Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Март, 2026   |   25 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:19
Қуёш
06:37
Пешин
12:37
Аср
16:42
Шом
18:32
Хуфтон
19:44
Bismillah
14 Март, 2026, 25 Рамазон, 1447

“Ҳидоят йўлининг сарбони” деб улуғланган алломани биласизми?

29.10.2020   2326   4 min.
“Ҳидоят йўлининг сарбони” деб улуғланган алломани биласизми?

Кун тарихи

Ватанимиз тарихидаги 29 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1197 йил (бундан 823 йил олдин) – буюк фақиҳ, имом Бурҳониддин Марғиноний иккинчи марта ҳаж сафарига отланганда Самарқандни тарк этишга улгурмай оғир хасталикдан вафот этди. Тарихчи Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг “Самария” асарида ёзилишича, бу ҳодиса ҳижрий 593 йил зулҳижжа ойининг ўн тўртинчи куни сешанбада (милодий 1197 йил 29 октябрда) содир бўлди. Уни мусулмон оламининг энг табаррук қабристонларидан бири – Чокардиза қабристонига дафн этганлар.

Мавлоно Бурҳониддиннинг қабри тўғрисида Абу Тоҳирхожа Самарқандий жумладан шундай дейди: “Мавлоно Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг мозори... Чокардиза қабристонида, катта кўчанинг кунботарида, ҳовузга ўхшаган чуқурнинг ёнидадирким, шу катта йўл ўша ҳовуз орқали шарқий-шимолга қараб ўтади. Мавлоно Бурҳониддиннинг қабри ўша катта йўлнинг жануб тарафида, пишиқ ғиштдан қилинган баланд суфададир”.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Китоб ал-Ҳидоя” (қисқача номи “Ҳидоя” – “Тўғри йўл”) асари нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун ислом шарқида бир неча тилларга таржима этилиб маълум ва машҳур бўлиб кетган. Бу китоб фиқҳ илми бўйича энг аниқ, изчил, мукаммал асардир. Ундан асрлар давомида ислом ҳуқуқшунослиги бўйича нуфузли ҳуқуқий манба – асосий қўлланма сифатида фойдаланилган.

Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида ёзилишича, аллома нафақат уламолар, балки оддий халқ орасида ҳам “ҳидоят йўлининг сарбони” дея катта ҳурмат-эътибор топган. Бурҳониддин валмилла (ислом динининг далили, исботи) деган шарафли номга сазовор бўлган. Ҳозир ҳам жаҳондаги кўп олий ўқув юртларида мусулмон ҳуқуқшунослиги фанлари Бурҳониддин Марғинонийнинг фиқҳ таълимоти асосида ўрганилади.

Ўзбекистонда 1997 йилда милодий сана бўйича улуғ аллома вафотининг 800 йиллиги, 2000 йилда ҳижрий сана бўйича таваллудининг 910 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан Марғилон шаҳри марказида Бурҳониддин Марғиноний ёдгорлик мажмуи бунёд этилиб, шу ерда унинг рамзий мақбараси ўрнатилди.

1842 йил (бундан 178 йил олдин) – Бухорога сафар қилган Хива хони Оллоқулихон Хивага қайтиб келди. Бу вақтда 19 октябрдан бери Данилевский бошчилигидаги рус дипломатик миссияси Хивада хоннинг қайтишини кутаётган эди. Эртаси куни бироз бетоб бўлишига қарамасдан хон рус элчиларини қабул қилди. Кейинги музокаралар эса фақат 10 ноябрда бўлиб ўтди. Орадан 2 ҳафта ўтгач, Оллоқулихон дунёдан ўтди.

1942 йил (бундан 78 йил олдин) – Иккинчи жаҳон уруши даврида Шимоли-ғарбий фронт, кейинчалик учинчи Болтиқбўйи фронтида ҳарбийлар учун ўзбек тилида “Ватан учун” номли газета чиқа бошлади. Унда ҳукуматнинг расмий хабарлари, фронтдаги жанглар, Ўзбекистондаги воқеалар, хорижда содир бўлаётган турли янгиликлар, хуллас, ўз ўқувчиларини хилма-хил ахборотлар билан таништириш орқали ҳарбийларда жанговарлик, ватанпарварлик, қаҳрамонлик ҳис-туйғуларини юксалтиришга ҳаракат қилинган.

1997 йил (бундан 23 йил олдин) – Тошкентда Нидерландия Қироллиги консулхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ғарбий Европада, Шимолий денгиз соҳилида жойлашган мазкур давлат Ўзбекистон Республикаси суверенитетини 1991 йил 31 декабрда тан олган, икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 10 июлда ўрнатилган.

2000 йил (бундан 20 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг боксни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси тузилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда замонавий бокс XX асрнинг 20-йилларидан оммалашди. Тарихимиздаги илк бокс мусобақаси 1922 йил Тошкентдаги “Фортуна” спорт жамиятида ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Бокс федерацияси 1993 йилдан Халқаро боксчилар ассоциацияси – AIBA аъзоси.

2019 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади илм-фан ва илмий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ

тайёрлади 

ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муфтий ҳазратлари: "Рамазоннинг охирги даҳасини ғанимат билайлик!"

13.03.2026   4084   1 min.
Муфтий ҳазратлари:

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари бугун, 13 март куни жума намозини Тошкент вилояти Қибрай тумани “Байтқўрғон” жоме масжидида адо этдилар. 

Муфтий ҳазратлари намоздан олдин жамоатга муборак ойнинг охирги даҳасини ғанимат билиш, бу дамлардан унумли фойдаланиб қолиш борасида гўзал суҳбат қилиб бердилар.
Аллоҳ таоло охирги ўн кунликни ўзига хос фазилат ва лутфу эҳсони билан шарафли қилганки, бунга бошқа кун ва ойларда етишишнинг иложи йўқ. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам бошқа ойларда қилмаган баъзи амалларни шу ойда қилганлар. 

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ушбу охирги ўн кунликда ибодатларга янада жидду жаҳд билан киришиш, вақтни ғанимат билиш, Қадр кечасини излаш каби амалларни санаб ўтар экан, айниқса, Қадр кечасида қилинган солиҳ амал бошқа минг ойда қилинган амалдан яхшироқ бўлишини ояти карима билан келтириб ўтдилар. Зеро, Аллоҳ таоло Қадр сурасининг 3-оятида “Қадр кечаси минг ойдан ҳам яхшироқдир” деб марҳамат қилган.

Маърузада жамиятдаги бирлик, иноқлик, ўзаро ёрдам ва муҳаббат асосида қариндошларга яхшилик қилиш ётиши таъкидланди. Ўзаро аразлашганлар бўлса ярашишга чақирилди.

Шунингдек, бу йилги Рамазон ойи ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳда ўтаётгани, бунинг асосий сабаби – Президентимизнинг бевосита ташаббуслари билан кенг кўламли хайрия ва ижтимоий кўмак тадбирларининг амалга оширилаётгани экани эътироф этилди.

Манфаатли суҳбат сўнгида Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ғанимат дамлардан унумли фойдаланиб, Ўзининг розилигига эришадиган бандаларидан қилишини сўраб дуо қилинди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати

Муфтий ҳазратлари: Муфтий ҳазратлари: Муфтий ҳазратлари: Муфтий ҳазратлари: Муфтий ҳазратлари: Муфтий ҳазратлари:
Ўзбекистон янгиликлари