
Юртимизда сўнги йилларда барча соҳалар қатори ижтимоий-маънавий, диний-маърифий соҳаларга, хусусан, мўмин-мусулмонлар Умра ва Ҳаж зиёратларини адо этишлари учун қулай шарт-шароитлар ҳозирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мисол учун, 2016 йилда мамлакатимизда 5200 киши Ҳаж амалларини адо этиб келган бўлса, 2017 йилдан бошлаб 7200 нафар фуқароларимиз Ислом динининг муқаддас арконларидан бирини адо этиш имконига эга бўлди.
Илгари Умра зиёратига фуқароларимиз чекланган квота асосида юборилган бўлса, ўтган йилдан эътиборан фуқароларимизнинг йил давомида квотасиз Умра зиёратига юбориш имконияти яратилди.
Мўмин мусулмон борки, Ҳаж ибодатини адо этишни орзу қилади. Аммо ҳамманинг ҳам бунга қурби етавермайди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг шахсий ташаббусларига асосан фуқароларимизга Ҳаж ва Умра сафари мобайнида кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада ошириш, сарф-харажатларни арзонлаштириш мақсадида, махсус ишчи гуруҳи ташкил этилиб, Саудия Арабистонидаги ширкатлар билан музокаралар олиб борилди.
2018 йилда фуқароларимиз учун Ҳаж зиёратини амалга ошириш харажатлари 38 миллион сўмни ташкил этган эди. 2019 йилдан Саудия Арабистонида барча хизматларга 5 фоизлик қўшилган қиймат солиғи ва меҳмонхоналарга 2,5 фоизлик солиқ киритилди. Шунга кўра бу йил ҳаж зиёрати сарф-харажатлари тахминан
42-43 миллион сўм бўлиши кутилаётган эди.
Давлатимиз Раҳбарининг иродалари ва саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йилдан фуқароларимизнинг ҳаж сафари харажатлари 33,3 миллион сўмгача туширилди, яъни ҳаж ибодатини амалга оширишни қарийб 10 миллион сўмга арзонлаштиришга эришилди. “Ҳаж – 2019” мавсумидан сўнг умра сафари 1,3 миллионга арзонлаштирилди. Шунингдек, “Ҳаж – 2018” тўловидан ортган 926,5 минг сўм миқдоридаги маблағ ҳар бир зиёратчига қайтариб берилди.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда фуқаролар манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган халқпарвар сиёсат ва эзгу ишларнинг яна бир ёрқин амалий ифодаси бўлди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда кўп ёки тез овқат ейиш бўйича “мусобақа”лар оммалашиб бормоқда. Баъзилар буни шунчаки қизиқарли шоу деб билса, бошқалар уни рекорд ўрнатиш воситаси сифатида қабул қилади. Бироқ Ислом таълимотида ҳам, замонавий тиббиётда ҳам инсон организмини зўриқтириши ва исрофга йўл қўйиши тақиқланади.
Ислом меъёрни буюради
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки, У исроф қилувчиларни севмас” (Аъроф сураси, 31-оят).
Ушбу оят нафақат овқатнинг ҳалол бўлишини, балки унинг миқдори ҳам меъёрда бўлиши лозимлигини англатади. Зеро, ортиқча овқат ейиш ҳам исрофнинг бир кўриниши ҳисобланади. Бу оят “бутун тиб илмини ўзида жамлаган оят” дея ҳатто ғайридинлар томонидан эътироф этилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Одам боласи қорнидан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмаган. Одам боласига қаддини тутиб турадиган бир неча луқма кифоя. Жуда бўлмаса (ошқозонининг) учдан бирини таомига, учдан бирини ичимлигига, учдан бирини нафасига (ҳавога) ажратсин”, дедилар (Имом Темизий, Имом Ибн Можа ривояти).
Бу ҳадис соғлом овқатланишнинг энг қисқа ва мукаммал дастури саналади.
Ибн Сино: “Касалликнинг иккита сабаби бор. Бири кўп ейиш, иккинчиси тўқ қоринга ейиш”, деган.
Илмий факт: ошқозон тўйганини дарҳол билдирмайди
Инсон овқатланаётганда тўйиш ҳақидаги сигналлар ошқозондан мияга тахминан 15-20 дақиқа ичида етиб боради. Шу сабабли жуда тез овқатланган одам эҳтиёжидан анча кўп овқат истеъмол қилади.
Тадқиқотларда тез овқатланувчи инсонларда ортиқча вазн, семириш, 2-тур қандли диабет хавфи юқори экани аниқланган.
Ошқозоннинг имконияти чекланган
Оддий ҳолатда инсон ошқозонининг ҳажми тахминан 1-1,5 литр атрофида бўлади. У маълум даражада кенгайиши мумкин, аммо қисқа вақт ичида бир неча литр овқат ва суюқлик қабул қилиш ошқозон деворини зўриқтиради. Кўп овқат ейиш эса, ошқозоннинг ҳаддан ташқари кенгайиши, ошқозон ҳаракатининг вақтинча тўхтаб қолиши, ҳатто ошқозон ёрилиши каби ўлимга олиб келади.
Аниқ факт: хот-дог ейиш мусобақаларида ўлим ҳолатлари кузатилган
Тез овқат ейиш мусобақаларида энг катта хавфлардан бири – бўғилиш.
Хот-дог, гамбургер ёки катта бўлакли гўштни жуда тез ютиш натижасида овқат нафас йўлига тушиши мумкин. Бундай мусобақалар вақтида бўғилиш сабабли бир қанча иштирокчилар вафот этгани кузатилган.
Юрак ва қон айланишига таъсири
Катта ҳажмдаги овқат ҳазм қилиниши учун ҳазм тизимига кўпроқ қон юборилади. Бу ҳолат юрак уришининг тезлашишига, қон босимининг ўзгаришига ва юрак ишининг оғирлашишига сабаб бўлади. Юрак-қон томир касаллиги бор инсонларда бу ҳолат янада хавфли.
Инсон танаси – омонат
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сенда танангнинг ҳам ҳаққи бор”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, инсон танаси билан тажриба ўтказиш, уни кўнгилочар мусобақалар учун зўриқтириш Исломнинг инсон саломатлигини асраш тамойилига зиддир. Шунинг учун, инсон ўз жонига ҳам, танасига ҳам қасддан зарар етказмаслиги лозим.
Хулоса
Мўмин киши овқатни нафсни қондириш ёки рекорд қўйиш учун эмас, балки Роббисига ибодат қилишга қувват бўлиши мақсадида, меъёр билан истеъмол қилади. Чунки меъёр – Исломнинг гўзал фазилатларидан бири, саломатлик эса Аллоҳнинг энг катта неъматларидандир.
Даврон НУРМУҲАММАД