Қирғизистонда дин соҳада кўп йиллар хизмат қилган, Ҳанафий мазҳаби уламоларидан бири Чубак ҳожи Жалиловнинг вафоти муносабати билан ўз номимдан ва Ўзбекистон мусулмонлари номидан Қирғизистон мўмин-мусулмонларига ва раҳматли дин олимининг яқинларига чуқур таъзия билдирамиз. Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ушбу мусибатга чин қалбдан шерик эканини изҳор этади.
Қардошларимизнинг ушбу улкан қайғу ва йўқотишларига шерик бўлган ҳолда, Аллоҳ таолодан уларга сабр-бардош тилаймиз. Зеро, Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” (Бақара, 156) дейилган.
Таниқли уламо Чубак ҳожи Жалиловнинг Ҳанафий мазҳаби таълимотини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдаги хизматларини ҳусни қабул айлаб, улкан ажру савоблар ато этсин.
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум уламони ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
раиси, муфтий Усмонхон Алимов
Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари давомида Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида жума намозини адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга “Мурувватли бўлиш — олий фазилат!” мавзусида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Маърузада таъкидланганидек, мурувват — меҳр-шафқат, саховат ва муҳтожларга ёрдам бериш каби энг гўзал инсоний фазилатлардан саналади. Ўзини саховатли деб билган инсон ўз манфаатини ўзгалардан устун қўймаслиги, кексалар ҳолидан хабар олиши, йиқилганни суяш орқали қалбан хотиржамлик топади.
Шунингдек, бугунги тезкор замонда бир-биримизга бағрикенг бўлиш жамиятда тинчлик, барака ҳамда ҳамжиҳатликни барқарор қилиши, ушбу олий фазилатни ўзимизда шакллантириб, фарзандларимизга мерос қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги алоҳида уқтирилди.
Файзли суҳбат якунида юртимизга тинчлик-омонлик ва хонадонларимизга барака тилаб хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати