✅ Танлов Тошкент ислом институти иқтидорли талаба-ёшлари, ўқитувчи-ходимлари, “Сиртқи бўлим” ва “Модуль таълим тизими” талабалари ўртасида 2019-2020 ўқув йили давомида ТИИ АРМдаги мавжуд китоблардан унумли фойдаланиш, институт жамоаси ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш, уларнинг бадиий, илмий саводхонлигини янада ошириш ва мутолаа муҳитини шакллантириш, улар ўртасида китоб мутолаасига бўлган қизиқишни ривожлантириш мақсадида ўтказилади.
✅ Танловда соҳанинг етакчи мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан иштирокчиларни уларнинг ихтиёрига қараб, диний-маърифий нашрлар, илмий-оммабоп китоблар, диний илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг ноёб асарлари ва “Ўзбек адабиёти”, “Жаҳон адабиёти”, “Буюк мутафаккир ва адиблар ҳаёти” ҳамда “Шеърият”га оид китобларни ўқигани, асарнинг мазмун-моҳиятини тушунгани ва уни таҳлил қилиб бера олиш қобилиятига қараб баҳоланади.
Танлов ғолиблари 2020 йил май ойида қуйидаги номинациялар бўйича тақдирланади.
Талабалар ўртасида:
1️⃣ “Китобхон талаба”
2️⃣ “Энг зукко китобхон талаба”
3️⃣ “Энг яхши китобхон талаба”
4️⃣ “Энг кўп китоб ўқиган талаба”.
Ўқитувчи-ходимлар ўртасида:
1️⃣ “Энг фаол китобхон ходим”
2️⃣ “Китобхонликни тарғиб қилувчи энг фаол ўқитувчи”
3️⃣ “Энг яхши китобхон ўқитувчи”
4️⃣ “Энг кўп китоб ўқиган ўқитувчи”.
Ғолиблар Тошкент ислом институти ва ҳомийлар кўмагида қимматбаҳо совғалар, диплом ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари шунингдек, мамлакатимиз ва хорижий давлатлардаги Ислом оламида танилган машҳур уламоларнинг қаламига мансуб китоблар тўпламлари билан тақдирланади.
“Энг кўп мутолаа қилган китобларим!” шиори остидаги танлов шартларини кузатиб боринг!
Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!», деди у.
Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига шундай деди:
- Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!
Хотин деди:
Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.
Эр деди:
- Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғуда ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.
Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:
- Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди: «Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар, ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оятдан).
Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас. Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.
Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга раҳбар ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!
Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.
Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!
Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!
Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!
Ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.
Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди