Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Бухоро вилоятига сафарлари мобайнида ҳудуддаги ёрдамга муҳтож ва жисмоний имконияти чекланган кишиларни илиқ сўзлари ила уларнинг синиқ кўнгилларига хурсандчилик киритдилар.
Мана шундай эътиборга муҳтож, қалби ўксик фуқароларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари ва пул маблағлари тарқатилди. Эътибордан масрур қалблар кўрсатилган ёрдам ва ғамхўрликдан мамнун бўлиб, кўзларида ёш ила миннатдорлик изҳор қилдилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари бошчилигида уйма-уй юриб, етим-есирлар, кам таъминланган оилалар, эътиборга молик инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга туҳфалар улашилди ва моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Мана шундай хайрия ишлари орқали шундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан ҳисобланади.





Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
2025 йил 23 ноябрь куни Польша Республикаси, Варшава шаҳридаги “Raszyn” масжидида юртдошларимиз билан самимий ва мазмунли учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ватандошларимиз билан суҳбатлашдилар.
Суҳбат давомида устоз хусусан ҳанафий мазҳабида маҳкам туриш, узоқ юртда яшашларига қарамай миллий анъана ва қадриятларимизни унутмаслик ҳақида таъсирли фикрлар билдирдилар. Шунингдек, оила, қариндошлар ва ватан билан боғлиқликни асраш ҳар бир мусулмон учун муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, келгусида ҳам ҳар қандай шубҳа ёки диний саволлар пайдо бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фатво бўлимига Telegram: @fatvo_call_1 / @fatvo_call_2
WhatsApp: +998 91 780 66 33 мурожаат қилиш тавсия этилди.
Суҳбат ниҳоясида устоз Зайниддин домла барча йиғилган юртдошлар учун барака, тинчлик, имон-эътиқод мустаҳкамлигини сўраб дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати