Ўзбекистон янгиликлари

Замонавий даврдаги энг йирик фиқҳий энциклопедия ўзбек тилига таржима қилинмоқда

Куни кеча “Aзон китоблари” нашриёт-матбаа бирлашмасида “Катта фиқҳ энциклопедияси” китобининг 1-жилди тақдимоти бўлиб ўтди. Унда уламолар, таржимонлар, мухлислар ва китобхонлар иштирок этишди.

Лойиҳа иштирокчиларига кўра, ҳозирга қадар унинг жилдлари 45 та бўлиб, ўзбек тилида 47 жилдда нашр этилиши режалаштирилмоқда. Ушбу таржима жараёнлари 5 йил аввал бошланган.

Шу ўринда ушбу китоб ва унинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтсак. “Катта фиқҳ энциклопедияси” – замонавий даврдаги энг йирик фиқҳий энциклопедия бўлиб, у ҳижрий ўн учинчи асрга қадар ислом ҳуқуқшунослиги меросининг замонавий ва ҳужжатлаштирилган шаклидир. Ҳозирга қадар унинг жилдлари катта ҳажмда бўлган 45 жилдга етган бўлиб, улар тадқиқотчилар ва қозиёт мутахассис (суд эксперт) лари талабаларига қулай бўлиши учун, луғавий тартибда (алфавит бўйича) жойлаштирилган.

Қирқ беш жилддан иборат бу йирик ва нуфузли асар дунё ислом уламолари орасида жуда машҳурдир.  Аллома шайх Мужоҳидул Ислом Қосимий бошчилигидаги Ҳиндистонда Ислом Фиқҳ Академияси олимларининг саъй-ҳаракатлари билан урду тилига таржима қилинган. Аммо энциклопедия ҳали урду тилидан бошқа мусулмон халқлари тилига тўлиқ таржима қилинмаган.

Ушбу илмий лойиҳа бошланиши 1951 йил Парижда бўлиб ўтган Исломий Фиқҳ ҳафталиги конференциясидан сўнг бошланган эди. Конференциянинг якуний қарор ва тавсиялари қаторида исломий ҳуқуқий маълумотларни замонавий услублар ва лексик тартибга кўра тақдим этиладиган ҳуқуқшунослик энциклопедиясини тузиш ҳам бор эди.

Ушбу икки юз таниқли олим томонидан тайёрланган энциклопедия 1956 йилда  Миср ва Суриядан иборат араб давлатлари бирлашмаси қўмитаси томонидан бошланган. Сўнгра эса маблағ тақчиллиги сабабли Қувайт давлатида давом этирилган. Унинг ёзилиб тугалланишига қирқ йилдан ошиқроқ (1965-2005) вақт кетган бўлиб, Қувайт давлатида ниҳоялангани учун “Қувайт фиқҳ энциклопедиси” номини олган. Энциклопедия кўплаб мусулмон мамлакатларда нашрдан чиққан бўлиб, фиқҳ ва қонунчиликда маҳкама, муассаса ва олимларнинг асосий мурожаат қиладиган манбаси бўлиб қолган.

Фиқҳ энциклопедиясини тайёрлашда ислом ҳуқуқшунослиги соҳасидаги юзлаб таниқли олимлар қатнашдилар. Энциклопедия қатъий равишда Вақфлар вазирлигида тайинланган ҳуқуқшунослар орасидан маъмурият ходимларига таянар эди.  Фиқҳ энциклопедиясининг ҳуқуқшунослик ва уни қўллаб-қувватловчи илмлар соҳасида ихтисослашган ушбу яхлитлигида, Кувайтнинг ичкарисидан ва ташқарисидан жуда кўп сонли олимлардан фойдаланган, улар ёзиш учун ягона режада ва илмий кўриб чиқиш ва якуний тасдиқлаш учун бошқа режада маълум атамаларни ёзиш учун тайинланган. Фиқҳ энциклопедияси маъмурияти доирасидан ташқарида ёзганлар сони турли мусулмон мамлакатларидан келган икки юз таниқли ҳуқуқшунос етган этди.

Фиқҳ энциклопедиясининг бош котиблари (масъул шахслар)

Ўтган қирқ йил ичида “Катта фиқҳ энциклопедияси”нинг бош котиблари:

  1. Шайх Мустафо Зарқо.
  2. Доктор Бадр Мутавалли Абдулбосит
  3. Доктор Абдусаттор Абу Ғудда.

Ушбу энциклопедиядан кўпроқ манфаатланиш борасидаги ҳаракатлар боис, у  CD-дискка ва яна замонавий воситаларга жойланиб, тадқиқотчиларга тақдим қилинмоқда. Ҳозирда  фиқҳ энциклопедияси ҳуқуқшунослик материалларини ислом ва ғайриислом дунёси тилларига таржима қилиш устида жиддий ишлар олиб борилмоқда.

Энциклопедия ўз ичига фиқҳий масалаларни тўрт мазҳаб далиллари асосида қиёсий-таҳлил қилиб жамлаган асардир. Ҳар бир мавзу доирасида истилоҳнинг таърифи, унга оид алоқадор сўзлар, ижмолий ҳукми ва ўрганилган ўринлари жой эгаллаган. Ўз навбатида, буларнинг барчаси мавзунинг катта қамровли экани ёки аксинчалигига қараб эҳтиёж доирасида бир қанча бандларга тақсимланган. Истилоҳ “таърифи”да атаманинг луғат китоблари ва уламолар берган тушунчалари келтирилган бўлса, “алоқадор сўзлар” бандида истилоҳнинг бошқа сўзлар билан боғлиқлиги ва уларнинг қисқа тавсифи ўрганилган. “Ижмолий ҳукм”да эса истилоҳнинг фиқҳий жиҳатдан мавзули жойлари, мазҳаблар қарашлари ва уларнинг бунга доир далиллари бирор тарафга оғмаган ҳолда, объектив келтирилган. Истилоҳнинг “ўрганилган ўринлари” бандида мавзу ҳақида бошқа манбаларда келтирилган фикр ва мулоҳазалар тадқиқ қилинган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

182 марта ўқилди

Янгиликлар

Top