Навоий вилоятидаги “Алишер Навоий” масжиди ҳудудида жойлашган Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги биносида ажрим ёқасига келиб қолган ва охирги чора сифатида суд ҳукмига ҳавола қилинган оилаларни яраштириш мақсадида “Яраштирув хонаси“ ташкил этилди. Бу ерда Яраштирув гуруҳи ташкил қилинган бўлиб, билимли, ҳаётий тажрибага эга бўлган, муомала ва муросоа қила оладиган имомлар ва отинойилар муаммога дуч келган оилалар билан суҳбатлашадилар. Динимиз кўрсатмаси, шариат йўриғини тушунтирадилар. Ислоҳ қилишга, сабрли бўлишга чақириб, насиҳат қиладилар.
“Яраштирув хонаси“ нима учун айнан масжид ҳудудида танлангани ҳақида вилоят бош отинойиси Умида Холова шундай дейди: “Аллоҳнинг каломи янграётган бу муборак масканга келган ҳар бир инсон бу ерда омонлик ва сокинликни ҳис қилади, айниқса қалбларни ларзага келтириб янграётган “Азон” садоси хар қандай инсон қалбини юмшатиб илоҳий бир туйғуни қалбига солади. Айнан мана шундай илоҳий туйғу билан қанча-қанча оилаларимиз тикланиб гўдакларимизни қалби яна қайта ота–она меҳрига қониш бахтига мушарраф бўлиб бормоқда. Бир ой мобайнида мурожаат қилган 100 фоиз оилалардан 70 фоизини яраштиришга эришилди”.
Эр-хотин орасини ислоҳ қилиш, оилалар тинчлигини сақлаб қолишдек улуғ ажрга сабаб бўлувчи мазкур ташаббус жамиятимиз фаровонлиги йўлида албатта ўз самарсини беради, иншааллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини бедор ўтказиш.
Ҳайит кунига ўтар кечани Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан ўтказиш улкан савобларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: "Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, деганлар (Ибн Можа, Табароний ривояти).
2. Ғусл қилиш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр, азҳо ва арафа кунлари ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
3. Энг яхши, янги ёки тоза кийимларни кийиш.
4. Хушбўйланиш.
5. Қурбон ҳайити намозига чиқишдан олдин ҳеч нарса емаслик. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар” (Имом Термизий ривояти).
Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқишни нотўғри тушуниб, куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга, ўша куни саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бундай қилиш нотўғри. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амал саналади. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.
6. Масжидга имкон бўлса пиёда ва эртароқ бориш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар” (Ибн Можа ривояти).
7. Йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтиш. "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд".
8. Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик. Масжидга боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан зикр қилиб ўтириш лозим.
9. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.
10. Ҳайит билан муборакбод этиш. Саҳобалар: "Тақоббал Аллоҳ минна ва минкум (Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин)", деб бир-бирларини байрам билан табриклашарди.
11. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш. Оилада байрам кайфиятини пайдо қилиш, совға-ҳадялар улашиш керак.
12. Қавм-қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.
13. Таниш-билиш, ёру дўст, қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД