Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Март, 2026   |   21 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:26
Қуёш
06:44
Пешин
12:38
Аср
16:38
Шом
18:28
Хуфтон
19:39
Bismillah
10 Март, 2026, 21 Рамазон, 1447

IFN News: "Ўзбекистонда ислом молиясига талаб юқори"

30.10.2020   2342   3 min.
IFN News:

Ислом молияси соҳасида жаҳоннинг энг обрўли нашрларидан бири бўлган www.islamicfinancenews.com Ўзбекистонда ислом молияси соҳасида бўлаётган ижобий ўзгаришлар, саводхонликни ошириш бўйича қилинаётган ишлар бўйича мақола эълон қилди. Islommoliyasi.uz сайти ва телеграм саҳифаси асосчиларидан бири Хондамир Нусратхўжаев бу борада қилинаётган саъй-ҳаракатлар юзасидан Жаҳонгир Имамназаров ва Музаффар Низомиддиновлар билан суҳбатлашди.

Хусусий тармоқни ривожлантириш Ислом корпорацияси (ICD) ташкилотга аъзо мамлакатларда ислом молиясини ривожлантириш мақсадида хусусий тармоқ ва ҳукуматларга молиялаштириш ва маслаҳат бериш орқали кўмаклашади.

Бугунги кунда ICD томонидан Ўзбекистоннинг саккизта тижорат банкида ислом дарчалари очиш бўйича маслаҳат гуруҳи иш олиб бормоқда. Ушбу лойиҳа доирасида 2020 йил сентябрь ойида ICD Ислом тадқиқот ва тренинг институти (IRTI) билан ҳамкорликда ислом молияси маҳсулотлари ва тамойиллари бўйича бир ойлик тренинг ўтказиш бўйича шартнома имзоланди. Режага кўра 2021 йилда Ўзбекистоннинг бешта тижорат банкида ислом дарчалари фаолият бошлаши кўзда тутилган.

ICD ташкилотининг вакили Музаффар Низомиддинов сўзларига кўра, ислом дарчаларини очишга тайёргарлик кўриш жараёнида айниқса банкларнинг мижозлар билан ишлайдиган ходимлари зарур билимларга эга бўлишларига катта аҳамият берилмоқда.

Келишувга кўра бешта тижорат банки учун тренинглар ташкил қилинади ва улар IRTI мутахассислари томонидан олиб борилади. Ушбу тренингларда тижорат банкларининг тахминан 125 нафар ходими малака ошириш, ислом банкчилигининг турли мавзуларида зарур билимларни олиш имкониятига эга бўладилар. Тренинглар ҳар бир банк учун беш кун давом этиши ва халқаро парвозлар учун тақиқлар олинганда ташкиллаштирилиши кўзда тутилган.

Бирлашган Миллатлар Тараққиёт Дастури (БМТД) 2020 йилнинг биринчи ярмида “Ўзбекистонда барқарор тараққиётни молиялаштириш” мавзусидаги тадқиқот доирасида мамлакатда ислом молияси имкониятларини ўрганди ва кенг кўламли сўровнома ўтказди. Ушбу сўровномада 7200 та иштирокчи, жумладан, 2235 та корхона ва тадбиркорлар, 4938 та аҳоли вакиллари ва мамлакатда фаолият олиб бораётган 30 та тижорат банкининг 27 таси қатнашди.

Лойиҳа етакчиси Жаҳонгир Имамназаров тадқиқот юзасидан қуйидаги маълумотларни тақдим этди:

- Сўровномада иштирок этган корхона ва тадбиркорларнинг 60% ва аҳолининг 68% банкдан кредит олмаслигининг асосий сабаби диний қарашлари эканлигини айтганлар.

- Агар Ўзбекистонда ислом молияси муассасалари фаолият юритишни бошласа сўровномада қатнашган 61% корхона ва тадбиркорлар, 75% аҳоли вакиллари уларга мижоз бўлиш истагини билдирганлар.

- Ислом молияси маҳсулотлари қимматроқ бўлса ҳам улардан фойдаланасизми деган саволга 47% корхона ва тадбиркорлар, 55% аҳоли вакиллари ижобий жавоб берганлар.

- Корхона ва тадбиркорларнинг 44%, аҳоли вакилларининг 42% ислом банкларига музораба битими орқали маблағларини йўналтиришга тайёр эканликларини айтганлар.

- Сўровномада қатнашган 27 та тижорат банкларининг барчаси ислом молияси ва банкчилиги жорий қилинишини қўллаб қувватлашини билдирганлар.

Тадқиқот ушбу соҳадаги муаммолар, имкониятлар, саводхонлик ва бошқа масалаларни ҳам ўз ичига олган. Одамларнинг сўз ва истаклари уларнинг қабул қиладиган амалий қарорларидан фарқ қилсада, сўровнома натижалари энг асосий савол – Ўзбекистонда ислом молиясига талаб етарли даражада бўладими-йўқми деган масалага очиқ-ойдин ижобий жавоб берди.

Ишнинг қолган амалий қисми эса аҳолисининг 95% мусулмон бўлган ушбу мамлакатда ҳам ислом молиясини жорий қилиш ва шу билан ушбу соҳа ривожланаётган 40 дан ортиқ давлат қаторига қўшилишга имконият беришдир.

Ислом молияси сайтидан олинди.

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди

20.05.2024   13840   4 min.
Фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. У зот алайҳиссалом менга: “Эй, Абу Мусо, Сени жаннат хазинасидан бўлган калимага далолат қилайми?!” дедилар”.

Мен: “Ҳа, ё Аллоҳнинг Расули”, дедим. Шунда Набий алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айт, чунки у жаннат хазиналаридан”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”нинг маъноси ҳақида бундай деганлар: “Гуноҳдан фақатгина Аллоҳнинг ёрдами ила тийилиш мумкин. Аллоҳга итоат этиш ҳам ёлғиз Аллоҳнинг ёрдами билан бўлади”.

Банда Аллоҳнинг ёрдамисиз ўзини ўзгартира олмайди, гуноҳдан қутила олмайди, тўғри йўлни тополмайди, бирор савобли ишга қўл уролмайди. Чунки куч-қувват фақат Аллоҳдандир.

Ким мусибатга йўлиқиб, қийин аҳволга тушиб қолса, қарздор бўлса, моддий ҳолати оғирлашса, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп такрорласин. Шунда Аллоҳ унга нажот беради ҳамда уни турли қийинчилик ва ташвишлардан халос этади.

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Али, сенга қийин аҳволга тушиб қолганда айтиладиган калималарни ўргатайми?” дедилар.

Мен: “Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ўргатинг, ё Расулуллоҳ”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қийин аҳволга тушиб қолсанг, “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳил ъалиййил ъазийм”, деб айт. Чунки мана шу дуо билан Аллоҳ хоҳлаганича ҳар турли балолардан халос қилади, дедилар”.

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, тўқсон тўққиз дардга даво бўлади. Энг енгили ғамдир”, (Имом Табароний, Имом Ҳоким ривояти).

Шунинг учун уламолар: “Кимнинг ғам-ташвиш ва мусибатлари кўпайиб кетса: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни кўп айтсин”, деганлар.

Ким “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ” зикрини айтишга одатланса ғам-ташвишлардан халос бўлиш билан бирга, камбағаллик ҳам кўрмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар куни юз марта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”ни айтса, унга фақирлик етмас”, деганлар (Ибн Абу Дунё ривояти).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом қачон муаззин “Ҳайя ъалас-сола” ва “Ҳайя ъалал-фалаҳ”ни айтганида “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” дейишни ўргатганлар.

Муаззиннинг намозга, нажотга шошилинг деган чақириқига “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” яъни Аллоҳнинг хоҳишисиз бизда ҳаракат ҳам, қувват ҳам йўқ, деб жавоб қайтарилади. Чунки агар Роббимиз ибодат қилишимизга куч-қувват бермаса, биз ўзимиз адо этишга қодир эмасмиз.

Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу: “Қайси бир фаришта осмонга чиқмоқчи бўлса, албатта “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”ни айтиб, ердан кўтарилади. Чунки фаришта бу зикрни айтмаса осмонга чиқа олмайди”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйдан чиқаётиб: “Бисмиллаҳи, таваккалту ъалаллоҳ. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ”, дер эдилар.

Ким ушбу зикрларни айтиб уйидан чиқса у Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади, шайтон унга яқинлаша олмайди.

“Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” зикри сабабли қанча қийинчиликлар енгил бўлди, ғам-ғуссалар ариди, дангасаликлар кетди, ибодатга завқ ортди, қайғулар ҳурсандчиликка айланди, ҳаётда эзгу мақсадлар сари илдам қадам босишга илҳом, ишонч пайдо бўлди.

Шундай экан, “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ” деб айтишни ўзингизга кунлик вазифа қилиб олинг. Ҳар куни имкон қадар кўп айтишга одатланинг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат кўчатларини кўпайтиринглар”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг расули, унинг кўчатлари нима?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ”, дедилар (Имом Табароний ривояти).

 Даврон НУРМУҲАММАД