2021 йил 30 март куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон уламолари иштирокида Рамазон ойи ҳилолини кузатишга тайёргарлик кўриш бўйича онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ершат Онгаров, Қирғизистон мусулмонлари идораси аппарати бошлиғи Кадирбердиев Абибулла ва бир гуруҳ уламолар иштирок этди.
Давра суҳбатида уламолар Ислом дини манбалари ва астрономик маълумотларга таянган ҳолда жорий йилда Шаъбон ойининг охири ва Рамазон ойининг ҳилолини кузатиш юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Ершат Онгаров минтақадаги мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш, шаръий эҳтиёжларини қондириш ва уламоларнинг ҳамфикрлилигини йўлга қўйишда машварат йўли билан иш тутишда ижобий натижаларга эришилаётганини билдирди.
Ҳомиджон Ишматбеков Рамазон ойи мўмин-мусулмонларни учун энг улуғ мавсум эканини билдирган ҳолда Ислом дини таълимотларида муборак Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини белгилашда, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Янги ойни кўриб рўза тутинглар ва янги ойни кўриб ҳайит қилинглар”, деган ҳадиси шарифлари асос қилиб олинганини изоҳлади. Ҳанафий мазҳабига кўра, дунёнинг қайси ерида янги ҳилол кўрингани маълум бўлса, шу ҳилол эътиборга олиниши мўътабар манбаларда баён этилганини қўшимча қилди.
Мулоқотда Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари идоралари уламолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.






Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ҳаётнинг бўронли кунларию ўткир тиғли ҳанжарлари унга озор беришига қарамай Аллоҳнинг қадари ва иродасига рози бўлиб уйқуга кетган, маҳзунлик унинг қалбига киришга йўл топа олмаётган, кўз ёшлар эса кўзига ҳеч ўрнаша олмаётган ва фарзанди, суюкли инсонлари, ота-онаси ёки дўстларини йўқотган барча инсонларга айтар гапимиз: Аллоҳ ажрингизни улкан қилиб берсин! Даражангизни олий қилсин! Синиқлигингиз ўрнини Ўзи тўлдириб берсин! У зот бундай марҳамат қилади:
﴿وَاسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ وَإِنَّهَا لَكَبِيرَةٌ إِلَّا عَلَى الْخَاشِعِينَ﴾
“Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва, албатта, у нафси синиқлардан бошқаларга жуда катта ишдир” (Бақара сураси, 45-оят).
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Сабрнинг иймондаги ўрни бошнинг жисмдаги ўрни кабидир”. Шунинг учун сиз сабрингиз эвазига бериладиган мукофот – Фирдавс жаннатини қўлга киритишингиз сизга хушхабар бўлсин! Тез орада сиз ҳар қандай ҳолатда ҳам муваффақият қозонган инсон эканингизни биласиз. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбарига бундай дейди:
﴿وَبَشِّرِ الصَّابِرِينَ﴾
“Ва сабрлиларга башорат бер” (Бақара сураси, 155-оят).
Шуъла: Ўзингизга бўлган ишонч умрингиз қандай бўлишидан қатъий назар сизга янги ғоялар ижод этишингиз ва ўз касбингизда янги марраларни забт этишингизга ёрдам беради.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан