Бугун, 19 ноябрь куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Абдураҳмонов Яҳё Убайдулло ўғли “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқарув кенгаши раиси вазифасига тайинланди. Бу ҳақда “Вақф” хайрия жамоат фонди Васийлик кенгаши йиғилишида эълон қилинди. Фонднинг аввалги раҳбари Искандар Халилов бошқа ишга ўтказилди.
Абдураҳмонов Яҳё 1985 йилда Сирдарё вилоятида туғилган. 1999-2003 йилларда Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” мадрасасини тамомлаган. 2004-2008 йилларда Тошкент ислом институтида таълим олган. Шу давр оралиғида Миср Араб Республикасидаги “ал-Азҳар” университетида малака оширган.
2009-2011 йилларда Ўзбекистон миллий университетининг Олий журналистика факультетида ўқиган.
2004-2018 йилларда Тошкент шаҳри Юнусобод тумани “Кулол қўрғон” жоме масжидида имом ноиби, имом-хатиби вазифаларида меҳнат қилган.
2018 йилда Тошкент шаҳридаги туманлараро қорилар мусобақасининг мутлақ ғолиби, шаҳар бўйича 2-ўрин соҳиби бўлган.
2018 йилда “Энг маърифатли имом” кўрик танлови Тошкент шаҳридаги босқичи ғолиби, Республика босқичида эса 2-ўринни эгаллаган.
Айни вақтда Тошкент шаҳри Шайхонтаҳур тумани бош имом-хатиби, ушбу тумандаги “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби, Тошкент ислом институти “Тажвид” фани ўқитувчиси ва Халқаро ислом академиясининг мустақил тадқиқотчиси ҳисобланади.
Яҳё домла Абдураҳмоновга ушбу шарафли ва масъулиятли вазифада Аллоҳ таолодан куч-қувват ва муваффақиятлар сўраймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Заифлигимизни тан олсак, шундан кейин Аллоҳ таоло куч-қудрати билан бизни қўллаб-қувватлайди, муҳтож ва қашшоқлигимизни англаб етсак, У ўз бойликлари билан бизга янада кўпроқ ёрдам беради. Ким Аллоҳга ўзининг доимий эҳтиёжи борлигини, фақирлигини, шикасталигини, ожизлигини мужассамлаштириб намоён эта олса, Аллоҳ уни улуғ давлатга, яъни ўзидан бошқа ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамаслик шарафига муяссар этади. Ахир чиндан ҳам қулнинг Аллоҳдан бошқа паноҳи ва нажоти бўлиши мумкин эмас-ку...
Кимда-ким Аллоҳ наздида ўзининг бандалик (убудийя) сифатини намоён этиб, давомли тарзда Унинг зикри билан машғул бўлса, Аллоҳ уни ўз рубубияти (ҳокимияти) билан қўллайди, зеро, зикр — бу бандаликнинг ҳақиқий сифатларини оҳанрабодай ўзига тортадиган бир амалдир.
Қачонки инсон чин дилдан ўзига Аллоҳнинг ҳақиқий бандаси бўлишликни тилаб қолса, Аллоҳ ҳам ўз навбатида уни яна-да қувватлаб, рағбатини зиёда эта бошлайди. Бандага етган ва у гувоҳ бўлган бундай қўллаб-қувватлашлик эса Аллоҳ таоло меҳрибончилигининг майдагина бир қисми, холос.
Агар банда мана шу тарзда ўзининг бандалик сифатларини, қашшоқлигини ва Аллоҳга бўлган муҳтожлигини кўпайтириб борса, Яратган ҳам ўзининг лутфу эҳсонларини тезда кўпайтира бошлайди. Модомики, шундай экан, Яратганнинг лутф-карамига талпинган ва зудлик билан унга эришмоқчи бўлган киши Унга муҳтож эканлигини самимий иқрор этсин.
Яратган Қуръони Мажидда марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, садақалар муҳтожлар учундир” (Тавба сураси, 60-оят).
Аллоҳ маънавий даражаларга эришганларга ўзининг эҳсонларини кўпайтиргани сари уларнинг бандалик сифатлари ҳам қувватланиб, иймонлари кучайиб боради. Бу эса, ўз навбатида, уларни Яратганга тақарруб ва яқинлик манзили томон элтади.
Шу билан бирга, бундай одамларнинг жамиятдаги обрў-эътиборлари кўтарилиб, уларнинг ҳилму камтарликлари камолга етади. Бу нарса уларни мўминлар олдида ўта бир камтарин суратда намоён этса, динсизлар олдида уларнинг виқору ҳайбатларини оширади.
Баъзан солиҳлар ҳам нафснинг истакларини вақти-вақти билан қондириб турадилар ва кези келганда бунинг учун чин кўнгилдан миннатдор ҳам бўладилар. Чунки бундай кишилар олдида нафс меҳрибончилик ва марҳамат кўрсатишликка муҳтож бир махлуққа айланиб қолган. Шу боис уни худди ёш бола каби гоҳи-гоҳида совға-саломлар билан юпатиб турмаса бўлмайди. Одатий ҳолатда эса бу зотлар пайғамбарлар даъватининг ижобати учун дунё лаззатларидан тамомила чекиниб, нафсларининг хоҳишларини ўта қаттиқ даражада чегаралайдилар.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.