Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон делегацияси ишчи ташриф билан Миср Араб Республикасида бўлиб турибди. Жорий йилнинг 3 июль куни Ўзбекистон делегация аъзолари ва Ал-Азҳар университети ректори, доктор Муҳаммад Меҳрсовий ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар ўртасида маданий ва илмий ҳамда таълим соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ал-Азҳар университети ректори, доктор Муҳаммад Меҳрсовий бир неча ой олдин Ўзбекистонга Ал-Азҳар шайхи Аҳмад Тоййиб билан ташриф буюргани, сафар давомида бир қатор ҳукумат раҳбарлари ва олимлар билан учрашиш шарафига муяссар бўлгани ҳамда бу учрашувлар унда катта таассурот қолдирганини таъкидлади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон делегацияси Ал-Азҳар университетининг дунёда ўрни ва нуфузи юқори экани, томонлар ўртасида йўлга қўйиладиган ўзаро манфаатли ҳамкорликдан мамнун эканлигини билдирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бағрикенглик ҳафталиги доирасида 12 ноябрь куни Тошкент Фотосуратлар уйида "Ўзбекистон - бағрикенг диёр" номли фотокўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ушбу кўргазмада 60 дан ортиқ фотоасарлар томошабинлар эътиборига ҳавола этилган бўлиб, унда Ўзбекистонда мавжуд йирик диний конфессиялар раҳбарларининг ўзаро дўстона алоқаларини, мамлакатимиздаги турли диний ташкилотлар, ибодатхоналар, уларнинг эмин-эркин фаолиятини, байрам ва тантаналар, диний урф-одатларни намойиш этувчи фотосуратлар жамланган.
Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар томонидан томошабинлар диққатига ҳавола этилаётган фотоасарларда юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик акс эттирилгани ҳақида сўз юритилиди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати