Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ҳурматли устозлар, кўпинча ота-онамга овозимни баланд қилиб гапираман. Базида фикримга қарши чиқишса ёки менга танбеҳ барсалар қўполлик ҳам қиламан. Мен ота-онамга оқ бўлдимми?
Ушбу саволга тўлиқ жавоб олишни истасангиз, оқпадарликнинг кўринишлари ва унинг салбий оқибатлари ҳамда муолажаси ҳақида билмоқчи бўлсангиз унда Muslim.uz ижодкорлари томонидан тақдим этиладиган янги лойиҳа #Танбеҳ рукни орқали "Оқпадарлик оқибатлари" туркум ҳикояларни кузатиб боринг. Зеро, бугун ота-онанинг фарзанд устидаги ҳақларини бироз унутиш каби ҳолатлар учраб туради. Аллоҳ таоло биз бандаларга хитоб қилиб Ўз Каломида шундай марҳамат қилади: "Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик" (Аҳқоф сураси, 15). Тақдим қилинадиган ҳикоялар мазкур ояти каримадаги амри Илоҳийга итоат қилмаганларнинг топган оқибатлари ҳақидадир.
Ҳикоялар Заҳириддин МАНСУР таржима қилган Иброҳим Ҳозимийнинг "Оқпадарлик оқибатлари" китоби асосида тайёрланади.
Аллоҳ таоло барчамизни ота-оналаримизга яхшилик қилувчилардан қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Уйимиздаги уч ойлик қўзичоқнинг оёғи синиб, юролмай қолди. Шуни сўйиб, гўштини есак бўладими? Ёки ейишга яроқсиз ҳисобланадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шариатимизда ҳалол бўлган ҳайвонларни, жонзотларни ейиш учун маълум ёш белгиланмаган. Ҳатто янги туғилган ҳайвоннинг гўштини ҳам ейиш мумкин.
Ватандошимиз, буюк муҳаддис имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи Бухорий” асарларида Хандақ ғазоти бобида қуйидаги ҳадисни келтирганлар: Жобир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни очликдан силласи қуриган ҳолатда кўриб, уйига келиб, аёлига бирор нарса пиширишни тайинлайди. Аёли бир улоқчани сўйиб, пиширади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва саҳобалар ундан тановул қиладилар.
Ҳадиси шарифда арабча “Аноқ” сўзи билан келтирилган улоқчани муҳаддис уламолар тўрт ойга тўлган, онасидан ажратилган ва ўтлашга қодир бўлган эчки боласи, деганлар.
Демак, ҳалол ҳайвон гўштини ейишнинг муайян ёши белгиланмаган. Асосийси, сўйишни шариат талабига мувофиқ тарзда бажарилишидир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази