Ўзбекистон янгиликлари

Ўмон Султонлигининг етакчи нашрида Ўзбекистон маънавий-маърифий ҳаётига бағишланган мақола чоп этилди

Ўмон Султонлигининг етакчи нашрларидан бири - «Asdaa Oman» газетасида журналист Али ал-Ҳасанийнинг «Президент Шавкат Мирзиёев: Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир» сарлавҳали мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Материалда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши тафсилотлари маълум қилинган.
Муаллиф сўнгги йилларда Ўзбекистонда маънавий-маърифий ишларни жадаллаштириш бўйича қатор қарорлар қабул қилингани, мамлакат Президенти республика маънавият ва маърифат кенгашининг раиси экани ҳақида ҳикоя қилган. Кенгашнинг ҳудудий бўлимларига масъуллик ҳокимлар зиммасига юклатилган. Бу ўзгариш маънавий-маърифий ишларни давлат сиёсатида янада юксак ўринга кўтарди.
А.Ҳасаний Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир» деган сўзларига газета ўқувчилари эътиборини қаратган.
Ўмон нашри қайд этганидек, яқинда бўлиб ўтган йирик тадбирлар – давлат раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, Ўзбекистон ёшларининг биринчи форуми ҳамда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавият йўналишидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди. Чунки бу борада ечимини кутиб турган, ўзгаришлар шамоли кириб бормаган масалалар кўп. Миллий ғоянинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, эски мафкурани тасаввур қилиб, бунга юзаки қарайдиганлар ҳам йўқ эмас. Шу боис мамлакат Президенти миллий мафкуранинг асосий ғоясини таъкидлаб ўтган.
“Ўзбекистон Президенти «Биз яратаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлади. Биз мафкура деганда, аввало, фикр тарбиясини, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбиясини тушунамиз. Улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган» деб қайд этди”, - дейилади мақолада.
Али ал-Ҳасаний, шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат маркази иши танқидий ўрганиб чиқилиб, ушбу ташкилот фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланишини маълум қилган.
«Президент ушбу марказнинг «Маънавият тарғиботчиси» ўқув муассасаси негизида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этиш таклифини билдирди», - дейди муаллиф. — Шунингдек, мазкур йиғилишда маънавий-маърифий ишларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари белгиланди.
Бундан буён Республика Маънавият ва маърифат маркази барча ҳудудий кенгашларнинг, вазирлик, идора ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий фаолиятини мувофиқлаштириб боради».
Мақолада таъкидланишича, мажлисда мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим даргоҳларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Барча олий ўқув юртлари ва уларнинг филиалларида мавжуд штат бирликлари доирасида ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими жорий этилиши айтилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1222 марта ўқилди

Янгиликлар

Top