Тошкент шаҳрининг “Қатортол-1” маҳалласида хайрли ишга қўл урилди. Бинонинг эскилиги, масжиднинг торлиги, кириб-чиқишдаги ноқулайликлар ва мослаштирилган бинода жойлашгани намозхонларга қийинчиликлар туғдираётган эди. Шу сабабли “Ҳасанхон қори” жоме масжидининг қайта қурилиши бошланди. “Азон.уз” мухбири ушбу қурилиш ҳақида маълумот олиш учун мазкур масжид имом-хатиби Зикрулло Маҳкамов билан суҳбат ўтказди.
Мухбир: – Ассалому алайкум, домла. “Ҳасанхон қори” масжидининг тарихи ва ҳозирги олиб борилаётган қайта қурилиш ишлари ҳақида гапириб берсангиз.
Имом-хатиб: – Ва алайкум ассалом. Келганингиз учун раҳмат, масжидимиз илгари озиқ-овқат дўкони ва унинг омборхонасига мўлжаллаб қурилган эди. Бир неча йил дўкон сифатида ишлаган бинонинг эгаси 1993 йилда буни масжидга эҳсон қилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига берган. Шу тариқа маҳалламиз ўз масжидига эга бўлди.
Мухбир: – Масжид “Ҳасанхон қори” номи билан аталар экан. Бу киши ким бўлганлар?
Имом-хатиб: – Ўша пайтларда масжидни қандай номлаш ҳақида гап кетганда маҳалланинг қариялари Ҳасанхон қори номларини тавсия қилганлар. Бу киши диний идорани ташкил қилишда жон куйдирган уламоларимиздан эшон Бобохоннинг укалари, муфтий Зиёвуддинхон ҳазратларига амаки бўлганлар. Эски шаҳардаги машҳур “Тўхтабойвачча” (халқ тилида “Чақичмон” (асли Чархчи имом) масжиди аввал мадраса бўлган ва у киши шу ерда дарс бериб, кўплаб шогирдлар етиштириб, миллатимизга, динимизга хизмат қилганлар. Маҳалламиздаги қарияларнинг айримлари ёшликларида Ҳасанхон қорини кўрганликларини айтишади. Ўша кишига ҳавас қилиб масжидга у кишининг номини қўйишга қарор қилинди. Маҳалламизда ўша кишининг авлодлари яшайди.
Мухбир: – Масжидни қайта қуриш ғояси илгари ҳам бормиди?
Имом-хатиб: – Ҳа, кўп йиллардан бери масжидни қайта қуришни ният қилиб юрар эдик. Бино масжидга ўхшамаган, кириш ҳам қибла тарафдан, анча ноқулай эди. Масжидга одам сиғмаганидан кенгайтиришнинг иложини тополмай, ҳатто яқин атрофдан бошқа ер ҳам қидириб кўрдик. Аммо турли сабаблар туфайли бу иш амалга ошмай юрди. Ёнимиздаги тўйхонани сотиб олишга қарор қилдик. Катта маблағни йиғиш осон бўлмади. Азон.уз сайтида Мубашшир домланинг саъй-ҳаракатлари билан эълон чиқарилди, ўша сабабли ҳам анчагина маблағ йиғилиб, ниҳоят тўйхонани сотиб олдик. Орқа томондаги цех сотиб олингандан сўнг ҳам масжид намозхонларга торлик қилар, айниқса жума кунлари қийинчилик туғдирар эди. Илгари жойимиз 10 сотихга етиб-етмас эди, ҳозир 30 сотихга етиб қолди, алҳамдулиллаҳ. Ҳозир масжид лойиҳаси тайёрланган. Жойимизнинг шакли мураккаб, унга одатдагидек тўртбурчак масжид қурилса, анча жой ютқазиб қўйилар экан. Шунинг учун меъморлар масжидни ноанъанавий шаклда қуришга қарор қилишди. Бу Ўзбекистондаги илк хай-тек усулида қурилган масжид бўлади.* Иложи борича ҳар бир метрдан фойдаланишга ҳаракат қилинган. Ҳозир тўйхона ва цех ҳам қўшилиб битта кадастр қилинди. Масжидга кириш жойида таҳоратхона қурилади. Таҳоратхона ҳам илгаригисидан анча катта ва қулай бўлиши кўзда тутилмоқда. Масжид ярим ертўла, биринчи ва иккинчи қаватлардан иборат бўлади. Беш вақт намозлари энг пастки қаватда ўқилади.
*Хай-тек (инглизча high-tech) – “Юқори технологиялар” деган маънони билдириб, архитектура ва дизайндаги услубдир. Хай-тек 1970-йилларнинг охирларида модернизм негизида пайдо бўлган ва 1980-йилларда кенг қўлланила бошлаган.
Мухбир: – Баъзан масжидларимизда аёллар намоз ўқийдиган жойлар йўқлиги сабабли намозхон аёлларга қийинчилик туғиляпти. Янги масжидда буларга эътибор берилганми?
Имом-хатиб: – Албатта, намоз вақти кириб қолса, аёлларимиз қаерда намоз ўқиши ҳақида шу пайтгача эътибор берилмагани ачинарли ҳол. Шу сабабли қурилажак масжидда алоҳида кириш эшиги, таҳоратхонаси бўлган, 60 ўринли аёллар намозхонаси ҳам бўлади.
Мухбир: – Ҳозир қурилиш ишлари қайси этапда, қийинчиликлар бўлмаяптими?
Имом-хатиб: – Ҳозир эски масжидни бузиш ишлари деярли охирига етиб қолди. Катта қийинчилик ва маблағ билан ер остидан ўтган канализация ва алоқа линиялари кўчириб четроқ жойга ўтказилди. Ҳозир қурилиш қилинадиган жой тозаланиб, котлован қуришга тайёрланди. Худога шукр, ҳозирча маблағимиз бор. Халқимиз, масжид қуриляпти деб, топганини олиб келяпти. Бундан бой, ўзига тўқ одамлар ҳам, қўли калтароқ кишилар ҳам четда қолишгани йўқ. Бир марта қизиқ воқеа бўлди. Сардор Раҳимхон деган укамизни танийсиз. Ўша биродаримиз бир олти яшар болани олиб келди. Ҳалиги бола отаси берган пулларни йиғиб, 400 минг сўм пул йиғибди. Кейин Сардорга “Бу пулларимни фақат масжид қурилишига сарфлайман, ўшандай жойни топиб беринг” дебди. Болакай жуда теран фикрли, зийрак бола экан. Келиб эҳсонини топширганида кўзларимдан ёш чиқиб кетди. Сахий болакай қуриладиган масжиднинг лойиҳалари билан ҳам қизиқиб, кўриб кетди. Масжид қураман десангиз, Аллоҳ олти яшар боланинг ҳам қалбига саховат уруғини солиб қўяр экан. Яна бир киши келиб ийманиб турибди. Келинг, деб гапга солдик. У одам “масжидга эҳсон қилишга келгандим, бироқ бой эмасман, олиб келган пулим кўп эмас”, деб пулининг камлигига хижолат бўлаётган экан. Биз унга: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Ким қатот (ерга ин қурадиган қуш) қушининг инича ёки ундан кичикроқ бўлса-да Аллоҳ учун масжид бино қилса, Аллоҳ таоло у учун бир байт(уй)ни бино қилади” деган ҳадисларини айтдик. Ибн Можа ривояти.
Келган одамнинг юзи ёришиб кетди, қилган ишининг савоб эканлиги, беиз кетмаслигидан қувонди. Дарҳақиқат, савобнинг катта-кичиги бўлмайди, Аллоҳ чин дилдан қилинган эҳсонни қабул қилади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари муфтийлик пайтларида бирор жойга борсалар, одамлар: “масжид қурилишини бошламоқчи эдиг-у, маблағимиз йўқ” дейишса, “сизлар бошлайверинглар, ўзи битиб кетади”, дер эканлар. Мен ҳазратнинг ўша гапларининг исботини олти яшар болада кўрдим.
Мухбир: – Тақсир, масжид қурилиши қачон битиши мўлжалланяпти? Қачон янги масжидда намоз ўқиймиз?
Имом-хатиб: – Ишлар ҳозирги даражада кетса, инша Аллоҳ келаси йилнинг Рамазон ойини янги масжидда ўқиймиз.
Мухбир: – Аллоҳ бошлаган улуғ иш – Ўзининг байтини қуришда сизларга куч-қувват, ғайрат ато этсин. Қурилаётган масжид асрлар бўйи авлодларга Ислом зиёсини тарқатиб, қурганларга, маблағ билан ёрдам берганларга садақайи жория бўлиб қолсин!
Имом-хатиб: – Амийн.
“Азон.уз” мухбири Ёқуб Умар суҳбатлашди.
Асосий хусусиятлари: Бино ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва лойиҳалашда юқори технологиялар, тўғри чизиқлар ва шакллардан фойдаланиш, шиша, пластмасса, металлнинг кенг қўлланилиши, бинонинг ташқарисида функционал элементлардан фойдаланиш (лифтлар, зинапоялар, шамоллатиш тизимлари ва бошқалар)
azon.uz
1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таомини еб бўлгач:
الحمدُ للهِ الذي أطعَمَني هذا الطَّعامَ ورَزَقَنيه من غيرِ حولٍ مِنِّي ولا قوةٍ
“Алҳамду лиллаҳиллазий атъаманий ҳазат тоъама ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин” деб айтса, унинг аввалги гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).
Маъноси: “Бу таомни менинг куч-қувватимсиз менга таомлантириб, у ила мени ризқлантирган Аллоҳга ҳамд бўлсин.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким янги кийим кийганда
الحمدُ للهِ الَّذي كساني هذا ورزقنيه من غيرِ حوْلٍ منِّي ولا قوَّةٍ
“Алҳамду лиллаҳиллазий касаний ҳазас савба ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувватин” деса Аллоҳ унинг олдинги гуноҳларини кечиради” (Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Ибн Можа ривояти).
Маъноси: Ўзгартирмасдан, қувватимни кетказмасдан менга ризқ берган ва мени кийинтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин.
3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки азонни эшитганида:
أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ وَ أَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَ رَسُولُهُ رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا وَ بِالْإِسْلَامِ دِينًا وَ بِمُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ رَسُولًا
“Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу. Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Расулан” деса гуноҳлари кечирилади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Маъноси: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. У якка-ю ягонадир, унинг шериги йўқдир. Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва расули эканига ҳам гувоҳлик бераман. Аллоҳни Роббим, Исломни эса диним, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта “Аллоҳу акбар”, деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлади, юзтанинг тамом бўлишига:
لا إلهَ إلاَّ اللَّه وحْدهُ لاَ شَرِيكَ لهُ لَهُ المُلْكُ ولَهُ الحمْدُ وَهُو عَلَى كُلِّ شَيءٍ قَدِيرٌ
“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр”ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинади», дедилар (Имом Муслим ривояти).
5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўрнига ётаётганида:
لا إله إلا اللهُ وحده لا شريك له له الملكُ وله الحمدُ وهو على كلِّ شيءٍ قديرٌ لاحولَ ولا قوةَ إلا بالله العليِّ العظيمِ سبحان اللهِ والحمدُ لله ولا إله إلا اللهُ واللهُ أكبرُ
“Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайин қодийр. Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм. Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар” деса гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам кечирилади”, дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).
6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ер юзида кимда-ким:
لا إلهَ إلَّا اللهُ واللهُ أكبرُ ولا حولَ ولا قوَّةَ إلَّا باللهِ
“Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” дер экан, унинг барча гуноҳларига каффорат бўлади, гарчи гуноҳлари денгиз кўпигидек кўп бўлса ҳам», дедилар (Имом Термизий ривояти).
7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир кунда юз марта “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” деса унинг хатолари ҳатто денгиз кўпикларича бўлса ҳам ўчирилади», дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки:
أسْتَغْفِرُ اللهَ العَظِيمَ الَّذِي لاَ إلَهَ إلاَّ هُوَ الحَيُّ القَيُّومُ وَأتُوبُ إلَيهِ
“Астағфируллоҳал ъазиймиллазий лаа илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййуму ва атуби илайҳ” деса урушдан қочган бўлса ҳам гуноҳлари кечирилади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД