Индонезиянинг «Kompasiana» электрон нашри 12 январь куни Халқаро ислом академиясида бўлиб ўтган хориждаги Ўзбекистон элчилари билан учрашувга бағишланган мақолани чоп этди, деб хабар бермоқда "Дунё"ахборот агентлиги.
Маълум қилинишича, йиғилишда Ўзбекистонда зиёрат туризмининг ривожланиши, тармоқни бутун дунёни қамраб олган коронавирус пандемияси билан боғлиқ инқироздан олиб чиқиш йўллари муҳокама қилинган.
Таъкидланишича, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Насафий, Нақшбандий ва Яссавий каби улуғ алломаларнинг бой илмий мерослари ҳар томонлама ўрганилиб, дунёга кенг тарғиб қилинмоқда. Россия, Қозоғистон, Туркия, Малайзия, Индонезия, Покистон ва бошқа мамлакатларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонга Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, Покистон, Миср фуқароларида қизиқиш жуда катта экани ва бу борада ўзаро ҳамкорликда фаолият юритиш орқали яхши натижаларга эришиш мумкинлиги қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Хабар берганимиздек, 2–4 февраль кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар муфтийлар кенгаши ҳузуридаги Фатво ҳайъатининг навбатдаги йиғилишида Туркия, Озорбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон уламолари иштирок этди.
Ушбу нуфузли тадбир туркий давлатлар ўртасидаги диний-илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ислом фиқҳига оид долзарб масалаларни замон талаблари асосида муҳокама қилишга қаратилди.
Йиғилишда ислом ҳуқуқи ва жамият ҳаётига дахлдор масалалар кенг қамровда кўриб чиқилди. Муҳокамалар жараёнида инсон қадр-қиммати, ер ва мулк муносабатларида адолат тамойилларига амал қилиш, ибодат вақтларини белгилашда умумий ёндашувни шакллантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий усуллар қўлланилаётган шароитда диний мажбуриятларни адо этиш, шунингдек, янги технологиялардан фойдаланишда шаръий меъёрларни сақлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, меҳмонлар Самарқанднинг бой тарихий ва маънавий мероси билан танишдилар. Асрлар давомида Шарқнинг йирик илмий-маданий марказларидан бири бўлиб келган қадим шаҳарда ислом маданияти, илм-фан ва давлатчилик тараққиёти билан боғлиқ қатор тарихий қадамжоларни зиёрат қилишди.
Мазкур тадбир нафақат фиқҳий масалаларни муҳокама қилиш, балки туркий давлатлар ўртасидаги маънавий яқинлик, ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати