Кун тарихи
Ватанимиз тарихидаги 29 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1197 йил (бундан 823 йил олдин) – буюк фақиҳ, имом Бурҳониддин Марғиноний иккинчи марта ҳаж сафарига отланганда Самарқандни тарк этишга улгурмай оғир хасталикдан вафот этди. Тарихчи Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг “Самария” асарида ёзилишича, бу ҳодиса ҳижрий 593 йил зулҳижжа ойининг ўн тўртинчи куни сешанбада (милодий 1197 йил 29 октябрда) содир бўлди. Уни мусулмон оламининг энг табаррук қабристонларидан бири – Чокардиза қабристонига дафн этганлар.
Мавлоно Бурҳониддиннинг қабри тўғрисида Абу Тоҳирхожа Самарқандий жумладан шундай дейди: “Мавлоно Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг мозори... Чокардиза қабристонида, катта кўчанинг кунботарида, ҳовузга ўхшаган чуқурнинг ёнидадирким, шу катта йўл ўша ҳовуз орқали шарқий-шимолга қараб ўтади. Мавлоно Бурҳониддиннинг қабри ўша катта йўлнинг жануб тарафида, пишиқ ғиштдан қилинган баланд суфададир”.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Китоб ал-Ҳидоя” (қисқача номи “Ҳидоя” – “Тўғри йўл”) асари нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун ислом шарқида бир неча тилларга таржима этилиб маълум ва машҳур бўлиб кетган. Бу китоб фиқҳ илми бўйича энг аниқ, изчил, мукаммал асардир. Ундан асрлар давомида ислом ҳуқуқшунослиги бўйича нуфузли ҳуқуқий манба – асосий қўлланма сифатида фойдаланилган.
Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида ёзилишича, аллома нафақат уламолар, балки оддий халқ орасида ҳам “ҳидоят йўлининг сарбони” дея катта ҳурмат-эътибор топган. Бурҳониддин валмилла (ислом динининг далили, исботи) деган шарафли номга сазовор бўлган. Ҳозир ҳам жаҳондаги кўп олий ўқув юртларида мусулмон ҳуқуқшунослиги фанлари Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ таълимоти асосида ўрганилади.
Ўзбекистонда 1997 йилда милодий сана бўйича улуғ аллома вафотининг 800 йиллиги, 2000 йилда ҳижрий сана бўйича таваллудининг 910 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Марғилон шаҳри марказида Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуи бунёд этилиб, шу ерда унинг рамзий мақбараси ўрнатилди.
1842 йил (бундан 178 йил олдин) – Бухорога сафар қилган Хива хони Оллоқулихон Хивага қайтиб келди. Бу вақтда 19 октябрдан бери Данилевский бошчилигидаги рус дипломатик миссияси Хивада хоннинг қайтишини кутаётган эди. Эртаси куни бироз бетоб бўлишига қарамасдан хон рус элчиларини қабул қилди. Кейинги музокаралар эса фақат 10 ноябрда бўлиб ўтди. Орадан 2 ҳафта ўтгач, Оллоқулихон дунёдан ўтди.
1942 йил (бундан 78 йил олдин) – Иккинчи жаҳон уруши даврида Шимоли-ғарбий фронт, кейинчалик учинчи Болтиқбўйи фронтида ҳарбийлар учун ўзбек тилида “Ватан учун” номли газета чиқа бошлади. Унда ҳукуматнинг расмий хабарлари, фронтдаги жанглар, Ўзбекистондаги воқеалар, хорижда содир бўлаётган турли янгиликлар, хуллас, ўз ўқувчиларини хилма-хил ахборотлар билан таништириш орқали ҳарбийларда жанговарлик, ватанпарварлик, қаҳрамонлик ҳис-туйғуларини юксалтиришга ҳаракат қилинган.
1997 йил (бундан 23 йил олдин) – Тошкентда Нидерландия Қироллиги консулхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ғарбий Европада, Шимолий денгиз соҳилида жойлашган мазкур давлат Ўзбекистон Республикаси суверенитетини 1991 йил 31 декабрда тан олган, икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 июлда ўрнатилган.
2000 йил (бундан 20 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг боксни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда замонавий бокс XX асрнинг 20-йилларидан оммалашди. Тарихимиздаги илк бокс мусобақаси 1922 йил Тошкентдаги “Фортуна” спорт жамиятида ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Бокс федерацияси 1993 йилдан Халқаро боксчилар ассоциацияси – AIBA аъзоси.
2019 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ
тайёрлади
ЎзА
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар беришича, май ойининг 13-санасида бир кунда 3 млрд сўмлик энергоресурсларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланган. Афсуски, бугун бундай газ ва электр энергияга яширинча уланиб, давлатга миллиардлаб зарар етказган кимсалар ҳақидаги хабарларни тез-тез ўқиб қоламиз.
Бировнинг, айниқса, халқ ҳақидан қўрқмай ўғрилик орқали манфаат топмоқчи бўлаётган инсонлар орамизда кўплаб топилади. Бундайларнинг наздида газ, сув, электр энергия туганмас бойлик. Ундан ҳар ким ўз манфаати йўлида фойдаланиши мумкин. Бироқ бу неъматлар хонадонларга кириб бориши учун минглаб инсонлар меҳнат қилишини, давлат эса миллиардлаб маблағ сарфлашини, улар ҳам бир кун тугаб қолишини хаёлига ҳам келтирмайди.
Аслида ушбу неъматлардан оқилона фойдаланиш, исроф қилмаслик нафақат фуқаролик мажбуриятимиз, балки инсоний вазифамиз, мўминлик бурчимиздир.
Айтиш жоизки, уйда, ишда, кўчада коммунал тўловлар атрофида айланаётган қатор муаммолар ҳақида кўп эшитамиз, баъзан ўзимиз унинг гувоҳи ёки бевосита иштирокчисига айланамиз. Лекин бу муаммолар тўловни ўз вақтида амалга оширмаслик ёки айрим нобоп кимсаларнинг қилмиши оқибатида юзага чиқаётгани ёдимизга ҳам келмайди. Тўловларни имкон бўла туриб асоссиз баҳоналар ёки ўз вақтида тўламаслик ёки ҳисоблагич жиҳозларини тескарига айлантириш ёхуд ҳар хил ҳийлалар ишлатиб, уларни тўлашдан қочиш давлатнинг ва халқнинг ҳақини ейиш ҳисобланади. Чунки табиий бойликлар давлат ва халқ мулкидир.
Қолаверса, коммунал хизматлардан фойдаланиш учун ҳар бир хонадон таъминотчилар билан шартнома тузиб, қўл қўйган ва ўзаро келишувда тўловни ўз вақтида адо этишга келишган. Шу боис тўловларни вақтида адо этишимиз шаръан ҳам жоиз.
Таъкидлаш лозимки, халқнинг мулкида барча фуқаролар, хусусан, кам таъминланганлар, ногиронлар, етим-есирлар, кексаларнинг ҳақи бор. Улардан фойдаланишга келганда фаол бўлиб, тўловга келганда қочаётган, пайсалга солаётганлар юқорида зикр этилган қатламларнинг ҳам ҳақини ўзлаштириб, ноҳақ еяётганини билиб олсинлар. Зеро, Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар, бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманглар” (Нисо сураси 29-оят), дея огоҳлантирилган. Шундай бўлгач, ҳар бир фуқаро ўзгаларнинг молига, айниқса, жамоат мулкига хиёнат этмаслиги даркор! Бунга эътиборсизлик охиратда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳавла бинти Амр розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади” (Имом Бухорий ривояти). Шундай экан, бу масалага жиддий ёндашишимизга тўғри келади.
Шунингдек, газ, электр энергия ва сув каби неъматлардан оқилона фойдаланиш ҳам динимиз талабидир. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Иқтисод қилган кимса камбағал бўлмас, маслаҳат қилган пушаймон бўлмас” (“Мушкотул насобиҳ”), деб тавсия берганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш набийликнинг етмишдан бир жузидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, доим аҳли солиҳлардан бўлиб, тежамкор бўлиш, исрофга йўл қўймаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик набийликнинг етмиш жузидан бир жуз, етмиш бўлагидан бир бўлак экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон яхши англаб, ҳаётига татбиқ қилиши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, ҳалоллик инсон ҳаётини хотиржам, осойишта ва фаровон қилади. Шундай экан, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаб, халқ ҳақига хиёнат қилмайлик, азизлар!
Ғайрат БОЗОРОВ,
Деҳқонобод тумани
“Оқработ ота” жоме масжиди
имом-хатиби
"Ҳидоят" журналининг 6-сонидан олинди