Хоразм вилояти Гурлан тумани бош имоми, “Қора Алам Бобо” жоме масжиди имом-хатиби Маҳмуджон Ҳабибуллаев Гурлан тумани Фидокор маҳалласида яшовчи Қутлимуратовлар оиласига ўз ҳисобидан янги уй қуриб берди. Мазкур оила ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бири бўлиб, яшаб турган хонадони ночор ҳолатда, уйнинг шифти, поллари яроқсиз аҳволда эди. Унинг устига, газ, электр токидан катта миқдордаги қарздорлиги сабабли тармоқдан узиб қўйилган эди. Имом-хатиб эски уйнинг ёнидан алоҳида бинода 5 хоналик янги уй қуриб берган, коммунал тўловлардан ҳам қарзларини тўлаб берган.
Аслида бу хабар, мазкур хонадон соҳиби, уч фарзанднинг отаси Умрбек Қутлимуродовнинг Диний идорага Маҳмуджон Ҳабибуллаев номига ёзилган Ташаккурнома хатидан сўнг маълум бўлди.
Ташаккурнома хатида: “Бош имом Маҳмуджон ака бизларни зах, кўримсиз жойдан халос қилиб, ўз ҳисобидан беш хонали замонавий тартибда уй солиб берди. Биз фарзандларимиз билан ҳар куни эрталаб қўлимизни дуога очиб, у кишини узоқ умр кўришини, қилаётган хайрли ва савобли ишлари Қодир Аллоҳ ҳузурида ўзларига соябон бўлишини истаб қоламиз, дея мамнуният сўзлари битилган.
Биз бу масала бўйича биз имом домла билан боғланганимизда камтарлик билан: “Ҳа, ўтган йили қиш ойларида хонадоннинг оғир шароитини кўриб, Аллоҳ қодир қилса, шу оилага янги уй қуриб беришни ният қилган эдик, ёзга чиқиб, шу иш насиб бўлди ва тез фурсатда уй ҳам битди, дедилар.
Аллоҳ розилиги, халқ хизмати йўлида қилнаётган бу каби ишлар кўпаяверсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
اللّهُمَّ صَل صَلَوةً كَامِلَةً وَ سَلَّمْ سَلَاماً تَامَّا عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّد الَّذِى تَنْحَل بِهِ الْعُقَدُ وَ تَنْفَرِجُ بِهِ الْكُرَبُ وَ تُقْضَى بِهِ الْحَوَائِجُ وَ تُنَالُ بِهِ الرَّغَائِبُ وَ حُسْنُ الْخَوَاتِمِ وَ يُسْتَسْقَى الْغَمَامُ بِوَجْهِهِ الْكَرِيمِ وَ عَلى آلِهِ وَصَحْبِهِ فِي كُلِّ لَمْحَةٍ وَ نَفَسٍ بِعَدَدِ كُلِّ مَعْلُومٍ لَكَ.
Аллоҳумма солли солатан камилатан, васаллим саламан тамман ъала саййидина Муҳаммадиниллазий танҳаллу биҳил ъуқоду ва танфарижу биҳил куробу ва туқзо биҳил ҳаваижу ва туналу биҳир-роғоибу ва ҳуснул-хавотими ва йустасқол-ғамому би-важҳиҳил карийми, ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи фи кулли ламҳатин ва нафасин би ъадади кулли маълумин лак.
Маъноси: Аллоҳим, ҳазрати Муҳаммадга ва ул зотнинг оилалари (аҳли)га ҳар нафас ва ҳар лаҳзада Ўзингга маълум бўлган саноқлар миқдорича комил салавот ва мукаммал салом юборгин, чунки ул зотнинг воситасида (ҳар қандай) тугунлар ечилади, қийинчиликлар кетади, машаққатлар бартараф бўлади, ҳожатлар раво бўлади, орзуларга ва яхши-гўзал оқибатларга эришилади ҳамда ул зотнинг гўзал-карамли юзлари ҳурматидан ёмғирлар сўралади. («Ал-адъийатул-воридату фил-аятил каримати вал аҳодисиш шарифах», 64-с).
Бу салавотни ҳар бир намоз ортидан ўн бир марта ўқилади. Бирор ҳожат ёки мушкулотнинг ҳал бўлиши учун аввал 114 марта Фотиҳа сураси ўқилиб, кейин бу салавот мукаммал 4444 (тўрт минг тўрт юз қирқ тўрт) марта ўқилса, ортидан Анфол сурасининг 60-64-оятлари тиловат қилинса, муродга эришилиши тажрибаларда синалган. Ушбу салавот «Ас-сиятул комила» ёки тез ижобат бўлгани учун «Ан-нория» деб номланган.
Бир ривоятга кўра, Саййид Аҳмад ат-Тозийга нисбатан «Ат-Тозия» ёки «Ат-Тафрижийя» деб ҳам аталади.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Кимки бу салавотни ҳар куни қирқ бир марта ёки юз марта ёки ундан зиёда ўқиса, Аллоҳ таоло унинг ғам-ташвишларини аритади ва қийинчиликларини кетказади, ишларини енгиллаштиради, қалбини нурга тўлдиради, мартабасини кўтаради, ҳолатини чиройли қилади, ризқини кенг қилади, унга яхшилик эшикларини очиб қўяди, сўзини ўтадиган қилиб қўяди, замоннинг турли ҳодисаларидан ва оч-фақирлик фалокатларидан омонда сақлайди ва бундан бошқа фазилатлар билан сийлайди”.
“Энг гўзал салавотлар” рисоласидан