19 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари жума намозини адо этиш учун Тошкент шаҳридаги янгидан барпо этилган “Коҳ ота бузрук” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Ушбу қайтадан бунёд этилган кўркам жомеда муборак кун ибодатини адо этиш учун минглаб намозхонлар жам бўлдилар.
Муфтий ҳазратлари жума мавъизасида бугунги кунда мўмин-мусулмонларга муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта имкониятлар берилаётгани ҳақида гапириб, юртимизда янги масжид-мадрасаларни қуриш, мавжудларини замонавий кўринишда қайта таъмирлаш ишлари жадал давом этаётганини сўзлаб бердилар.
Ўтган Рамазон ойи ва ундан кейин ҳам янги-янги жомелар очилгани, яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити олдидан ҳам Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда кўплаб жоме масжидларни янгидан қуриш ишлари, халқимизга туҳфа этиш маросимлар давом этаётганини билдирдилар.
Муфтий ҳазратлари республикамизнинг ҳар бир ҳудудидаги мана шундай жомеларда намозхонлар учун яратилган шарт-шароитлар, масжидлардаги қулайликлар ҳозирлангани, имом-хатиблар фаолияти билан яқиндан танишилгани ва масжид қавми ила дилдан суҳбат қилинганида уларнинг кайфияти жуда ҳам чоғ эканини баён қилиб бердилар.
Мавъизада муфтий ҳазратлари намозхонларга бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги шундай хайрли ишлар, ижроотлар ва бундай неъматларга ҳар бир киши Парвардигорга шукрона қилиши лозимлигини айтиб, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Садақаи жория” ҳақидаги ҳадиси шарифларини изоҳлаб бердилар.
“Коҳ ота бузрук” жоме масжидида қурилиш ишлари 2017 йилда бошланган. 2018 йил март ойида Шайх Абдулазиз Мансур бошчилигида янги бино учун биринчи ғишт қўйилган. Маҳалла аҳли ва кўплаб ихлосмандлар кўмагида, саховатпеша кишилар ёрдами ила ҳашар йўли билан бошланган мазкур хайрли иш бугун ўз ниҳоясига етди. Масжиднинг ҳозирда қурилган янги биносининг сиғими бир вақтнинг ўзида 2000 минг нафардан ортиқ намозхонни сиғдира олади.
Масжид намозхонлар учун етарли даражадаги шарт-шароитлар билан таъминланди. Хонақоҳ тепасига битта катта ва тўртта кичик гумбаз барпо этилди. Ўттиз беш метрли минора масжиднинг кўркига файз бахш этиб турибди. Масжид хонақоҳ ва ертўла қисмининг ҳар иккисида ҳам совутгичлар ҳароратни салқин қилиб, бир маромда ушлаб туришига қулай бўлсин учун тепада, шифтда жойлаштирилган. Хонақоҳда шарқ меъморчилигига хос турли бўёқлар ўзига хослик бахш этган бўлсада, ёнғин хавфсизлиги инобатга олиниб, бинога биронта ҳам ёғоч маҳсулотлари ишлатилмаган.
Янги бинонинг очилиш маросимида кўплаб таниқли меҳмонлар, имом-хатиблар ва бошқа уламолар иштирок этди.
Юртимизда амалга оширилаётган Аллоҳнинг уйини обод қилишдек хайрли ишларда иштирок этаётганлар ҳақларига хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
حدثنا العباس الدوري نا يعلى بن عبيد نا موسى هو الجهني عن مصعب بن سعد عن أبيه قال: جاء أعرابي النبي صلى الله عليه وعلى آله وسلم فقال: يا رسول الله: علمني كلاما أقوله قال :”قل لا إله إلا الله وحده لا شريك له الله أكبر كبيرا والحمد لله كثيرا وسبحان الله رب العالمين لا حول ولا قوة إلا بالله العزيز الحكيم“. قال: هؤلاء لربي فما لي قال: قل: اللهم اغفر لي وارحمني واهدني وارزقني.
Мусъаб ибн Саъд отасидан ривоят қилади: “Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва ъалаа олиҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Эй, Аллоҳнинг Расули, менга бир калимани ўргатинг, мен уни айтиб юрай”, деди.
“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, Аллоҳу акбар кабийро, валҳамдулиллааҳи касийро, субҳааналлоҳи Роббил ъааламийн, лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил ъазийзил ҳакийм”, деб айт! дедилар.
У: “Булар Аллоҳ учун, мен учунчи?” деди. “Аллоҳуммағфирлий, варҳамний, ваҳдиний, варзуқний”, дегин”, деб айтдилар”.
Калима ва дуонинг маъноси: Ёлғиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Унинг шериги йўқ. Аллоҳ буюкдир, энг буюкдир, Аллоҳга кўп ҳамд бўлсин. Оламлар Робби пок деб ёд этаман. Куч ҳам, қувват ҳам фақат Азизу Ҳаким Аллоҳ биландир.
Аллоҳим, мени мағфират қил, менга раҳм қил, мени ҳидоятга бошла ва менга ризқ бергин.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси