Бугунги кун имом-хатиби ҳам мана шундай ривожланиш, янгиланиш, ислоҳатлар бўлган бир даврда бир жойда туриб қолиши асло мумкин эмас. Зеро динимизда ҳам янгиланиш, ривожланишга интилиб яшашлик кўрсатмалари бир неча бор таъкидланган.
Имом-хатибларнинг касбий маҳоратини ошириш, масжид иш юритиш ҳужжатлари, молиявий ва хўжалик ишлари, имомларнинг воизлик маҳорати ҳамда уларнинг ҳозирги кун талабларига жавоб бера оладиган шахс сифатида шакллантириш мақсадида жорий йилнинг 30 октябрь куни Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги "Олтинкўл" жоме масжидида сайёр семинар ўтказилди. Бу ҳақда вилоят вакиллиги масъуллари хабар берди.
Семинарда вилоятнинг барча шаҳар ва туман бош имом-хатиблари ҳамда Олтинкўл туманида фаолият кўрсатиб келаётган имом-хатиблар ҳам иштирок этди. Даставвал, режага кўра, барча шаҳар ва туман бош имом-хатиблари тумандаги масжидларнинг ҳозирги кундаги ҳолати, ободончилиги, иш юритиш жиҳатларини ўргандилар.
Ушбу ўрганишларнинг хулосалари билдирилди. Олтинкўл туманидаги масжидлар фаолиятига доир ҳужжатларидаги баъзи камчиликлар юзасидан баёнотлар берилди.
Шунингдек, диний соҳа фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги туманнинг иш тажрибалари бошқа туманларга ҳам тадбиқ қилинишлиги келишиб олинди. Мажлис сўнггида мана шундай сайёр семинарлар режа асосида вилоятнинг ҳар бир туманида ҳам ўтказиб борилишига келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков бошчилигида Диний идоранинг бир гуруҳ вакиллари Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Қатар мустақиллиги куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда қатнашди.
Ўзбекистон ва Қатар халқларини ўзаро боғлаб турувчи тарихий-маданий ришталар бугунги кунда кенг кўламли ва узоқ муддатли алоқаларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.
Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад ал Соний саъй-ҳаракатлари билан сўнгги йилларда Қатар Давлати кенг қамровли тараққиёт борасида сифат жиҳатдан улкан ўзгаришларга эришди ҳамда стратегик режалаштириш ва замонавий иқтисодий бошқарув соҳаларида ўрнак бўладиган мамлакатга айланди.
Бу йилги байрамни Қатар давлати ва унинг фуқаролари "Қатар сизлар билан юксалади ва сизлардан кутади" шиори остида нишонламоқда. Бу шиор ҳам Қатар давлати амирининг сўзларидан олинган. Қатар Миллий 2030 Ривожланиш Стратегияси эса инсонни тараққиёт марказига қўйиб, уни олий мақсад сифатида белгилаган.
Эслатиб ўтамиз, сал олдинроқ Қатар элчихонаси томонидан Ислом цивилизацияси марказига бир қатор китоблар совға қилинган, ўз навбатида меҳмонларга Марказ томонидан Катта Лангар Қуръонининг факсимиле нусхаси туҳфа этилган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати