Ўзбекистон янгиликлари

Никоҳни бузиш исломда қораланади

Жамият оилалардан таркиб топади, оилалар бахтли бўлса, жамият ҳам бахтли бўлади. Оила ва жамият тушунчалари бир-бирига бевосита чамбарчас боғлиқдир. Шундай экан, келажаги порлоқ жамият қуриш учун унинг негизи бўлган оилани маънан соғломлаштириш талаб қилинади. Ислом манбаларида оилани мустаҳкамлашга қанчалик чақирилган бўлса, уни бузилишидан шунчалик қайтарилган. Иқтисодий етишмовчилик, ғийбат, туҳмат, турли гап-сўзлар сабаб юзага келувчи оилавий келишмовчилик, сабрсизлик, енгил ҳаёт иштиёқида никоҳни бузиш исломда қаттиқ қораланган. Бу борада ҳадиси шарифларда: “Ҳалол ва рухсат этилган нарсаларнинг ичида Аллоҳ таолога хуш келмайдигани – талоқдир”, деб таъкидланган. 

Самарқанд шаҳар “Лаҳутий” жоме масжиди ходимлари маҳалла фаоллари билан “Олтин аср” маҳалласида яшовчи бир оиланинг барбод бўлишини олдини олди. Оиладаги айрим важлар туфайли гулдек оила вайрон бўлиши мумкин эди. Ўз вақтида жамоатчилик, маҳалла ва масжид жамоаси ушбу масалага эътибор қаратиб, уларнинг орасини ислоҳ этди.

Дарҳақиат, жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилаларни асраш, бузилишига йўл қўймаслик, фарзанд тарбияси учун муносиб муҳит ва шарт-шароит яратиш юрт истиқболини белгиловчи муҳим омиллардан эканини унутмасак, жамият фаровон, фарзандлар бахтли бўлади, албатта.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги

1724 марта ўқилди

Янгиликлар

Top