Бугун, 8 июндан «яшил» ҳудудларда жойлашган масжидлар ўз фаолиятини бошлади. Жомеларда эрта тонгдан келган намозхонлар ижтимоий масофани сақлаган ҳолда бомдод намозини адо этдилар. Шу билан “яшил” ҳудудларда карантин мезонларига амал қилган ҳолда файзли ибодатлар бошланди.
Халқимиз бошга тушган синовларни “Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир”, деган ояти каримага амал қилиб, чиройли сабр ила енгиб ўтмоқда. Чиндан ҳам, ҳар қадай қийинчилик ортида енгиллик борлигини аҳолимиз ўз фаолиятини қайтадан бошлаётган жомеларимиз мисолида яққол ҳис этмоқда.
Таъкидлаш керакки, “сариқ” ва “қизил” ҳудудлар “яшил” ҳудудга ўтгунга қадар бир оз сабр қиламиз, келгусида у ерларда ҳам масжидлар фаолиятига рухсат этилади, инша Аллоҳ.
Қуйида ўлкамиздаги масжидларда карантин давридаги 80 кундан сўнг илк бомдод намозидан олинган файзли лаҳзалар, намозхонларнинг юз-кўзидаги мамнунликни кўришингиз мумкин.
Ҳақ таоло бу вабони бандалари устидан кўтаришини ва барчани Ўз паноҳида сақлашини сўраймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Савол: Мен бегона жойда меҳмонхонага жойлашдим. Шошилиб, эътиборсизлик билан намозни қиблага тескари тарафга қараб ўқиб қўйибман. Ўқиб бўлганимдан кейин тушундим, шу намозимни ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда, сиз намозингизни қайтадан ўқишингиз лозим бўлади. Чунки қибла қайси тарафдалигини билмаган одам, шу ерлик қиблани биладиган (мусулмон, ақли расо, ошкор гуноҳлардан тийилган) кишидан сўраб, намоз ўқиши лозим. Агар шу ҳолатда қиблани биладиган киши топилмаса, кечаси одамларнинг эшигини тақиллатиб юрмайди. Балки бор имкониятини ишга солиб, қиблани топишга ҳаракат қилади. Қалби билан бир томонни қибла, деб қасд қилиб намозини ўқийди. Гарчи қиблани тўғри тополмаган бўлса ҳам, унинг намози дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази