Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Июн, 2026   |   28 Зулҳижжа, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:02
Хуфтон
21:39
Bismillah
15 Июн, 2026, 28 Зулҳижжа, 1447

Малайзия Ўзбекистонга ислом банкчилиги ва ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида ёрдам кўрсатади

10.09.2020   3592   4 min.
Малайзия Ўзбекистонга ислом банкчилиги ва ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳасида ёрдам кўрсатади

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаковнинг Малайзия Бош вазирининг биринчи ўринбосари - халқаро савдо ва саноат вазири Мохамед Азмин Али билан видеоконференция шаклида музокаралари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат чоғида икки мамлакат Ҳукуматлари томонидан коронавирус пандемияси тарқалишига қарши курашиш ва иқтисодиётга таъсирини камайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан бирга қўшма лойиҳалар ва ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек, инвестиция, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар икки мамлакат маҳсулотлар етказиб берувчилари ва буюртмачилари ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатиш орқали ўзаро савдо ҳажмини янада оширишга бўлган қизиқишларини қайд этдилар. Савдо бўйича Қўшма савдо қўмитасинининг йиғилишини ўтказиш мақсадида Малайзия Халқаро савдо ва саноат вазирлиги билан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш бўйича келишувга эришилди. Қўмита йиғилиши доирасида икки мамлакатнинг кимё, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик ва электротехника тармоқларининг етакчи компаниялари иштирокида Ўзбекистон-Малайзия бизнес-форуми ўтказилади.

Савдони рақамлаштириш соҳасида Малайзиянинг тажрибасини жалб қилиш истиқболлари таъкидланди - шу нуқтаи назардан, “Consumption Union” компаниясининг “CU Rewards” электрон савдо майдончаси маҳаллий экспортчиларга ўз маҳсулотларини Жанубий - Шарқий Осиёдаги истеъмолчиларга сотиш имконини берадиган самарали механизм бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Шунингдек, Малайзия ислом тараққиёти департаменти (JAKIM) ва “Ўзстандарт” агентлиги ҳамкорлигида Ўзбекистонда ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича илғор тажриба Марказини ташкил этиш режалари муҳокама қилинди. Марказнинг ташкил этилиши Республикада Малайзиянинг илғор тажрибаси асосида ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқаришни жорий этишга, шунингдек, ўзбек экспорт қилувчиларига Жанубий – Шарқий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига ҳамда ишлаб чиқарувчилар мазкур сертификатга эга бўлишлари мажбурий бўлган бошқа мамлакатларнинг бозорларига чиқиш имконини беради.


Мамлакатлар ўртасида кимё саноати, таълим, ахборот технологиялари ва озиқ-овқат саноати соҳаларига инвестициялар киритиш бўйича ҳамкорликнинг улкан истиқболлари белгилаб олинди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди - масалан, Хоразм вилоятидаги “Ҳазорасп” ЭИЗ да 250 млн долларга яқин Малайзиянинг “Serba Dinamik Group Berhad” компаниясининг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб қилган ҳолда каустик сода ва суюқ хлор ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси фаол равишда амалга оширилмоқда.


Шунингдек, Ўзбекистонда бир нечта Малайзия банкларининг филиалларини очиш ва Республикада экспортга йўналтирилган лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган банклараро ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали банк-молия соҳасида ҳамкорлик қилишнинг юқори салоҳияти қайд этилди.


Ислом банкчилиги соҳасида Малайзиянинг тажрибасини жорий этиш механизмлари ва шу вақтнинг ўзида Ўзбекистон банк соҳасидаги ходимлари учун ушбу соҳада малака ошириш курсларини ташкил этиш масалалари алоҳида кўриб чиқилади.
Маълумот учун: Малайзия Ислом молиясининг халқаро маркази деб тан олинган, мамлакатда анъанавий тизим билан бир қаторда фаолият кўрсатаётган ислом банк тизими жорий этилган. Мамлакат ҳудудида 27 та маҳаллий ва хорижий исломий банклар мавжуд. Ислом молияси Малайзия банк соҳасининг 30 фоизига тўғри келади.

Транспорт, логистика ва туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорлик учун катта имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Шу нуқтаи назардан, халқаро ҳаво транспорти орқали юк ташишларни ташкил этиш, логистика ҳаво хабини яратиш, шунингдек, Ўзбекистонда Aviation Academy халқаро стандартларига мувофиқ учувчиларни тайёрлаш Марказини очиш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Маданий-гуманитар соҳасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш доирасида “МАРА” технологиялар университети ҳамда Самарқанд шаҳридаги “Ипак Йўли” халқаро туризм университети билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек Хоразм вилоятида “Binary” менеджмент ва тадбиркорлик университети филиалининг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этиш бўйича биргаликда амалга ошириладиган ҳаракатлар муҳокама қилинди.
Видеоконференция якунида муҳокама қилинган ва келишилган ташаббусларни илгари суриш ва амалга ошириш бўйича қўшма ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳижрий янги йил: Муҳаррам ойини қандай ўтказиш керак?

15.06.2026   2157   3 min.
Ҳижрий янги йил: Муҳаррам ойини қандай ўтказиш керак?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

2026 йилнинг 16 июнь куни – янги 1448 ҳижрий йил – Муҳаррам ойи бошланишининг 1 кунидир. Ашуро куни 2026 йилнинг 25 июнь, пайшанба кунига тўғри келади.


Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.


Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).


Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
 

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим”, деганлар.


Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).


Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).


Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ниятларига эътиборан, Ашуро кунига қўшиб бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутмоқ афзал дейдилар.


Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар