8 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси,муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ёнғиндан жабр кўрган саккизта хонадон аҳлларидан хабар олдилар.
Жорий йилнинг 18 март куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани “Оқлон” маҳалласидаги “Кўкча Дарбоза”, “Фузулий” ва “Омон Мухторов” кўчаларида жойлашган саккизта хонадонда кучли ёнғин бўлиб, уйларнинг ҳаммаси барча жиҳозлари билан ёниб кетган ва 65 киши бошпанасиз қолган эди. Шукрки, ёнғин хавфсизлиги ходимларининг тезкорлиги ва маҳалла аҳлининг уюшқоқлиги туфайли ҳеч ким жароҳат-ланмади.
Муфтий ҳазратлари азият чекканларга тасалли бериб, кўнгилларини кўтарадиган гапларни айтиб, бундай талофатда қилган сабрлари ажру савобларга ноил бўлишини сўзлаб бердилар. Шунингдек, ушбу хонадонларга маҳалла аҳли астойдил ёрдам кўрсатаётгани, ёнғин бўлган хонадонларни қайта қуриш ишлари ҳашар йўли билан барпо этилаётганига эътибор қаратдилар ва ана шундай оғир дамларда маҳалла аҳлининг иттифоқлиги жуда катта олий фазилат эканини таъкидладилар.
Мўминларнинг бир-бирларига меҳрибонлигига мисол қилиб, Саодат асрида Маккадан Мадинага ҳазрати Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам билан бирга кўчиб борган мўмин-мусулмонларга маҳаллий аҳоли ўзларининг уйларидан жой берганлари, ўзларининг энг яхши кўрган нарсаларини инъом этганларини айтиб бердилар.
Дарҳақиқат, ҳар бир банда ҳаёти давомида турли қийинчилик ва мусибатларга дуч келади. Зотан, бу ҳаётнинг ўзи имтиҳон дунёсидир. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай хабар қилинади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар(ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз” (Бақара, 155).
Мусибатлар сабаб қилиниб банданинг имони синалади. Мол-мулкнинг касодга учраши, бемор бўлиш ёки ишдаги муваффақиятсизлик кабиларнинг барчаси синовдир. Банда гоҳида яхшилик билан, баъзида қийинчилик билан синалади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки, тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Суҳбатда маҳалла аҳли ёнғин содир бўлган куниёқ оқсоқол Бахтиёр Каримов бошчилигида штаб тузилгани, барча зарурий ёрдам ва ташкилий ишлар ушбу штаб орқали амалга оширилаётганини билдирди.
Шунингдек, “Оқлон” жоме масжиди имом-хатиби Собир қори Рустамов ташаббуси билан саховатпеша инсонлар узлуксиз равишда хайрия қилиб турганларини айтдилар.
Бундан мамнун бўлган муфтий ҳазратлари имом-хатибларни бундай савобли ишларга ҳар доим камарбаста бўлишга чақириб, зиёратга ўзларига ҳамроҳлик қилиб борган Диний идоранинг Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар Қаюмов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Раҳимберди Раҳмонов ва Шайхонтоҳур тумани “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли каби таниқли имом-хатибларга шундай дамларда янада ғайрат кўрсатиш ҳақиқий дин пешвосининг иши эканини таъкидладилар. Шунинг билан бирга, хонадон соҳибларининг ёниб кетган китоблари, хусусан, Қуръони карим ва бошқа диний-маърифий адабиётларнинг ўрнини тўлдиришни тайинладилар.
Сўнгра “Оқлон” жоме масжидида пешин намозини маҳалла жамоаси билан бирга адо этдилар. Намоздан сўнг масжид қавми билан суҳбатлашаётиб, жумладан, бундай дедилар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни фориғ қилади”, деган ҳадиси шарифларига эргашган маҳалла аҳли бир ёқадан бош чиқариб, ёру биродарларининг бошига тушган ташвишга шерик бўлиб, ўзларининг катта ёрдамларини бераётганликлари бизни жуда ҳам хурсанд қилди. Бу айни мўминлик сифатидир.
Қад ростлаётган хонадонлар бирининг пойдеворига муфтий ҳазратлари ва мўйсафид отахонлар биринчи ғиштни қўйиб, энг эзгу дуоларни қилдилар.
Тез орада ушбу хонадонлар битади, янги уйларда тўйу тантаналар ўтказамиз, иншо Аллоҳ.
Муфтий ҳазратларининг кўнгил сўраб келганидан севинган маҳалла аҳли ва хонадон эгалари шундай оғирдамларда қимматли вақтларини сарфлаб ташриф буюрганлари ва кўнгилларини кўтарганлари учун миннатдор-лик билдирдилар.













Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари билан ҳаж мавсуми, хизматлар, шароитлар, ибодатлар ва ўзаро алоқалар тўғрисида бўлиб ўтган суҳбат Саудия Арабистонида чоп этиладиган машҳур “Уккоз” газетасида эълон қилинди.
Мазкур интервьюда жорий йилги ҳаж мавсуми юқори даражада ташкил этилгани, юксак савияли хизматлар кўрсатилгани, намунали тартиб-интизом ва инсонпарварлик тамойиллари асосида ўтгани алоҳида таъкидланган. Шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, жадал тараққий этаётгани эътироф этилган.
“Ҳаж – 2026” мавсумининг муваффақиятли ўтишида ўзбекистонлик зиёратчилар учун барча чора-тадбирларни амалга оширишга раҳнамолик қилган Давлатимиз Раҳбарига миннатдорлик билдирилган. Ўз навбатида Саудия Арабистони раҳбариятига ташаккур айтилган.
Айниқса, шу йилда илк бор жорий этилган 100 нафар юртдошимиз “Президент ҳожиси” сифатида Саудия Арабистони масъуллари томонидан юксак эҳтиром билан кутиб олингани ва кўрсатилган олий даражадаги эътиборга алоҳида урғу қаратилган.
Мино ва Арафотдаги замонавий чодирлар, шинам шароитлар, совутиш тизимлари ҳамда рақамли хизматлар зиёратчилар ибодатларини хотиржам адо этишларига омил бўлгани қайд этилган. Шунингдек, юртимизда зиёратчиларга кўрсатилган хизматлар, хусусан 9 та халқаро аэропорт орқали авиақатновлар йўлга қўйилгани, муборак манзиллардаги озиқ-овқат, тиббий ва транспорт хизматларининг юқори даражада бўлгани икки давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорлик самаралари экани баён қилинган.
Маълумот ўрнида: “Уккоз” газетаси 1960 йилда ташкил этилган бўлиб, Саудия Арабистонида чоп этиладиган энг йирик ва нуфузли кундалик нашрлардан бири. Газета номи қадимги араб дунёсида адабиёт, маданият ва савдо маркази ҳисобланган тарихий “Уккоз бозори” шарафига номланган. Бугунги кунда нашр босма ва рақамли форматда чиқиб, қироллик ҳамда Ислом дунёсидаги сиёсий, ижтимоий ва диний жараёнларни кенг ёритади.