Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Ноябр, 2024   |   17 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:53
Қуёш
07:15
Пешин
12:13
Аср
15:20
Шом
17:04
Хуфтон
18:21
Bismillah
18 Ноябр, 2024, 17 Жумадул аввал, 1446

Умрачиларга ажойиб қулайлик: Мобил илова ишга тушди!

23.02.2022   2036   4 min.
Умрачиларга ажойиб қулайлик: Мобил илова ишга тушди!

Айни кунларда минглаб юртдошларимиз муқаддас заминда Умра зиёратини адо этишмоқда. Уларга ҳавас қилган яна кўплаб юртимиз мўмин-мусулмонлари муборак сафар орзусида.

Аллоҳга шукрки, юртимиз аҳлининг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан Умра сафари учун қулай шарт-шароитларни ҳозирлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, сафар рейсларни ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилиб, натижада, шу йилнинг 10 февралидан бошлаб, муборак заминга умра ибодати учун рейслар ҳафтанинг ҳар сешанба ва шанба кунлари 3 марта, қолган 5 кунида 2 тадан рейс йўлга қўйилди. Шунда бир ҳафта давомида жами 16 марта авиапарвоз амалга оширилмоқда.

Яна бир қувончли хабар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан “Умра қўлланмаси” мобил иловаси ишлаб чиқилди. “Умра қўлланмаси”да Умра сафари давомида лозим бўладиган зарур барча маълумотлар тафсилотларигача қисқа, содда ва лўнда баён этилган.

Маълумки, ҳамма ҳам Умра зиёрати одоблари, бу суннат амални бажариш тартиб-қоидалари, унинг дуолар ҳақида тўлиқ хабардор эмас. Умрани ният қилган айрим кишилар у ҳақда китобдан ўқиса, кимдир зиёратга бориб келганлардан суриштиради. Бошқа биров эса интернету YouTube тармоқларидан маълумотлар излаб, мустақил билим олиш пайида бўлади. Лекин буларнинг барчаси кишида тўлиқ тасаввур уйғотмаслиги мумкин.

Пандемия шароитида Саудия Арабистонида жорий этилган янги тартиб-қоидалар, аэропорт, меҳмоналарда нималарга эътиборли бўлиш кераклиги, Умра зиёратида қаерларга борилиши, зиёратгоҳларнинг тарихи ҳақида ҳам қисқача маълумотлар берилган. Мобил иловада муборак сафар давомида зарур бўладиган барча дуолар аудио шаклида берилгани зиёратни мукаммал адо этишда муҳим аҳамият касб этади.

Иловага батафсил тўхталадиган бўлсак, унда “Умра қўлланмаси”, “Умра дуолари”, “Сафарга тайёргарлик” ва “Ислом тарихига оид жойлар” номли бўлимлари мавжуд.

“Умра қўлланмаси” бўлимида Умра ибодатига оид барча масалалар келтирилган: “умра” сўзининг маъносидан то унинг амаллари-ю суннатларигача. Шу билан бирга, зиёрат қилиш одоблари, муборак шаҳар ва масжидларнинг фазилатлари, муборак сафар тартиб-қоидалари каби бир қатор рукнларда зарур маълумотлар тақдим этилган.

Шунингдек, “Умра дуолари” бобида муборак сафарда муҳим бўлган дуолар батафсил баён этилган. Сафарга тайёргарлик кўришда, сафар давомида, муборак шаҳарга киришдаги дуолар, тавоф асносида, зам-зам суви ичганда, табаррук жойларда, ватанга қайтишда ўқиладиган дуолар каби элликдан ошиқ дуолар берилган. Яна бир муҳим жиҳат, бу бўлимда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир қаторда Абу Бакр ва Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳумога салом бериш одоб ва тартиблари баён этилган. Бу дуоларни мукаммал билиш зиёрату ибодатларни тўла-тўкис бўлишига омил бўлади.

Мазкур боблардан яна бири Ислом тарихига оиддир. Бунда сафар давомида бориладиган муқаддас жойлар ҳақида қизиқ ва тарихий манбалар берилган. Уларни ўқиган киши муқаддас қадамжоларга оид кенг тушунчага эга бўлади.
Яна бир муҳим бўлим – сафарга тайёргарлик бўлимидир. Унда муборак сафарга чиқмоқчи бўлган ҳар бир кишига муҳим тавсиялар, ман этилган тартиб-қоидалар, зиёратчилар эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар баён этилган.
Шунингдек, иловада бир қатор эслатма ва хизматлар бор. Жумладан, пандемия шароитида Саудия Арабистонидаги тартиблар, қайси вакциналар олиш зарурлиги ҳамда об-ҳаво маълумотлари бериб борилмоқда. Қолаверса, муқаддас сафарга энг сўнгги рейслар қачон учиши ва қайтиши ҳақида ҳам аниқ хабарлар жойланган. Бундай замонавий хизматлар муборак сафарга отланганлар учун қулайдир.

Қисқаси, илова билан танишган киши Умра зиёрати хусусида тўлиқ маълумотга эга бўлади. Бу эса муборак зиёратга олдиндан тайёргарлик кўриш ва уни мукаммал адо этишда ўта муҳим қадамдир.

Кези келганда айтиш керакки, умра сафарига бориб келаётган ҳамюртларимиз муборак зиёратга бориш йўлга қўйилгани, ҳозирланган шароит ва хизмат кўрсатиш сифатининг юқорилигидан жуда ҳам миннатдор бўлишмоқда. Бунинг учун Ҳақ таолога шукроналар айтмоқдалар, Давлатимиз раҳбари ва бу савобли ишга мутасадди бўлганлар ҳаққига хайрли дуолар қилиб, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлигини сўраб илтижолар қилмоқдалар. Мана шу шукрона ва дуолар шарофати ила юртимизда хурсандчиликлар бардавом бўлмоқда. Аллоҳ таоло неъматларини бундан-да зиёда этсин!

Аллоҳ таоло барчамизни умра зиёратини насиб этсин!

Umra qo'llanmasi – https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.devteam.hajjumrahguide 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Амал ва иймон баёни

18.11.2024   6   18 min.
Амал ва иймон баёни

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

44 - وَمَا أَفْعَالُ خَيْرٍ فِي حِسَابٍ مِنَ الإِيْمَانِ مَفْرُوضَ الْوِصَالِ

Маънолар таржимаси: Яхши ишлар (иймонга) қўшилиши фарз қилинган бўлса-да, улар ҳисоблашда иймондан эмасдир.

Назмий баёни:

Хайрли ишлар гарчи эрур фарз,

Иймон жузларидан ҳисоб этилмас.

 

Луғатлар изоҳи:

مَا – нафий ҳарфи.

اَفْعَالُ – нафий ҳарфининг исми.

خَيْرٍ – музофун илайҳ.

فِي – “мажозий зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.

حِسَابٍ – жор мажрур مَا нинг хабари эканига кўра насб ўрнида турибди.

مِنَ  – “табъийз” (бўлакларга ажратиш) маъносида келган жор ҳарфи.

الاِيْمَانِ – жор мажрур حِسَابٍ га мутааллиқ. Иймон калимаси ўзбек тилида “ишониш” маъносига тўғри келади. Иймон ҳақидаги баҳсларни ўрганишда араб тилида қай даражадаги ишониш иймон деб аталишини билиш муҳим ҳисобланади. Араб тилида бир нарсага нисбатан ишониш даражалари қуйидагича ифодаланади:

– Ваҳм – 50 % га етмаган ишонч;

– Шак – 50 % ишонч бор, 50 % ишонч йўқ;

– Зон – 50 % дан ортиқ, аммо 100 % га етмаган ишонч;

– Иймон – 100 % бўлган ишонч;

Ушбу 100 % ишонилган нарсани далиллари билан ўрганиб чиқилганини ифодалаш учун иймон билан биргаликда “ийқон” (далиллари билан ўрганилган 100% ишонч) ҳам дейилади.    

مَفْرُوضَ – ҳолликка кўра насб бўлиб турибди.

الْوِصَالِ – музофун илайҳ. Бу масдар “бир нарсада узлуксиз доимий равишда бардавом бўлиш” маъносини ифодалайди. وَصْلٌ  масдари эса бирор нарсага бир марта эришишга нисбатан ишлатилади. Шунинг учун айнан وِصَالِ калимаси ишлатилган. 

 

Матн шарҳи:

Барча яхши ишлар-у тоат-ибодатлар бажариш фарзлигига кўра иймонга боғлиқлиги бўлса-да, иймоннинг жузларидан ҳисобланмайди. Иймон ва амаллар  бир-бирларидан фарқли нарсалар деб қаралади. Қуръони каримда ҳам уларнинг оралари ажратиб баён қилинган:

﴿إِنَّ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ

“Албатта, иймон келтирган, яхши ишларни қилган...”[1].   

Ушбу оятда яхши амалларни қилиш иймон келтиришга атф қилиб келтирилган. Маътуф эса маътуфун алайҳдан бошқалиги ҳеч кимга сир эмас.

Яхши амалларни қилиш иймондан ҳисобланмаслигига энг ёрқин далиллардан яна бири – хайрли ишларнинг савоб келтирадиган амал бўлиши учун иймон шарт қилинганидир:  

﴿وَمَن يَعۡمَلۡ مِنَ ٱلصَّٰلِحَٰتِ وَهُوَ مُؤۡمِنٞ فَلَا يَخَافُ ظُلۡمٗا وَلَا هَضۡمٗا١١٢

“Кимки мўмин бўлган ҳолда эзгу ишларни қилса, бас, у зулмдан (қилмаган гуноҳларга жавоб беришдан) ҳам, камайишдан (савоби тўла берилмай қолишидан) ҳам хавфсирамас”[2].  

Ушбу оятда яхши амалларни мўмин ҳолатда қилиш шарт қилинган. Шарт билан шарт қилинган нарсаларнинг бошқа-бошқа экани ҳеч кимга сир эмас.

Аслида, ушбу масала иймон ҳақиқати нима деган саволга берилган жавоблардан келиб чиққан. Шунинг учун дастлаб иймоннинг ҳақиқати тўғрисидаги таърифлар билан танишиб чиқилса, нима учун бундай баҳс қилинганини тушуниш осон бўлади.

 

Иймон рукнлари нечта?

“Иймон рукнлари нечта” деган саволга жавоб бериш учун аввало “иймон” ва “рукн” калималари нимани ифодалаши, яъни улар нималарнинг исми экани ҳақида тўғри тасаввур бўлиши лозим. 

Иймон калимаси луғатда икки хил маънони англатади:

1. Тасдиқлаш;

2. Омонлик бериш.

Аҳли сунна вал-жамоа уламолари наздида биринчи маъно яъни “тасдиқлаш” мўътабар ҳисобланади. Истилоҳда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча нарсаларни қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиш иймон деб аталади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги нарсаларга шаксиз ишониш лозимлигини таълим берганлар:

1. Аллоҳга;

2. Фаришталарга;

3. Илоҳий китобларга;

4. Пайғамбарларга;

5. Охират кунига;

6. Қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан эканига;

7. Ўлгандан сўнг қайта тирилишга.

Ушбу нарсаларга шаксиз ишониш иймон келтириш лозим бўлган барча нарсаларни ўз ичига қамраб олувчи ишонч ҳисобланади.

Рукн луғатда “устун”, “асос” “бурчак” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса  “Бирор нарсанинг асосини ташкил қиладиган энг кучли тарафи унинг рукни дейилади”.  

“Иймон рукнлари нечта” деган саволга жавоб излаб уламоларимизнинг бу ҳақидаги қарашларини ўрганиб чиқадиган бўлсак, Аҳли сунна вал-жамоа уламолари иймоннинг рукни ҳақида бир-биридан фарқли уч хил қарашни айтганларига гувоҳ бўламиз:

1. Иймон қалб билан эътиқод қилиш, тил билан нутқ қилиш ва арконларга амал қилишдир;

2. Иймоннинг аслий рукни тасдиқлашдир. Тил билан иқрор бўлиш аслга қўшимча рукн ҳисобланади;

3. Иймон фақатгина тасдиқдан иборатдир. Иқрор бўлиш дунёда мўминлик ҳукмлари ижроси учун шартдир. Солиҳ амаллар эса иймоннинг саҳиҳ бўлиши учун эмас, балки комил бўлиши учун шартдир. 

Иймон рукнлари ҳақидаги ушбу фарқли қарашларнинг асл моҳиятини ўрганиш  кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради. Шу маънода мазкур қарашларни алоҳида-алоҳида ўрганиб чиқамиз:     

1. Иймон қалб билан эътиқод қилиш, тил билан нутқ қилиш ва арконларга амал қилишдир.

Бу қарашни олға сурганлар икки гуруҳга бўлинади:

а) Аҳли сунна вал-жамоа уламолари. Имом Молик, имом Шофиъий, имом Аҳмад, имом Авзоъий ва булардан бошқа аҳли ҳадислар, аҳли зоҳирлар ҳамда баъзи мутакаллимлар иймонни макзкур маънода таърифлаганлар. Ушбу муҳтарам имомлар  арконларга амал қилишни иймон ҳақиқатининг эмас, балки комил иймоннинг рукнидир, деганлар. Яъни арконларга амал қилмаганлар иймон ҳақиқатидан чиқиб кетмайди, деганлар. Демак, бу зотларнинг мазҳабларига кўра арконларга амал қилмаганлар “комил иймон”[3] эгаси бўла олмайдилар, аммо мўмин бўлиб тураверадилар, – деган маъно тушунилади.

Бу қарашга қуйидагича далил келтирадилар: Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан иймон нима деб сўраганида, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам  қуйидаги оятни тиловат қилганлар. Кейин яна қайта сўраганида яна шу оятни тиловат қилганлар:

﴿۞لَّيۡسَ ٱلۡبِرَّ أَن تُوَلُّواْ وُجُوهَكُمۡ قِبَلَ ٱلۡمَشۡرِقِ وَٱلۡمَغۡرِبِ وَلَٰكِنَّ ٱلۡبِرَّ مَنۡ ءَامَنَ بِٱللَّهِ وَٱلۡيَوۡمِ ٱلۡأٓخِرِ وَٱلۡمَلَٰٓئِكَةِ وَٱلۡكِتَٰبِ وَٱلنَّبِيِّ‍ۧنَ وَءَاتَى ٱلۡمَالَ عَلَىٰ حُبِّهِۦ ذَوِي ٱلۡقُرۡبَىٰ وَٱلۡيَتَٰمَىٰ وَٱلۡمَسَٰكِينَ وَٱبۡنَ ٱلسَّبِيلِ وَٱلسَّآئِلِينَ وَفِي ٱلرِّقَابِ وَأَقَامَ ٱلصَّلَوٰةَ وَءَاتَى ٱلزَّكَوٰةَ وَٱلۡمُوفُونَ بِعَهۡدِهِمۡ إِذَا عَٰهَدُواْۖ وَٱلصَّٰبِرِينَ فِي ٱلۡبَأۡسَآءِ وَٱلضَّرَّآءِ وَحِينَ ٱلۡبَأۡسِۗ أُوْلَٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ صَدَقُواْۖ وَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُتَّقُونَ١٧٧

Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларига буришингиз (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар”[4]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавобларида иймоннинг қалб билан эътиқод қилиш, тил билан нутқ қилиш ва арконларга амал қилишдан иборат экани зоҳир бўлиб турибди, – деганлар. 

б) Мўътазилийлар. Бу фирқа арконларга амал қилишни иймон ҳақиқатининг рукнидир, яъни арконларга амал қилмаганлар иймон ҳақиқатидан чиқиб кетади, деганлар. Демак, бу фирқанинг қарашига кўра, амал қилмаган кимса диндан чиқиб кетади. Шунга кўра кимки амал қилмаган кимса диндан чиқиб кетади, деса, мўътазилий фирқасининг даъвосини айтган бўлади.    

2. Иймоннинг аслий рукни тасдиқлашдир. Тил билан иқрор бўлиш аслга қўшимча рукн ҳисобланади.

Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақида шундай деган: иймон аслига қўшилган нарса тил билан ифодалашдир. Чунки тил қалбдаги нарсани ифодалаб беради ва қалбий тасдиққа далолат қилади. Аммо тил билан ифодалаш аслий рукн ҳисобланмайди. Чунки тасдиқнинг ўрни қалбдир. Шунинг учун ҳам узрли пайтларда тил билан иқрор бўлиш соқит бўлади. Масалан соқов киши тили билан иқрор бўлмагани, ёки мажбурланган киши иқрорни инкорга айлантириб қўйгани сабабли улардан иймон ҳукми олиб ташланмайди. Тил билан иқрор бўлиш иймоннинг аслий рукнига қўшимча экани имом Сарахсий, Фахрул Ислом Паздавий ва бошқа кўплаб фақиҳлардан ривоят қилинган. Ушбу қараш улуғ ватандошимиз Нажмиддин Насафий раҳматуллоҳи алайҳ эътимод қилган қараш ҳисобланади. Бу зот “Ақоидун Насафий”да қуйидагиларни ёзган:

اَلْاِيْمَانُ هُوَ التَّصْدِيقُ بِمَا جَاءَ بِهِ مِنْ عِنْدِ اللهِ تَعَالَى وَالْاِقْرَارُ بِهِ.

“Иймон – (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсани рост деб билиш ва уни тил билан ифодалашдир”.  

Бу қараш соҳиблари қуйидагича далил келтирадилар: ояти карималарда иймон сўзи ишонч маъносида келган. Масалан,

﴿قَالُواْ يَٰٓأَبَانَآ إِنَّا ذَهَبۡنَا نَسۡتَبِقُ وَتَرَكۡنَا يُوسُفَ عِندَ مَتَٰعِنَا فَأَكَلَهُ ٱلذِّئۡبُۖ وَمَآ أَنتَ بِمُؤۡمِنٖ لَّنَا وَلَوۡ كُنَّا صَٰدِقِينَ١٧

“Айтдилар: “Эй отамиз! Биз Юсуфни матоҳларимиз олдида қолдириб қувалашиб кетсак, уни бўри еб кетибди. Рост гапирсак ҳам, (барибир) сиз бизга ишонувчи эмассиз”[5].                                                                                                                                    

Ушбу оятдаги бизга мўмин эмассиз маъносидаги оят,  бизнинг сўзимизни рост деб билувчи эмассиз, маъносидадир. Бу эса бир нарсани рост деб билишнинг ёлғиз ўзи ўша нарсага мўмин бўлиш деганини билдиради.

 Фақатгина рост деб билиш яширин иш бўлгани сабабли шариат мўминни кофирдан ажратиш учун тил билан эътироф этишни вожиб қилган. Бу ҳақиқат ҳадиси шарифларда ҳам баён қилинган:

عَنْ اَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ اِنَّ رَسُولَ اللَّهِ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ اُمِرْتُ اَنْ اُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَقُولُوا لَا اِلَهَ اِلاَّ اللَّهُ فَمَنْ قَالَ لَا اِلَهَ اِلاَّ اللَّهُ عَصَمَ مِنِّى مَالَهُ وَنَفْسَهُ اِلاَّ بِحَقِّهِ وَحِسَابُهُ عَلَى اللَّه.  رَوَاهُ  مُسْلِمٌ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен “лаа илаҳа иллаллоҳ” дегунларигача инсонларга қарши курашишга буюрилдим. Бас, кимки “лаа илаҳа иллаллоҳ” деган бўлса, мендан молини ва жонини сақлаб қолибди, фақат бунинг (Исломнинг) ҳаққи бундан мустаснодир. Унинг ҳисоби Аллоҳга ҳаволадир”, – дедилар (Муслим ривоят қилган).

Шунинг учун ҳам инсон умри давомида бир марта “ла илаҳа иллаллоҳ” дейиши унинг мўмин бўлишига кифоя қилади.

Бурҳон Лаққоний раҳматуллоҳи алайҳ “Жавҳаротут тавҳид” китобининг шарҳида қуйидагиларни ёзган: “Муҳаққиқ уламолардан Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ битта қавлда, ашъарийларнинг кўпчилиги, ҳанафий имомлардан Сарахсий ва Паздавийларнинг қарашларига кўра иқрор иймон ҳақиқатидан ташқаридаги шарт эмас. У иймон ҳақиқатининг ярми ва унинг ичига кирувчи рукндир. Аммо қолган солиҳ амаллар иймон рукнига кирмайди. Демак ушбу зотларнинг наздларида иймон – тил ва қалб амалларининг барчасининг исмидир”.

Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ айтадики: “Ушбу сўзга кўра кимки қалби билан тасдиқласа-ю, имкони бўла туриб умри давомида бирор марта ҳам тили билан иқрор бўлмаса, бундай кимса дунёда ҳам мўмин ҳисобланмайди, Аллоҳ ҳузурида ҳам мўмин эмасдир”.  

3. Иймон фақатгина тасдиқдан иборатдир. Иқрор бўлиш дунёда мўминлик ҳукмлари ижроси учун шартдир.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган ушбу қарашга кўра, солиҳ амаллар иймоннинг саҳиҳ бўлиши учун эмас, балки комил бўлиши учун шарт ҳисобланади.  Шунинг учун биров қалби билан тасдиқласа-ю имкони бўла туриб тили билан иқрор бўлмаган бўлса, бундай кимса дунёда мўмин ҳисобланмаса ҳам Алло ҳузурида мўмин бўлади. Чунки қалбдаги нарсани фақат Аллоҳ билади, бандалар била олмайдилар. Ушбу мазҳабнинг қарашлари иккита мисолда яққол намоён бўлади:

а) бир зиммий мажбурланса-ю, тили билан иймонга иқрор бўлса, қалбан тасдиқлаганига аломатлар бўлмаса ҳам, дунё ҳукмларида унга мўмин деб қаралиши келиб чиқади;

б) мўмин киши куфр калимасини айтишга мажбурланса-ю тили билан куфрни иқрор қилиб қўйса ҳам дунё ҳукмларида у муртадга айланмайди. Аслида куфр калимасини гапириш туфайли кофирлик собит бўлиши керак эди. Лекин аслий рукн бўлган қалбий тасдиқ унда бор бўлиб тургани учун куфрга ҳукм қилинмайди. 

Бундай эътиқодда бўлганлар ўзларининг қарашларини қўллаб-қувватловчи кўплаб далиллар келтирадилар. Масалан,

﴿ إِلَّا مَنۡ أُكۡرِهَ وَقَلۡبُهُۥ مُطۡمَئِنُّۢ بِٱلۡإِيمَٰنِ

“...Қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно...”[6].

Абул Муин Насафий “Баҳрул калом” асарида Имом Абу Мансур Мотуридийнинг “иймон фақатгина тасдиқнинг ўзидир”, деганини ривоят қилган.

Аммо ушбу мазҳабга кўра ҳам тил билан иқрор қилмаслик қайсарлик сабабли ё инкор қилиш сабабли ёки арзимас санаш сабабли бўлмаслиги шартдир. Агар ушбу сабаблар билан бўладиган бўлса, дунёю охиратда мўмин ҳисобланмаслиги келиб чиқади. 

Ушбу иккинчи ва учинчи қараш бизнинг мотурудия мазҳаби уламоларининг қарашларидир. Фақатгина баъзилари иқрор бўлишни “қўшимча рукн” деган бўлсалар, баъзилари “дунёда мўминлик ҳукмлари ижроси учун шартдир”, – деганлар.

 

Иймон зиёда ва кам бўлмайди

Иймон зиёда  ва кам бўлиши ё бўлмаслиги тўғрисида ҳам атрофлича баҳслар қилинган. Бизнинг мотуридия мазҳабимизда иймон зиёда ҳам, кам ҳам бўлмайди. Чунки иймоннинг асли қатъи ишонилиши лозим бўлган барча нарсаларни рост деб билиш ҳисобланади. Юқорида ишонч 100% бўлгандагина иймон деб аталиши баён қилинган эди. Шунга кўра мазкур 100% ишонч зиёдалик ва нуқсонни қабул қилмайди. Иймоннинг зиёда бўлишига далолат қиладиган ояти карималар ҳақида қуйидагича эътиқод қилинади: 

﴿إِنَّمَا ٱلۡمُؤۡمِنُونَ ٱلَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ ٱللَّهُ وَجِلَتۡ قُلُوبُهُمۡ وَإِذَا تُلِيَتۡ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتُهُۥ زَادَتۡهُمۡ إِيمَٰنٗا وَعَلَىٰ رَبِّهِمۡ يَتَوَكَّلُونَ٢

“Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир”[7].  

Ушбу ояти каримада мўминларнинг сифатлари баён қилинган. Яъни комил ихлосли мўмин кишилар Аллоҳ таолонинг исми зикр қилинишининг ўзидаёқ Унинг ҳайбатидан таъсирланганларидан қалблари титраб кетадиган инсонлар бўладилар. Оятдаги “иймонларини зиёда қилувчи” маъносидаги лафз мўмин кишининг Қуръон оятлари тиловат қилинган пайтда иймон нури янада зиёдалашиб, ҳаёт йўлларидаги таъсири ошиб боришини англатади. Яъни  мўминлар тоат-ибодатларда бир-бирларидан фарқли бўладилар, аммо иймоннинг аслида ўзаро тенг бўладилар. 

﴿هُوَ ٱلَّذِيٓ أَنزَلَ ٱلسَّكِينَةَ فِي قُلُوبِ ٱلۡمُؤۡمِنِينَ لِيَزۡدَادُوٓاْ إِيمَٰنٗا مَّعَ إِيمَٰنِهِمۡۗ

“У (Аллоҳ) Ўз иймонларига яна иймон қўшилиши учун мўминларни дилларига таскин туширган зотдир”[8].     

Ушбу сингари зоҳири иймоннинг зиёда бўлишига далолат қиладиган оятларни мотуридия мазҳаби уламолари уч хил маънода тушунтирганлар:

1. Мўминлар дастлаб иймон келтириб тасдиқлашган. Сўнгра бир фарздан кейин яна бошқа фарзлар қўшилиб зиёда бўлган. Шунга кўра олдинги иймон келтирган нарсаларидан бошқа яна иймон келтирадиган нарсалар зиёда бўлган. Яъни иймоннинг ўзи эмас, иймон келтирилган нарсалар зиёда бўлади. 

2. Мўминлар келтирган иймонларида доимо собит туришининг ўзи иймон узра зиёдалик ҳисобланади. Яъни, иймоннинг ўзи эмас иймонда бардавом бўлиш соатма-соат зиёда бўлиб боради.

3. Мўминлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мўъжизаларини кўрганларидан сўнг яна бошқа бир мўъжизаларини кўрган вақтларида ихлослари янада зиёда бўлиб боради.  

Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “Васият” асарида шундай деган: “Иймоннинг зиёда бўлиши куфрнинг нуқсони билан, иймоннинг ноқис бўлиши эса куфрнинг зиёдалиги билан деб тасаввур қилинмайди. Чунки қандай қилиб бир киши бир ҳолатнинг ўзида ҳам мўмин, ҳам кофир бўлиши мумкин. Кофир шак-шубҳасиз кофир бўлганидек, мўмин шак-шубҳасиз мўминдир”.

 

Кейинги мавзу:

Гуноҳ сабабли куфрга ҳукм қилмаслик баёни

 

[1] Бақара сураси, 277-оят.
[2] Тоҳа сураси, 112-оят.
[3] Комил иймон ва иймон ҳақиқати орасидаги фарқ шуки комил иймон эгасига дўзахдан нажот топиб жаннатга кириш ваъдаси берилган.  Иймон ҳақиқати бор кишига эса дўзахда абадий қолдирилмаслик ваъдаси берилган.
[4] Бақара сураси, 177-оят.
[5] Юсуф сураси, 17-оят.
[6] Наҳл сураси, 106-оят.
[7] Анфол сураси, 2-оят.
[8] Фатҳ сураси, 4-оят.

Кутубхона