Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Динлар ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантириш бўйича Н.Назарбаев маркази раҳбари Булат Серсанбаев жанобларини қабул қилди.
Учрашувда Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар ва Қозоғистон билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳамда Диний идоранинг фаолияти ҳақида сўзлаб бердилар.
Жумладан, Давлатимиз раҳбари томонидан диний соҳага берилаётган эътибор, диний соҳа вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, хориж мамлакатларидаги мусулмонлар идоралари, хусусан, Қозоғистон мусулмонлари идораси билан турли йўналишларда ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани, зиёрат туризми йўналишида алоқаларни йўлга қўйилаётгани, ёшлар таълим-тарбияси борасида қилинаётган ишлар тўғрисида ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Булат Серсанбаев ўз сўзида ушбу марказ Нурсултон Назарбаев ташаббуси билан ташкил этилгани, ҳукумат қарорига кўра, яқинда унга Булат Серсанбаев раҳбар этиб тайинлангани, ўзи бунгача Миср, Сурия, Ироқ, Иордания, Ҳиндистон ва Хитой каби мамлакатларда фаолият юритиб, катта тажриба орттирганини маълум қилди.
Меҳмон Қозоғистонда диний-маърифий соҳада ишлар ривож топиб бораётгани, масжидлар бунёд этилаётгани, мўмин-мусулмонларга кенг имкониятлар берилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Айниқса, Нур-Султон шаҳрида жуда катта масжид қурилаётгани, Туркистон вилоятида тарихий обидаларни обод этиш ва замонавий инфратузилмаларни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани тўғрисида маълумот берди. Айни пайтда мамлакатда 3 минг масжид ва аҳолисининг 80 фоизи мусулмонлар эканини қўшимча қилди.
Булат Серсанбаев бугунги мураккаб вазиятда, экстремизм ва радикализм каби таҳдидлар кучайган даврда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда 2022 йилда Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида дунё ва анаънавий динлар етакчиларининг VII съезди ўтказилиши маълум қилиб, муфтий ҳазратларини расман таклиф этди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Президентимиз Ш.Мирзиёев 2025 йил сентябрь ойида БМТнинг юксак минбаридан туриб, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қуриб битказилгани ва тез орада очилишини маълум қилган эди. Ўтган давр мобайнида экспозицияларнинг ички мазмуни янада бойитилди. Марказ жаҳон жамоатчилиги диққат марказида бўлган ўзига хос масканга айланди. Ҳозирги кунда Марказга дунёнинг турли нуқталаридан олий мартабали меҳмонлар, давлат ва ҳукумат раҳбарлари, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари ташриф буюриб, цивилизациялар, тарихий шахслар ва илмий кашфиётларга бағишланган ноёб илмий лойиҳалар билан яқиндан танишмоқда. Жаҳоннинг таниқли сиёсатчилари ва жамоат арбоблари ушбу ҳақиқатни очиқ эътироф этмоқда.
Сантяго Пеня, Парагвай Президенти:

– Ўзбекистон тарихи ҳақиқатан ҳам беқиёс. У беш минг йиллик тараққиётни ўз ичига олган улкан цивилизациядир. Бир миллатни англаш учун унинг тарихини билиш керак, бу ерда эса тарих жуда бой. Инсоният цивилизациясига улкан ҳисса қўшган кўплаб илмий ва маданий ютуқлар айнан шу заминдан келиб чиққан. Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги — унинг тарихий мероси, илмий ютуқлари ва маданий цивилизациясидир. Масалан, алгебра ёки тиббиёт соҳасидаги илк мукаммал илмий асослар шу юртдан келиб чиққанини кўпчилик билмайди. Парагвай Ўзбекистон билан келгусидаги истиқболли ҳамкорликка тайёр.
Қасим-Жомарт Тоқаев, Қозоғистон Республикаси Президенти:
– Айни пайтда халқларимизнинг ўзига хос тарихий-маданий меросига асосланган минтақавий ўзига хосликни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади. Биз Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қилдик. Бу улкан ва ноёб иншоотдир. Дарҳақиқат, бу илмий, туристик ва этномаданий лойиҳадир. Ўзбекистон Президентининг фикрига қўшиламан: Ислом цивилизацияси маркази бу ерда, Тошкентда, жуда муҳим соҳада илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш учун умумий майдончага айланиши мумкин.
Александр Вучич, Сербия Президенти:
– Бу йирик илмий-маърифий марказ нафақат хориждан келган меҳмонлар учун, балки ёш авлод вакиллари учун ҳам жуда катта аҳамиятга эга. Чунки улар бу марказ орқали ўзбек халқи маданияти ва тарихи билан таниша оладилар. Ислом цивилизацияси маркази ниҳоятда замонавий ва ажойиб усулда бунёд этилган. Мен бунга ўхшаш марказни аввал ҳеч қаерда кўрмаганман. Мен сербиялик барча ватандошларимга шундай деган бўлардим: Азизларим, мен жуда катта хато қилганман, чунки Ўзбекистонга илгари ҳеч қачон келмаганман. Илтимос, имкон қадар тезроқ бу юртни кўриш учун келинглар.
Александр Стубб, Финляндия Президенти:
– Ростини айтсам, бу ерда мен беқиёс таассуротлар гирдобига тушиб қолдим. Ҳар бир экспозиция, ҳар бир зал, ҳар бир детал чуқур ўйланган. Уч минг йиллик тарихни бугунги авлодга шу даражада замонавий шаклда етказиб бериш — бу юксак санъат ва буюк маҳорат талаб этади. Бу Марказ нафақат ўтган асрлар меросини қайта жонлантирган, балки келажак авлод учун ҳам илҳом манбаига айланган. Айниқса, интерактив намойишлар ва инновацион технологиялар ёшларни ўзига жалб этади. Улар бу ерда тарихни ўқимайди — уни ҳис қилади.
Илҳом Алиев, Озарбайжон Республикаси Президенти:
– Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан бунёд этилган ушбу марказ мамлакат раҳбари Ўзбекистоннинг бой маданий қадриятларига содиқлигининг яна бир ёрқин исботидир. Айрим мамлакатларда динимизга нисбатан хуружлар кучайиб, исломофобия тизимли тус олаётган бир пайтда, Ислом цивилизацияси марказининг очилиши бутун дунёга ислом — бунёдкорлик, бағрикенглик, дўстлик ва биродарлик дини эканини намоён этади. Ислом оламининг буюк намояндалари жаҳон илми ва маданиятига улкан ҳисса қўшган, Ислом цивилизацияси маркази буни яққол кўрсатиб турибди. Ишончим комилки, Тошкентдаги салобати ва экспозицияси жиҳатидан ноёб бўлган Ислом цивилизацияси маркази бутун ислом оламининг фахр-ифтихорига айланади.
Радий Хабиров, Россия Федерацияси Бошқирдистон Республикаси раҳбари:
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказ ҳақидаги фикрларини ўқиб қолдим: “Марказнинг асосий вазифаси — Исломнинг ҳақиқий гуманистик ва маърифий моҳиятини кўрсатишдир.” Бу жуда чуқур ва долзарб ёндашув. Бугун бу фикрнинг нечоғли тўғри экани ўз тасдиғини топди.
Бу ерда замонавий технологиялар билан классик музей санъати жуда уйғунлашган. Айниқса, болалар учун яратилган интерактив воситалар алоҳида эътиборга лойиқ — бу бугунги авлод тарбияси учун ниҳоятда муҳим. Мени айниқса “Исломдан аввалги давр” бўлими қизиқтирди. Чунки ўша даврларга оид топилмаларни сақлаш ва намойиш қилиш жуда мураккаб иш. Бироқ бу ерда милоддан аввалги минг йилликларга оид экспонатлар бор. Инсоният тараққиётининг илк босқичлари жуда пухта ёритилган.
Очиғи, мен бугун кўрганларимдан хулоса қилдим: Тошкентда ҳақиқий туристик дурдона пайдо бўлган. Ўзбекистонга келган ҳар бир инсон айнан шу Марказни кўриши шарт. Ҳатто 2–3 кунлик сафар бўлса ҳам, камида бир кунни шу ерга бағишлаш керак. Чунки бундай масканлар одамнинг тафаккурини ўзгартиради, ёшлар учун эса улкан мактабдир.
Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний, Осиё Олимпия кенгаши президенти:
– Бу марказда бирор бир жиҳатни алоҳида ажратиб кўрсатиш қийин — ҳаммаси ниҳоятда гўзал ва пухта ўйланган. Милоддан аввалги уч минг йиллик тарихдан бошлаб бугунги Янги Ўзбекистонгача бўлган давр изчил ва мантиқий тарзда ёритилган. Бу эса мамлакатда вақт ўтиши билан қандай улкан ўзгаришлар юз берганини аниқ ва равшан кўрсатиб беради.
Бу марказ Президентингиз ташаббуси билан барпо этилгани бежиз эмас. У жуда улкан ва масъулиятли ишни амалга оширди. Ислом тарихи ва бой меросини асраб-авайлаш, уни замонавий, содда ва тушунарли визуал воситалар орқали кенг жамоатчиликка етказиш катта саъй-ҳаракат ва юксак ёндашувни талаб қилади. Бу ҳақиқий ўрганиш ва англаш маскани. Бу ерга келган ҳар бир инсон — у мусулмон бўладими ёки йўқми — тарих ва маданиятни осон англай олади. Бу ишларнинг барчаси ортида ниҳоятда катта меҳнат ва фидойилик мужассам.
P/s: Умуман олганда, ушбу Марказ нафақат юртимизнинг бой маънавий меросини намоён этувчи маскан, балки жаҳон ҳамжамиятига унинг бебаҳо илмий ва маданий бойликларини кенг тарғиб этувчи, цивилизациялар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамловчи муҳим маънавий-илмий кўприк вазифасини ҳам бажармоқда.
Ўткир Алимов, ЎзА
манба: https://uza.uz/uz/posts/ozbekistondagi-islom-civilizaciyasi-markazi-dunyo-etakchilari-nigohida_832854