Икки ўзбек фильми: «Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий» (2019) ва "Шарқдан нур "(2005) Islam-Today интернет нашри томонидан мусулмонлар ҳақида энг яхши 10 та фильмлар қаторига киритилди.
“Бу жуда сифатли картина - Ўзбекистонда кўп йиллар ичида биринчи маротаба суратга олинган диний фильм. Режиссёр ва сценарий муаллифи шоирлар ҳақидаги фильмларнинг совет анъанасига таянади. Картинада севги-муҳаббат ҳикояси ҳам бор (гап бир қизни севиб қолиб, Абу Исо уйланиш учун устозини совчиликка юбориш учун юборгани, лекин Аллоҳнинг иродаси билан қиз аллақачон унаштирилган бўлиб чиқиши ҳақида бормоқда), лекин биз асосий қаҳрамон ўзини бутунлай маънавий ҳаётга бағишлашини тушунамиз. Бу ерда асосий қаҳрамонга қаршилик кўрсатадиган ёвуз киши ҳам бор. Имом олижаноб буюк одамдек гавдаланади ва бутунлай ўзини даъват қилишга бағишлайдин. Рақибини эса ҳасад ҳис-туйғулари бошқаради. У нафақат бошқаларнинг ҳаётини заҳарлайди, балки ўзини йўқ қилади. Бош қаҳрамон оқилона тарза фикр юритади, фильмда мўъжизалар йўқ: Абу Исо Муҳаммад Термизий ҳеч кимга шифо бермайди, ўзгартирмайди. У фақат билим тўплаш ва сақлаб қолиш учун хизмат қилади. Имом йигирма йилни ватанидан ташқарида ҳадис тўплаш билан ўтказди. Йигирма йил ичида Термизий Шайх Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Марвазий ва бошқа кўплаб олимлардан таҳсил олади. Йигирма беш ёшида (бошқа версияга кўра, йигирма олти ёшида) Ироққа, Басра шаҳрига бориб, ўша минтақаларнинг кўзга кўринган олимларидан сабоқ ола бошлади, шундан сўнг Шомга, у ердан эса Ҳижозга боради. Ана шу йигирма йиллик сайёҳат ва таълим олишлар чоғларида Абу Исо Термизий олимлардан эшитган барча ҳадисларини ёд олар ва ёзиб олар, ҳар хил баҳсларда иштирок этган”, - дейилади мақолада «Имом Абу Исо Муҳаммад Термизий» (2019) фильми ҳақида.
Бошқа яна бир ўзбек фильми бўлмиш "Шарқдан нур "(2005) картинасига мана бундай таъриф берилади: "Тиббиёт" атамаси қаердан келиб чиққанини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Олим ва тадқиқотчилар орасида бу сўзнинг пайдо бўлиши Ибн Сино (Авиценна), Буюк Шарқ алломаси, табиби, олими – "мадат Сино" номи билан боғлиқ деган фикр мавжуд. Унинг асарларининг аниқ сони номаълум,аммо тадқиқотчилар 160 ва 450 рақамлари орасида деб фараз қилишади. Унинг китоблари ёқиб юборилди, ўғирланди ва яширилди, аммо уларнинг оддий санаб ўтилиши ҳам таъсирли эшитилади: "Шифо китоби", "Нажот китоби", "Кўрсатма ва ўгитлар китоби", "Илм китоби". Фильмда дунёга машҳур олим-энциклопедист Ибн Синонинг буюк мутафаккир Абу Райҳон Беруний билан танишуви асос қилиб олинган. Суратга олиш ишлари бир қанча мамлакатлар – Ўзбекистон, Эрон, Франция ва Россия ҳудудида бўлиб ўтган бўлиб, Шарқ мутафаккири ролини ёш истеъдодли актёрлар Ҳасан ва Ҳусан Солиҳовлар ижро этишган.
Фильм биографик, маърифий характерга эга бўлиб чиқди. Режиссёрнинг сўзларига кўра, аввалига у илмий асарлари ҳақида кўпроқ маълумот бермоқчи бўлган, аммо Авиценна (Ибн Синони Ғарб тадқиқотчилари шундай деб аташади) ҳақидаги мавжуд фильмларни таҳлил қилгач, Шуҳрат Маҳмудов ўша даврда мавжуд бўлган барча билим ва кўникмаларни ўзлаштириб, энциклопедистнинг ёшлигидан ишлаган шароитларини имкон қадар тўлиқ етказишга ҳаракат қилиш учун маърифий картинани тайёрлашга қарор қилди. "Айтишларича, Ғарб - тана, Шарқ эса - руҳ дейишади. Лекин ўзида бутун дунёни бирлаштирган одам бор эди. Даврнинг энг универсал боши Абу Али Ибн Сино эди…"
Энг яхши фильмлар ўнталигига «Биз барчамиз» (2017), «1001 кашфиёт ва сирлар кутубхонаси» (2010), «Мени Кхан деб аташади» (2010), «Нома хат» (1976), «Мулла» (2018), «Ҳалима» (2017), «Бизнинг воизимиз» (2017), «Раббингиз номи билан ўқинг», «ИншоАллоҳ» фильмлари ҳам киритилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қуръон хатм қилинганда ижобат бўладиган дуо бор”.
Аллоҳим! Бизни энг гўзал Калом – Қуръони Карим тиловатига мушарраф қилганинг, уни хатм қилишга муваффақ этганинг учун Ўзингга ҳамду саноларимиз бўлсин!
Аллоҳим! Сарвари олам, Саййидул мурсалийн, Ўзингнинг Ҳабибинг, Расулинг Муҳаммад Мустафога, у зотнинг аҳли байтлари, саҳобалари, тобеъинлар ва уларга эргашган мусулмонларга салавоту салом юбор, раҳматинг ва баракотингни зиёда қил!
Аллоҳим! Бизни энг маҳбуб Расулинг умматидан қилганингга шукр.
Аллоҳим! Бизни Рамазонга етказиб, ибодатингга лойиқ кўрганинг учун Ўзингга ҳамду санолар айтамиз! Ўзингнинг Каломингни тиловат ва хатм қилишни бизга муваффақ қилганингга шукрлар келтирамиз!
Аллоҳим! Бизга Сен берган ва бераётган барча неъматларнинг саноғи, фазлу марҳаматинг адоғи йўқ! Барчаси учун Ўзингга ҳамду саноларимиз бўлсин!
Аллоҳим! Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен барча айбу нуқсондан покдирсан!
Аллоҳим! Бизнинг гуноҳларимизни мағфират этгин! Ўзинг мағфират қилмасанг, раҳм қилмасанг, зиён кўрганларлардан бўлажакмиз!
Аллоҳим! Буйруқларингни тўлиқ адо эта олмадик, қайтариқларингдан қайта олмадик, аммо бўйин товлаб эмас, ожизлигимиздан. Ўзинг ожизларга меҳрибонсан, биздан меҳрингни дариғ тутма!
Аллоҳим! Раҳмати билан айбу гуноҳларимизни яширувчи Зот, уларни мағфиратинг ва фазлинг ила кечириб юбор! Гуноҳларимизнинг каттаю кичиги, махфию ошкораси, билганларимиз, билмайдиганларимизни кечир!
Аллоҳим! Сен афвни қилишни яхши кўрасан, бизни афв эт!
Аллоҳим! Сўраганни яхши кўрувчи Зотсан, Сендан сўрамагандан ғазабланасан, ибодат ва дуоларимизни ижобат айла!
Аллоҳим! Ўзинг “Дуо қилинглар, ижобат қиламан”, деб марҳамат қилгансан. Амрингга биноан дуо қилмоқдамиз, ваъдангга биноан ижобат айла! Сен бандаларингнинг қўлларини қуруқ қайтармагайсан!
Аллоҳим! Бизга розилигингни, жаннатингни ҳамда уларга олиб борадиган сўз ва амалларни насиб қил! Ғазабингдан, дўзахингдан ҳамда уларга олиб борадиган сўз ва амаллардан паноҳ бер!
Аллоҳим! Сендан фойдали илм, мақбул солиҳ амал, гўзал ахлоқ, ҳалол ризқ, баракали умр, солиҳ зурриёт сўраймиз!
Ё Аллоҳ! Бизга кенг феъл, кетмас давлат, зикрли тил, шукрли дил ато эт!
Аллоҳим! Ҳар бир ишда Сенга муҳтожмиз,! Ўзингдан ўзгага муҳтож қилма!
Аллоҳим! Қуръони каримни бизга дунёда ҳамнафас, қабрда ҳамдам, қиёматда шафоатчи, жаннатда ҳамроҳ, дўзахдан парда ва барча эзгуликларга етакловчи сарбон қил!
Аллоҳим! Қуръон туфайли бизга раҳм қилгин ва уни бизга йўлбошчи, нур, ҳидоят, раҳмат ва шифо этгин!
Аллоҳим! Қуръон билан қалбларимизни мунаввар қил, Қуръон билан хулқларимизни зийнатла.
Аллоҳим! Ушбу юртни ва бутун Ер юзини тинч-омон, осуда эт!
Аллоҳим! Рамазондан бизга тақво малакаси, Ўзингга қурбат ҳосил қилишни насиб эт! Рамазондан кейин ҳам Рамазондагидек, балки янада зиёда даражада ибодат ва тоатда, ҳидоятда бардавом бўлишни насиб айла!
Ё Аллоҳ! Бизни Қадр кечасини топган, унинг фазилатларидан баҳраманд бўлганлардан қил!
Роббимиз! Бизга дунёда ҳам яхшилик бер, охиратда ҳам яхшилик бер ва бизларни дўзах азобидан сақла!
Аллоҳим! Расулимиз Муҳаммад Мустафога, аҳли оилалари ва саҳобаларига салавот саломларимизни юбор! Бутун оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати