Республикамизда фаолият юритаётган икки мингдан зиёд масжидларни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Махсус сиртқи бўлим ташкил этилди.
Сиртқи бўлимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларини тамомлаган, беш йил ва ундан ортиқ муддат давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида масжидларда имом-хатиб вазифасида фаолият олиб бораётган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари танлов асосида қабул қилинади.
Абитуриентлар Қабул ҳайъатига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
2017-2018 ўқув йили учун Махсус сиртқи бўлимга абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш 2017 йилнинг 2 октябридан 10 октябрь кунига қадар қабул қилинади.
Абитуриентлар ўрта махсус ислом билим юртларининг ўқув дастурлари асосида фиқҳ, ақоид ва араб тили фанлари бўйича оғзаки ижодий имтиҳон топширади. Ўқиш муддати 3 йил.
Мурожаат учун телефон рақамлари: 227-42-37, 240-03-58
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ахборот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Хорижийлар
(ҳижрий 38, милодий 658 йил)
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг аскарлари ичидан кейинчалик хорижийлар (хавориж) деб номланган алоҳида гуруҳ ажралиб чиқди. Аслида «хорижий» сўзи «хуруж», яъни «қарши чиқиш» сўзидан олинган бўлиб, улар ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанлари учун шу ном билан аталган эдилар. Улар Алий ҳакамликни (Аллоҳнинг ҳукми ўрнига банданинг ҳакамлигини) қабул қилгани учун у зотни кофир бўлди деб фатво чиқаришди. Уларга ҳазрати Алийнинг ҳакамликни қабул қилганлари ёқмаган эди. Аслида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуни ҳакамликни қабул қилишга хорижийларнинг ўзлари мажбурлашган эди. Энди эса Муовияга қарши урушга қайтишни талаб қила бошлашди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу уларнинг талабини қабул қилмадилар.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ҳакамлик ишларида хиёнат бўлганини эълон қилиб, катта лашкар билан Шом томон юрдилар. Аммо у киши йўлда кетаётганларида, орқадан хунук ва ўта ташвишли хабар келди. Хорижийлар пайтни ғанимат билиб, ер юзидаги энг катта фасод ишларга қўл уришганди. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ишларни ўзлари учун ҳалол ҳисоблаб, мусулмонларнинг қонларини ноҳақ тўкиш, йўлтўсарлик қилишга қўл уришаётган эди. Улар ўлдирган кишилар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳумо ва у кишининг ҳомиладор аёли ҳам бор эди.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ортга қайтишга мажбур бўлдилар. Бориб уларга ваъз-насиҳат қилдилар ва огоҳлантирдилар. Аммо хорижийларга бу нарсалар таъсир қилмади. Улар сулҳни истамай, бир-бирларини жангга ҳозирлик кўришга тарғиб қила бошлашди.
Хорижийлар биринчи бўлиб уруш бошлашди. Урушда уларнинг деярли барчалари қирилиб битди. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг одамларидан етти киши шаҳид бўлди, холос.
Хорижийлардан жуда камчилик одам қутулиб қолди. Ушбу жангнинг натижалари жуда ҳам хатарли бўлди. Ўлмай қолган оз сонли хорижийлар ҳар тарафга тарқалиб кетишди: улардан иккитаси Умонга, иккитаси Кирмонга, иккитаси Сижистонга, иккитаси Арабистон яриморолига ва биттаси Яманга қочиб кетди. Улар борган жойларида ўз жамоаларини туза бошлашди.
Мисрдаги қўзғалон
Юқорида бўлиб ўтган ишлар Шом аҳлига шижоат бағишлади. Улар байъат қилмасликда яна ҳам бардавом бўлдилар ва ўз ишларини кенгайтирдилар. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Миср томон юрди ва у ерни эгаллаб олди. Ҳижрий 38, милодий 658 йилдан бошлаб ўша ерда ўз ҳукмини ўрнатди. Шу тариқа Муовиянинг ҳукмронлиги кенгая бошлади. Муовия ибн Абу Суфён Мадинаи мунавварани, Маккани, Яманни ҳам эгаллаб олди. Лекин ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг аскарлари у жойларни қайтариб олишди. Шу орада ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўлдирилдилар.
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди