26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабида янги 2019-2020 ўқув йилига тайёргарлик, талабалар ва педагог-ўқитувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишиш мақсадида ушбу олий таълим муассасасига ташриф буюрдилар.
Муҳтарам Президентимиз шу йилнинг 11 январь куни янги мактаб билан танишиб, бу ерда талабаларга Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа буюк алломаларимиз асарларини пухта ўргатиш борасида алоҳида тўхталган эдилар.
Шу муносабат билан ташриф чоғида муфтий ҳазратлари Олий мактаб кафедралари фаолияти, ўқув хоналари, кутубхона ва таълим-тарбия жараёнларини олиб боришнинг энг замонавий услублари билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, электрон портал, хорижий профессор ўқитувчилар ва юртимиздаги Ислом уламолари ўтадиган дарс машғулотларини ёзиб бориш, онлайн дарслар ўтказиш мақсадида ташкил этилаётган мультимедия бўлимининг ташкилий ишлари ҳам кўздан кечирилди. Бундан ташқари, кутубхонани зарурий адабиёт ва дарсликлар билан таъминланиши, хорижий мамлакатлардан келтирилган китоблар ҳамда ўқув режа ва дастурлар, шунингдек хорижий давлатлардаги Ислом олий таълим институтлари, профессор-ўқитувчилар ва уламолардан олинган тақризлар, таклиф ва тавсиялар кўриб чиқилди.
Ташриф чоғида мактабда таълим сифати, ўқув дарсликлари турлари, хорижий ва маҳаллий ўқитувчиларга ҳамда талабаларга янада қулайликлар ташкил этиш бўйича муфтий ҳазратлари муҳим тавсиялар бердилар.





Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен ҳам шаввол ойида олти кун рўза тутмоқчи эдим. Аммо Рамазон ойида ҳам олти кун сабабли тута олмаганман. Энди мен шаввол ойида 6 кун рўза тутсам Рамазоннинг қазосини тутиб берган ҳисобланаманми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Шаввол ойидаги олти кунлик рўза қазо рўзалар ўрнига ўтмайди. Шунинг учун зиммасида Рамазон ойи рўзасидан қарзи бор бўлган киши аввало қазо рўзасини тутиши мақсадга мувофиқ. Чунки қазо рўзаларни нафллардан аввал тутилгани афзал саналади. Қазо рўзасини тутаётган киши бомдод намозининг вақти (субҳи содиқ) кирмасидан аввал "Рамазон ойидан тута олмаган қазо рўзани тутиш"ни ният қилиши керак бўлади. Агар ният қилолмай субҳи содиқдан кейин ният қилса, нияти эътиборли бўлмайди.
Шаввол ойидаги олти кунлик рўза нафл ибодат бўлиб, уни шаввол ойи давомида тутса ҳам бўлади. Шунинг учун Сиз аввал қазо рўзаларни мукаммал тутиб олиб, кейин шаввол ойи давомида олти кун рўза тутишингиз мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.