўргазмасида намойиш этилди.

 

Катта Лангар Қуръонининг тарихий аҳамияти, мусулмон дунёсидаги қадр-қиммати жуда юқори бўлиб, мусҳаф кўп асрлар нафақат юртимиз, балки дунё аҳли, бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб хизмат қилади.

 

Шайх Нуриддин Холиқназар,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий.

 

 

 

 

Ўзбекистон янгиликлари