Жорий йилнинг 24 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилояти, Самарқанд туманида жойлашган Имом Аъзам жоме масжидига ташриф буюришди. Ушбу масжид 1880-1890 йилларда қурилган бўлиб, собиқ шўролар даврида турли мақсадларда фойдаланган.
Давлатимиз мустақилликка эришгандан сўнг турли соҳалар қатори мўмин-мусулмонлага ҳам эркинликлар берилди. Юртимизда кўплаб масжиду-мадрасалар қайтадан қад рослади, ибодат қилиш учун қулай шароитлар ҳозирланди. Диёримиз ўзра олиб борилган кўплаб бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари қаторида эскириб, анчайинки яроқсиз ҳолатга келиб қолган Имоми Аъзам жоме масжиди биноси ҳам 1990-1991 йиллар давомида қайтадан бунёд этилди.
Бугунги кунга келиб эса Имоми Аъзам жоме масжиди тўлиқ таъмирдан чиқарилган ва намозхонлар ихтиёрига топширилган. Қулай шароитларда ибодат қилаётган юртдошларимиз давлатимиз ҳаққига, унинг тинчлики бардавом, келажаги порлоқ бўлишини сўраб дуои хайлар қилмоқдалар.




ЎМИ Масжидлар бўлими
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугун, 13 март куни жума намозини Тошкент вилояти Қибрай тумани “Байтқўрғон” жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга муборак ойнинг охирги даҳасини ғанимат билиш, бу дамлардан унумли фойдаланиб қолиш борасида гўзал суҳбат қилиб бердилар.
Аллоҳ таоло охирги ўн кунликни ўзига хос фазилат ва лутфу эҳсони билан шарафли қилганки, бунга бошқа кун ва ойларда етишишнинг иложи йўқ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бошқа ойларда қилмаган баъзи амалларни шу ойда қилганлар.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу охирги ўн кунликда ибодатларга янада жидду жаҳд билан киришиш, вақтни ғанимат билиш, Қадр кечасини излаш каби амалларни санаб ўтар экан, айниқса, Қадр кечасида қилинган солиҳ амал бошқа минг ойда қилинган амалдан яхшироқ бўлишини ояти карима билан келтириб ўтдилар. Зеро, Аллоҳ таоло Қадр сурасининг 3-оятида “Қадр кечаси минг ойдан ҳам яхшироқдир” деб марҳамат қилган.
Маърузада жамиятдаги бирлик, иноқлик, ўзаро ёрдам ва муҳаббат асосида қариндошларга яхшилик қилиш ётиши таъкидланди. Ўзаро аразлашганлар бўлса ярашишга чақирилди.
Шунингдек, бу йилги Рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳда ўтаётгани, бунинг асосий сабаби – Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан кенг кўламли хайрия ва ижтимоий кўмак тадбирларининг амалга оширилаётгани экани эътироф этилди.
Манфаатли суҳбат сўнгида Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ғанимат дамлардан унумли фойдаланиб, Ўзининг розилигига эришадиган бандаларидан қилишини сўраб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати